Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 21:08 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Тожикистон: ўзаро ишонч ва маданий ҳамкорлик янада мустаҳкамланади

Ўзбекистон – Тожикистон: ўзаро ишонч ва маданий ҳамкорлик янада мустаҳкамланади
Ўзбекистон билан Тожикистонни умумий тарих, муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб туради. Икки тилда сўзлашувчи бир халқ дея аталадиган ўзбеклар ва тожиклар азалдан қон-қардош бўлиб яшаб келган, бир дарёдан сув ичган, борди-келди қилган.

Бугун ҳам яхши қўшнилик ва ўзаро ҳурмат анъаналари мамлакатларимизнинг барча соҳалардаги ҳамкорлиги учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Тошкент шаҳрида 2 август куни Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода бошчилигидаги ушбу мамлакат дўстлик делегацияси ташрифи доирасида ташкил этилган "Ўзбекистон – Тожикистон: маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболлари" мавзуидаги давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди. 

Тадбирда икки мамлакат парламенти депутатлари, вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, маданият, таълим соҳаси вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига ва меҳмонларга йўллаган эзгу тилакларини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов етказди. 

Таъкидланганидек, сўнгги икки йил ичида ўзаро алоқаларда ижобий руҳ кузатилмоқда. Бунда давлатларимиз раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқотлари, ушбу учрашувлар чоғида эришилган келишувлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки қардош халқ манфаатларидан келиб чиқиб, барча соҳалардаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. 

Бу борадаги ҳамкорлик алоқалари тадбир доирасида намойиш этилган "Ягона осмон остида" ҳужжатли фильмида ҳам ўз аксини топди. 

Ўтган йили мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида авиаташувлар, темир йўл қатнови тикланди. Самарқанд – Панжикент оралиғида халқаро автомобиль йўли очилди, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари фаолияти қайта йўлга қўйилди. 

Сўнгги бир ярим йил Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармон доиралар учун ҳам самарали бўлди. Тошкент ва Душанбе ўртасида савдо битимлари ва шартномаларни тузиш, ўзаро алоқаларни кенгайтириш имконини берган миллий маҳсулотлар кўргазмалари ва бизнес-форумлар ташкил этилди. Бу каби савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини бераётган юқори савиядаги тадбирлар икки томон учун бирдек манфаатли кечмоқда. 

– Давлатларимиз раҳбарларининг интилишлари туфайли ривож топаётган муносабатлар мамлакатларимизнинг халқаро майдондаги салоҳиятини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, халқларимиз фаровонлигини ошириш имконини бермоқда, – деди Тожикистон Республикаси парламенти депутати Мирали Дўстизода. – Тожикистон дўстлик делегациясининг ташрифи доирасида ташкил этилаётган юқори савиядаги мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасида барча соҳадаги муносабатларни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича мамлакатларимизнинг қатъий азму шижоатини намойиш этмоқда. 

Давра суҳбати иштирокчилари ўзбек ва тожик халқларининг ўхшаш урф-одат ва санъати мамлакатларимиз ўртасида маданий мулоқот шаклларини топиш, ютуқлар билан алмашишга доим имкон берганини алоҳида қайд этди. Ўтган йили Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ва Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Бу маданий-гуманитар ҳамкорликни янги босқичга кўтаришдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. 

Анжуманда ижтимоий соҳадаги ҳамкорлик борасида фикр алмашилди. Қайд этилганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистон билан Тожикистоннинг илмий муассасалари, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, ижодий жамоалари ўртасида алоқалар фаоллашди. Хотин-қизлар ташкилотлари, касаба уюшмалари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорликка қаратилган муносабатларни ривожлантирмоқда. Тадбирда мавжуд салоҳиятдан келиб чиқиб, таълим, ишлаб чиқариш, илм-фандаги ютуқлар ва тажрибаларни алмашиш бўйича мулоқотларни жадал йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил баҳорда Тожикистонга давлат ташрифи доирасида қатор тарихий ҳужжатлар имзоланди, – дейди тожикистонлик олима Лутфия Ражабова. – Ушбу ҳужжатларда халқларимизнинг асрий орзу-интилишлари, азму шижоати акс этган, десам муболаға бўлмайди. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси сабаб чегаралар очилди, борди-келдилар тикланди, тўй-тантаналар яна бирга ўта бошлади. Тожикистон дўстлик делегациясининг ушбу ташрифи янгиланган муносабатларимизнинг яна бир ифодасидир. Халқларимиз ўртасида бундай дўстона борди-келдилар бардавом бўлаверсин. 

Тадбирда Тожикистон фуқароларининг Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз сафарда бўлишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаган битимнинг Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан тасдиқлангани юқори баҳоланди. 

– Мамлакатларимизнинг бой маданияти, миллий ҳунармандчилиги, тарихий шаҳарлари, сўлим табиати доим сайёҳлар эътиборида бўлган, – деди Тожикистон Республикаси Туризмни ривожлантириш бўйича қўмита раисининг ўринбосари Ширин Амонзода. – Тошкент ва Душанбе ўртасида авиаташувлар тикланиши мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлар алмашуви, соҳада ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишга замин яратмоқда. Визасиз тартиб жорий қилиниши натижасида Тожикистонга келган ўзбекистонлик сайёҳлар сони жорий йил 6 ойида 387 мингдан зиёдни ташкил қилди. Тожикистон фуқаролари ҳам Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, юртингизнинг бой тарихи билан танишиш имконига эга бўлмоқда. 

Тадбир сўнггида илм-фан соҳасидаги алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш тизимида йўлга қўйилган тажриба алмашинувлари янада ривожлантириш бўйича дастурларни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди. 

Шу куни Тожикистон делегацияси ташрифи муносабати билан Халқаро пресс-клубда "Ўзбекистон – Тожикистон: давлатлараро ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва умумий манфаатлар" мавзуида тадбир ташкил этилди. 

Икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, илмий доира вакиллари, адабиёт, санъат ва маданият намояндалари иштирок этган тадбирда халқларимизнинг кўп асрлик тарихий-маданий алоқалари мазкур соҳаларда ривож топаётган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги даври ҳақида сўз юритилди. 

Анжуманда соҳа мутахассислари журналистларнинг келгусидаги ҳамкорлик истиқболларига оид саволларига жавоб қайтарди. 

Меҳмонлар Ўзбекистон Фанлар академияси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб, улар фаолияти, яратилган шароитлар билан ҳам танишди. Икки мамлакат илмий ва академик доиралари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА