ЎзА Ўзбек

16.02.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон университетларининг миллий рейтинг методологияси THE халқаро рейтинг агентлиги томонидан тан олинди

Ўзбекистон университетларининг миллий рейтинг методологияси THE халқаро рейтинг агентлиги томонидан тан олинди


“Ўзбекистон Олий таълим муассасаларининг миллий рейтинги методологияси кўрсаткичлари халқаро талаблар асосида шакллантирилган бўлиб, мазкур ёндашув республика ОТМларининг бутун дунё илмий-фан фазоси билан интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади” Егор Яблоков, Times Higher Eduсation халқаро агентлигининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича директори.

Маълумки, 2018 йилнинг 1 августида Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан илк бор Республика Олий таълим муассасаларининг миллий рейтинги расман эълон қилинган эди. Унда ОТМлар фаолиятининг деярли барча йўналишлари бўйича кўрсаткичлар инобатга олинган. Хусусан мазкур рейтинг тизимида асосий урғу университетларнинг илмий салоҳияти, академик репутация натижаларига қаратилган.

photo5420096299618904971.jpg

Мазкур методологияни ишлаб чиқишда инспекция жамоаси томонидан жаҳоннинг энг нуфузли рейтинг агентликлари тажрибалари ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинган эди. Шунингдек, жорий этилган рейтинг методологияси бўйича Elsevier нашриёт уйининг регионал директори Алия Оспанованинг Ўзбекистонда ОТМларининг илмий тадқиқот йўналишдаги кўрсаткичларини ошириши бўйича бир қанча учрашувлар, QS халқаро рейтинг агентлигининг Россия ва Марказий Осиё бўйича директори Зоя Заицева иштирокидаги семинарлар ташкил этилганлиги шулар жумласидан.

Бу каби самарали ишларнинг изчил давоми сифатида 2019 йил 15 февраль куни Давлат инспекциясида THE агентлигининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Егор Яблоков билан навбатдаги расмий учрашув ташкил қилинди.

Учрашувдан асосий мақсад, Миллий рейтинг тизимида қўлланилган методология ва индикаторлар минтақавий директор томонидан таҳлил қилиб чиқилганлиги ва таҳлил натижалари ижобий, деб топилиб, THE томонидан расман тан олинганлигидир.

Шунингдек учрашувда THE вакили Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни ва айниқса таълим тизимига ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлигини алоҳида эътироф этган холда, бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ривожланишга интилаётган энг илғор мамлакатлардан бири эканлигини таъкидлади. Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўзаро фикр алмашинувлар асосида кечди. Унда Давлат инспекцияси билан агентлик ўртасида келгусида амалга ошириладиган кўплаб ҳамкорлик йўналишлари ҳақида келишиб олинди. Жумладан, Ўзбекистон миллий рейтинг тизими методологиясини THE билан ҳамкорликда такомиллаштириш, зарур таклиф ва тавсиялар бериш, THE агентлиги томонидан ҳар йили ўтказиладиган саммит аъзолигига Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вакилларининг иштирокини таъминлаш, Миллий ОТМларини глобал рейтинг тизимларидан ўрин олишига кўмаклашувчи амалий чоралар ишлаб чиқиш ва бошқа кўплаб ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Times Higher Eduсation халқаро рейтинг агентлиги 2004 йилдан бошлаб дунё университетлари рейтинги билан шуғулланиб келмоқда. Ҳозирда рейтингда жами 1258 та университет иштирок этган бўлиб, унда Россия Федерациясидан 35 та, қўшни Қозоғистон Республикасидан жами 2 та ОТМ ўрин эгаллаган. Шунингдек, ушбу нуфузли ташкилот дунё университетларининг рейтингини тузишдан ташқари ҳар йили таълим соҳасида бошқарув фаолиятини ривожлантириш бўйича халқаро саммитлар, ОТМлар фаолиятини яхшилаш бўйича методикалар ишлаб чиқиш бўйича ҳам етакчилик қилиб келмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси

Матбуот хизмати


4 840
ЎзА