ЎзА Ўзбек

26.07.2018 21:26 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Беларусь товар биржалари АКТ соҳасида ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда

“Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти мутахассислари Минск шаҳридаги “Беларусь универсал товар биржаси” очиқ акциядорлик жамиятида ишчи ташриф билан бўлди.

Ташриф доирасида юртимиз мутахассислари томонидан биржа фаолиятининг асосий йўналишлари, савдоларда иштирок этиш тартиби, биржа келишувлари бўйича ҳисоб-китоб ва мажбуриятлар ижросини назорат қилиш механизми атрофлича ўрганилди. Арбитраж комиссия иши, савдоларда биржа брокерлари орқали иштирок этиш ва нархларни асоссиз манипуляция қилишни бартараф этиш бўйича қўлланилаётган чоралар билан ҳам танишилди.

“Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ахборот хавфсизлиги бўлими бошлиғи Х.Ирназаровнинг айтишича, биржа савдоларини ўтказишнинг электрон шакли биржалар олдига жиддий техник ва технологик талаблар қўяди. Бу жараёнда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, харид ва сотиш учун келиб тушадиган кўплаб талабномаларни бир вақтнинг ўзида қайта ишлашда савдо тизимининг ўтказувчанлик қобилияти катта, дастурий таъминоти эса максимал даражада оптималлашган бўлиши лозим. “Беларусь универсал товар биржаси” ОАЖ томонидан ишлаб чиқилган дастурий ечимлар зарур даражадаги ишончлилик, ошкоралик ва хавфсизликни таъминлаган ҳолда, ўз вазифаларини маваффақиятли амалга оширмоқда. “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖда ҳам ушбу масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу боис Беларусь биржа мутахассислари билан тажриба ва технологиялар алмашинуви ҳар икки мамлакат электрон савдо майдончалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Учрашув якунида соҳага янги АКТларни жорий этиш ва биржа фаолиятини амалга оширишда киберхавфсизликни кучайтириш масалалари бўйича ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олинди.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 641