ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва БАА кўп қиррали ҳамкорликни давом эттиради

Ўзбекистон ва БАА кўп қиррали ҳамкорликни давом эттиради

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдулла ал-Гергави видеоконференция шаклида музокара ўтказишди.

Мулоқот давомида мамлакатимизда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури доирасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бориши муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва БАА тегишли вазирлик, идораларининг мувофиқлаштирилган ва тизимли иши натижасида ўзаро ҳамкорликнинг барча - 22 йўналиши бўйича эришилган сезиларли ютуқлар қайд этилди.

Ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб ушбу дастур доирасида 76 тадбир, жумладан, умумий давомийлиги 33 994 соатни ташкил этган Ўзбекистон вазирлик, идоралари раҳбарлари ва ходимлари учун 59 та ихтисослаштирилган тренинг ўтказилди. Шу билан бирга, машғулотлар доирасида ўқитилган давлат хизматчилари сони 2094 кишини ташкил этди. Жорий йилнинг охиригача яна 71 тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

Шу нуқтаи назардан, молия, савдо, туризм ва бизнес-инкубаторларни ривожлантириш соҳалари қамраб олинган ҳолда икки томонлама ҳамкорлик дастурини кенгайтириш истиқболи кўриб чиқилди. Шунингдек, БАА томони 100 минг долларлик мукофот жамғармасига ҳомийлик қилаётган энг яхши давлат мобил иловани ишлаб чиқиш бўйича “mGovAward” танлови финал босқичини ўтказиш ва “Бир миллион дастурчи” дастурини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. 

Ушбу дастур “Dubai Future Foundation” БАА жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа иштирокчилари сони 6 мингдан ошган. БАА томонига ҳукумат қарорига мувофиқ республика мактаблари ва олий ўқув юртлари таълим дастурларига дастурлаш асосларини ўқитиш йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Музокараларнинг кун тартибида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш билан боғлиқ долзарб масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Видеоконференция натижасида томонлар мавжуд келишувларни амалга оширишни жадаллаштиришга содиқлик, шунингдек ўзаро ҳамкорлик ва долзарб масалаларни тезкор ҳал этиш учун турли даражадаги икки томонлама онлайн-музокаралар амалиётини янада фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди.

1 270
ЎзА