ЎзА Ўзбек

13.07.2018 11:14 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон тиббиётидаги нефрология ва гемодиализ хизмати қониқарли аҳволдами?

Ўзбекистон тиббиётидаги нефрология ва гемодиализ хизмати қониқарли аҳволдами?
Кейинги йилларда мамлакатда нефрологик касалликларга чалинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини сифат жиҳатидан яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Бир қатор тиббиёт муассасаларида беморлар умрининг анча узайишини ва уларнинг турмуш сифати ошишини таъминлайдиган гемодиализ бўлинмалари фаолият кўрсатмоқда.

Гемодиализ – буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, муҳтож беморлар ҳаётини сақлайди. Бугунги кунда республикамизда бу хизмат йўлга қўйилган, барча минтақаларда ҳамда заруратдан келиб чиқиб, республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида гемодиализ ускуналари ўрнатилган ва гемодиализ хизмати ташкил этилган. 

Аммо таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, гемодиализ ёрдамига муҳтож бўлган беморларга тўлиқ тиббий хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилаётган бир қанча ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.

Тиббиёт муассасаларида гемодиализ олиш учун ўринларнинг умумий сони реал эҳтиёждан бир неча баравар кам, гемодиализ бўлинмаларининг ярмидан ортиғи мослаштирилмаган хоналарда жойлашган, кўпгина гемодиализ машиналарининг белгиланган фойдаланиш муддати ўтиб кетган.

Аҳолига юқори малакали нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш, шунингдек, буйракларни трансплантация қилиш бўйича минтақавий бўлинмаларга эга бўлган ихтисослаштирилган тиббиёт марказини ташкил этишга эҳтиёж мавжуд.

Терминал ва ўткир буйрак етишмовчилигига дучор бўлган беморларни даволашнинг ягона стандартлари ва протоколлари жорий этилмаган, шунингдек, нефрологик касалликларнинг барвақт олдини олиш, уларга ўз вақтида ташхис қўйишнинг самарали тизими, беморларни танлаш ва гемодиализга юбориш тартиб-таомиллари йўлга қўйилмаган.

Нефролог мутахассислар, гемодиализ шифокорлар ва гемодиализ бўлинмаларининг бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича ягона дастур мавжуд эмаслиги сабабли шифокор-нефрологлар ва гемодиализ бўйича мутахассислар кескин етишмаяпти.

Нефрологик касалликларни даволашнинг замонавий тиббий инфратузилмасини яратиш ва ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишда давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланилмаяпти.

Гемодиализ тиббиёт ускуналари ва сарфлаш материалларини олиб кириш ва сотиб олишни рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш ва рухсатнома олишнинг мураккаб ва шаффоф бўлмаган тартиб-таомиллари амал қилмоқда, бу бозорга киришни ва уларни ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатни чекламоқда.

Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур муаммоларни ҳал этишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

ЎзА
5 485