ЎзА Ўзбек

12.01.2019 17:57 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – тинчлик ва бағрикенглик ватани​​

Ўзбекистон – тинчлик ва бағрикенглик ватани​​

...Ҳирот шаҳридаги Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий мақбараларига мина қўйилгани ҳақида хабар топдик. Гўё бу мақбараларни биз портлатамиз-у афғон халқининг нафратига учраймиз. Чучварани хом санаганлар ўз мақсадига етмади. Офицер сифатида тезкор гуруҳга миналарни зарарсизлантириш бўйича кўрсатма бердим. 

Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси раиси Талъат Муродов шуларни сўзлаб бераркан, чуқур ўйга толди. Ватандан олисда қон кечиб жанг қилиш, қаватида ёв томон олға бораётган дўстларининг ҳалок бўлганини кўриш ва бот-бот эслаб туриш қанчалар оғир.

– Биласизми, уруш кўрган одам ҳеч қачон қирғинбарот бўлишини истамайди, – гапида давом этди суҳбатдошимиз. – Чунки уруш фақат кулфат олиб келади. Биргина мисол, Афғон урушида 65 минг нафар ўзбек қатнашган. Шундан 1500 дан кўп киши ҳалок бўлган. Улар орасида 18-19 ёшли орзулари осмон ўғлонларимиз бор эди. Мардларча ҳалок бўлганларнинг пок номини асраш, урушдан турли жароҳат олиб қайтганлар ҳамда уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилган. Бугунги кунда у ўз фаолиятини кенгайтириб бормоқда.

– Бирлашманинг асосий мақсади нималардан иборат?

– Бирлашмамиз Афғонистон ҳамда бошқа чегараланган ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган, Ўзбекистон жангчи-фахрийлари, уруш ногиронлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этади. Жангчи-фахрийларни ишга жойлаштириш, уй-жой муаммосини ҳал қилиш билан боғлиқ мақсадли дастурларни амалга оширади. Ёш авлодни ҳарбий хизматга тайёрлашда кўмаклашади. Бундан ташқари, бирлашма жангчи-фахрийлар ва уруш ногиронларидаги жароҳатлар билан боғлиқ руҳий ўзгаришларни бартараф этувчи турли тиклаш марказларини ташкил этиш, уни ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб олган.

– 14 январь – Ватан ҳимоячилари байрами ва бирлашманинг 25 йиллиги қандай кутиб олинмоқда?

– Бирлашмамиз томонидан мамлакатимиз миқёсида “Ватанпарвар фидойилари” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик акциялари ўтказилмоқда.

Акциялар ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, жангчи-фахрийларнинг жасоратини шарафлаш ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган.

Маблағлар жанговар ҳарбий ҳаракатларда, мамлакатимиз мустақиллигини ҳимоя қилишда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг қабрларини, ёдгорликларни ободонлаштиришга, уларнинг аъзоларига моддий ёрдам кўрсатишга сарфланади.

Акция доирасида жангчи-фахрийлар ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари истиқомат қилаётган уй дарвозасига “Бу ерда уруш фахрийси, байналмилал жангчи яшайди” ва “Бу ерда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оиласи яшайди” пешлавҳаларини тайёрлаш ҳамда ўрнатиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда бизга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари яқиндан ёрдам бермоқда.

Транспортлар бепул

“Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси вакиллари ҳудудлардаги шаҳар автотранспорти ва таксопарк раҳбарлари билан келишилган ҳолда, 2019 йил 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва 15 февраль – қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилганига 30 йил тўлиши муносабати билан жангчи-фахрий ва уруш ногиронларига жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқи бериладиган бўлди. 

Ўзбекистон – тинчликпарварлар Ватани

Бирлашмамиз ташкил этилганининг 25 йиллигига тайёргарлик кўраяпмиз. Февраль ойи бошида бирлашманинг қўшма йиғилиши ўтказилади. Унда турли давлатлардан Афғон уруши қатнашчилари, фахрий меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда. Қўшинлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилганида турли миллатга мансуб ҳарбийлар биринчи тинч ва осойишта Ўзбекистон заминига қадам қўйган ҳамда тупроғини ўпган. Шу боис, қайси давлатдан бўлишидан қатъий назар, барча жангчи-фахрийлар Ўзбекистонни "Тинчлик ва бағрикенглик Ватани" деб билади. Чунки ўшанда халқимиз уларни қучоқ очиб кутиб олган. Шунинг учун улар юртимизга яна келишмоқда.

Тадбирлар доирасида Афғон урушида ишлатилган ҳарбий аслаҳалар, турли буюмлар кўргазмаси ҳам ташкил этилади.

Суҳбатдошимизнинг қайд этишича, Мустақиллик майдонидаги Хотира китобларига Афғон урушида қатнашган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузуми ва мустақиллигини ҳимоялашда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг исмлари ҳам зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда.

Хуршид Қодиров​, ЎзА
4 290