ЎзА Ўзбек

28.08.2018 17:40 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Эрон Адлия вазирликлари ҳамкорлик меморандуми имзолади

Ўзбекистон ва Эрон Адлия вазирликлари ҳамкорлик меморандуми имзолади Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетовнинг Қирғизистоннинг Чўпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар адлия вазирларининг олтинчи мажлисидаги иштироки доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Меморандумдан кўзланган мақсад – халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва нормаларига мувофиқ ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашишдан иборат.

Меморандумга мувофиқ, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликларини ҳимоя қилиш, норма ижодкорлиги, юридик хизматлар кўрсатиш, юридик кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ва ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда ҳамкорлик амалга оширилади.

Шунингдек, Меморандумда конференция, семинар, лекция ва амалий машғулотлар ўтказиш, қонунчилик ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш амалиёти, шунингдек, юридик адабиётлар ва бошқа нашрлар бўйича ахборот алмашиш, томонлар адлия органлари ва муассасалари фаолияти билан яқинроқ танишиш мақсадида делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма тадқиқотларни ташкил қилиш ва ўтказиш, Томонлар билан келишилган бошқа тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, имзоланган ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади ва икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқий соҳада самарали ҳамкорлик учун ҳуқуқий замин яратади.

ЎзА
3 015