ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон таълим мамлакатига айланади

Ўзбекистон таълим мамлакатига айланади

Давр нафаси 

Юртдошларимиз ниҳоятда муҳим бир сиёсий воқеликни интиқлик билан кутмоқда. Бу – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси.

Биз олий таълим вакиллари ҳам ушбу Мурожаатномадан ўз соҳамиз тараққиёти билан боғлиқ кўп нарсалар кутмоқдамиз.

Муайян бир жабҳанинг тараққиёти ўша соҳа мутахассисларининг уқуви, малакаси, дунёдаги шу йўналишнинг ривожланиш тенденцияларини қанчалик ўзлаштиргани билан белгиланади. Юртимиз олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг бош вазифаси эса ана шундай кўникмаларга эга касби комил мутахассисларни етиштириб беришдан иборат. Маълумки, олий таълим мамлакатнинг бошқа жабҳалари тараққиёти учун локомотив вазифасини ўтайди. Шу жиҳатдан, замонавий давр талабларига мос келувчи кадрларни тайёрлаш иши Мурожаатноманинг асосий масалаларидан бири бўлади, деб ўйлаймиз.

Ўтган аср таълим тизимида кенг тарқалган, ўз хизматини ўтаб бўлган ўқитиш ва мутахассис тайёрлашнинг анъанавий шаклларидан, муайян қолиплар асосида дарс ўтишдан ҳозирга қадар воз кечилгани йўқ. Дунёда таълим соҳасида кечаётган туб ўзгаришлар, кадрлар тайёрлашнинг эгилувчанлиги, жамиятнинг келажак тараққиётига мослашувчанлиги, етиштирилаётган мутахассисларнинг қўш ихтисослилиги ва таълимнинг халқаролашуви сингари замонавий таълим жараёнлари ҳисобга олинмаяпти. Замонавий мутахассис моделини шакллантириш жараёнида кишилик тараққиётининг камида 20-30 йилдан кейинги ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олиш, давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари шунга қараб тайёрланишга ҳам эътибор қаратилади, деган умиддамиз.

Бундан ташқари, таълим тизимида хорижий тажриба ҳақида кўп гапирилмоқда. Дунёнинг илғор таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда натижа келтираётган тизимни жорий этиш бўйича ҳам ҳар бир олий таълим муассасаси олдига кечиктириб бўлмас вазифалар юкланган. Бироқ бу йўналишда ҳам олиб бораётган ишларимиз шошма-шошарлик, компаниябозлик устига қурилмоқда. Бу масалада ҳам тизимли ва комплекс ёндашув йўқ. Бу масалалар ҳам ушбу муҳим ҳужжатда ўз ифодасини топиб, юртимизда энг замонавий таълим тизимини жорий этишдек эзгу ишлар янада такомиллаштирилади.

Қудратилла ОМОНОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик
институти профессори,
филология фанлари доктори.

1 986
ЎзА