ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Тожикистон: ижро хизмати соҳасидаги ҳамкорлик

Ўзбекистон – Тожикистон: ижро хизмати соҳасидаги ҳамкорлик

Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Ижро хизмати бошлиғи Илёс Идрисзода бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тизимида қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Ижро хизмати ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, шунингдек, икки давлат мажбурий ижро хизматлари фаолиятидаги устувор йўналишларни белгилаб олиш, истиқболли ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Халқларимизнинг тарихи бир, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда ўзаро иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар жадал ривожланмоқда. Ҳамкорликнинг жорий ҳолатида Ўзбекистон ва Тожикистон манфаатларига хизмат қиладиган турли идоралараро фойдали мулоқотни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Тожикистон делегациясининг бу галги ташрифи доирасида Бош прокуратура, Бош прокуратура Академияси ҳамда Мажбурий ижро бюросида қатор учрашувлар, семинарлар, тақдимотлар, ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилувчи қизғин суҳбат ва музокаралар бўлиб ўтди.

– Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Ижро хизмати тузилганига бир йил бўлди, – деди Илёс Идрисзода. – Унинг фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон тажрибасини ўрганишни ният қилганмиз. Саъй-ҳаракатларимиз суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлашда юқори самарадорликка эришишга қаратилган.

photo5418378823801613349.jpg

Дастлаб Бош прокуратурада Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Ижро хизмати вакиллари ва Мажбурий ижро бюроси раҳбарлари ўртасида музокаралар ўтказилди. Икки ташкилот ўртасида англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳужжатда маълумот ва тажриба алмашиш, ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, суд қарорлари ижросини таъминлаш каби муҳим ва долзарб масалалар юзасидан бевосита маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш назарда тутилган.

Мажбурий ижро бюроси фаолияти, суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросига доир Ўзбекистон тажрибасига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Тожикистон делегацияси аъзоларига мамлакатимизда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликни ундириш бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими, электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериш механизми ва бошқа янгиликлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

photo5418378823801613350.jpg

Ўз навбатида, Тожикистон Республикаси Ижро хизмати томонидан эришилаётган натижалар эътироф этилди. Идоралараро ҳамкорлик амалий хусусиятга эга экани таъкидланиб, имзоланган меморандум доирасида келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди.

Бош Прокуратура Академиясида меҳмонлар мамлакатимизда соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди. Мазкур муассасада таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлиги, фаолият самарадорлигини таъминлаш мақсадида ўқув жараёнига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, хорижий ҳамкорлар билан фаол тажриба алмашиш устувор йўналишлар сифатида белгилангани қайд этилди. 

Тожикистон делегацияси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “Е-IJRO AUKSION” электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш марказига ҳам ташриф буюрди.

Бугунги кунда бюро органлари олдида турган долзарб масалалардан бири хорижий давлатларнинг ваколатли идоралари билан алоқа ўрнатиш ва суд қарори ижроси соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини таъминлаш ҳисобланади. Шунга мувофиқ, хорижий давлатлар ижро органлари ҳамда ваколатли халқаро ташкилотлар билан икки томонлама муносабатларни йўлга қўйиш, ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича самарали ҳамкорлик қилиш, шунингдек, хорижий давлатлар ҳудудидаги қарздорлар, уларнинг мол-мулки ва даромад манбаларини қидириб топиш масалалари бўйича ҳамкорликда истиқболли режаларни амалга оширишга келишиб олинди.

823
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА