ЎзА Ўзбек

25.07.2018 21:03 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида «Ёш китобхон» танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди

Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида «Ёш китобхон» танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди
Бугун, 25 июль куни Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги ПҚ-3721-сон «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб килиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳарбий қисмлардаги оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибига мансуб шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар ҳамда муддатли харбий хизматчилар ўртасида «Энг яхши ёш китобхон» танловининг дастлабки босқичи ўтказилмоқда.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мудофаа вазири китобхонлик танловини юқори савияда ташкиллаштириш учун ҳар бир ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларни танлаб олиш тўғрисидаги буйруқни имзолаган бўлиб, унга кўра ғолиблар 3 босқич асосида, яъни ҳарбий қисм, ҳарбий округ ҳамда вазирлик миқёсида аниқланади.

«Ўзбек адабиёти» ва «Жаҳон адабиёти» йўналишлари бўйича Тошкентдаги ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган бугунги мусобақада оддий аскар Бобур Абудалимов биринчиликни қўлга киритди. Ундан кейинги поғона оддий аскар Ботиржон Рўзиевга, учинчи ўрин эса оддий аскар Камрон Алимжоновга насиб этди ва улар мусобақанинг кейинг босқичида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди.

Танлов учун ҳар бир ҳарбий қисмдан оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибига мансуб шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар ҳамда муддатли ҳарбий хизматчилардан, шунингдек, «Темурбеклар мактаби» ўқувчиларидан 10 нафар иштирокчилар иштироки таъминланган.

«Энг яхши ёш китобхон» танлови ҳарбийлар ўртасида китоб ўқиш маданиятини шакллантириш, ақлан баркамол ёш ҳарбийларни камол топтириш, уларга миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизни сингдириб бориш ва кутубохналарга кўпроқ жалб қилиш мақсадида ўтказилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, Оқил Ғуломов олган (сурат) ЎзА
3 435