ЎзА Ўзбек

18.07.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Афғонистон ўз маҳсулотларини биргаликда намойиш этмоқда

Ўзбекистон ва Афғонистон ўз маҳсулотларини биргаликда намойиш этмоқда

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида 16-18 июль кунлари Ўзбекистон ва Афғонистон маҳсулотларининг ихтисослаштирилган кўргазмаси ташкил этилди.

Ушбу кўргазма икки мамлакатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти билан яқиндан танишиш, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларида амалга ошириш мумкин бўлган қўшма лойиҳалар бўйича мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, халқларимизнинг бой маданий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилди.

Ундаги кичик бизнес, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, металлургия, қурилиш каби ўнга яқин бўлимларда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг электроника, енгил саноат, транспорт, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари, енгил саноат, мебелсозлик, ҳунармандлик каби тармоқларда эришган ютуқлари намойиш этилди.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Афғонистон саноат ва савдо вазири А.Аҳмадий сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Тадбир яқинда Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси”нинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилди. У қўшни давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичда давом эттиришда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонга оид миллий стенддан мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот ва полиз экинлари, гиламдўзлик, кулоллик, каштачилик сингари миллий ҳунармандлик маҳсулотлари, маиший техника воситалари ўрин олди. Афғонистонлик ҳамкорлар павильонларида ушбу мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, 60 дан зиёд кичик бизнес субъекти вакиллари ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Кўргазма кунлари мамлакатимиз ишбилармон доиралари афғонистонлик тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорликка оид қатор музокаралар ўтказди, истиқболли шериклик бўйича фойдали келишувларга эришди.

5 127
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА