Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 16:24 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Қуролли Кучлари: матонатли ёшларнинг ҳаёт мактаби

Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида “Ўзбекистон Қуролли Кучлари: матонатли ёшларнинг ҳаёт мактаби” шиори остида ташкил этилган мулоқотда Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия вакиллари, ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчилари ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мудофаа тизимининг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ва офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугун Қуролли Кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш жараёни бошланган.

Хусусан, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Миллий гвардия барпо этилди, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил этилди. Мудофаа доктринаси янгидан қабул қилинмоқда, армиямиз янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминланмоқда.

Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Уларни уй-жой билан таъминлаш, фарзандларининг сифатли ва замонавий билим олишлари учун барча шарт-шароитни яратиш, соҳа фахрийларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу жараёнда ватанпарвар ёшларни тарбиялаш ғоят муҳим аҳамият касб этади. 2017 йилнинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзолангани бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда. Мазкур меморандумга кўра, Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисм ва таълим муассасаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич тузилмалари иш бошлади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари ҳузурида “Жасорат” клуби ташкил этилди.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги қарорига кўра, ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг Ёшлар иттифоқи тавсияси билан олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз, грант асосида ўқишга кириш тизими йўлга қўйилди. Ҳарбий мактабларга “Темурбеклар мактаби” деб ном берилди. “Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилди. Эндиликда бу юксак мукофот ёшларимизни буюк аждодларимизга муносиб тарзда мардлик ва жасорат, қатъиятлилик, ҳалоллик, ватанпарварлик каби фазилатларга чорлаб туради.

Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари “Куч – адолатда” тамойилига амал қилиши, шу маънода, мамлакатимиз минтақада хавфсизликни таъминлашнинг ишончли кафолати экани таъкидланди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
3 592