ЎзА Ўзбек

13.07.2018 22:14 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Швейцария: фаол босқичга ўтаётган иқтисодий ҳамкорлик

Ўзбекистон – Швейцария: фаол босқичга ўтаётган иқтисодий ҳамкорлик
Мамлакатимизга ташриф буюрган Швейцария федерал иқтисодиёт, таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Йоҳанн Шнайдер-Амманн бошчилигидаги делегация аъзолари 13 июль куни пойтахтимизда ташкил этилган Ўзбекистон – Швейцария бизнес форумида тегишли вазирликлар, қўмиталар, Савдо-саноат палатаси, банк-молия институтлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари, ишбилармонлар билан мулоқотда бўлди.

Бу йил Ўзбекистон билан Швейцария ўртасида иқтисодий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганига чорак аср тўлди. Ўтган муддат давомида мамлакатимизда Швейцария ҳукумати билан биргаликда 33 лойиҳа амалга оширилди. Айни вақтда ушбу давлат инвестицияси иштирокида иқтисодиёт, молия, таълим ва банк тизимида, тадбиркорлик, ходимлар малакасини ошириш ва сув таъминоти соҳаларида 7 қўшма лойиҳа амалиётга татбиқ этилмоқда. Юртимизда швейцариялик инвесторлар иштирокида тузилган 84 қўшма корхона фаолият юритмоқда, уларнинг 29 таси 100 фоиз чет эл сармояси асосида ташкил этилган. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси йилига ўртача 200 миллион долларни ташкил этмоқда.

2 (1).jpg

Бизнес форум очилишида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев, Швейцария федерал иқтисодиёт, таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Йоҳанн Шнайдер-Амманн шулар ҳақида сўз юритиб, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёв бошчилигида сиёсий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий ва банк-молия соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида хорижий сармоядорлар учун янада қулай муҳит яратилганини алоҳида таъкидлади.

Бизнес форумда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер ҳам иштирок этди. У сўнгги 18 ойда Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати янада эркинлашгани, хусусан, банк-молия, солиқ тизимидаги ўзгаришлар, эркин конвертациянинг йўлга қўйилгани мамлакат иқтисодий имиджини оширганини қайд этди.

– 2015 йилда Жаҳон банки рейтингида қулай бизнес муҳити бўйича Ўзбекистон 100 ўринни эгаллаган бўлса, бугун бу кўрсаткич 74 га тенглашди, – деди у. – Икки йилда 26 поғона ўсиш жуда яхши кўрсаткич бўлиб, хорижий инвесторларни жалб қилишда муҳим омил бўлади.

Бизнес форум доирасида Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди. Унда Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Л.Қудратов ва бошқалар швейцариялик меҳмонларни юртимиз сармоявий имкониятлари, экспорт, транспорт, логистика ва сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан таништириб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан кўзланган асосий мақсадлар ва унинг йўналишлари, юртимиздаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик индустриал зоналарда қўшма корхоналар ташкил этишнинг афзалликлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

6.jpg

Форумнинг шуъба йиғилишларида Швейцариянинг “ABB Group ABB Switzerland”, “Stadler”, “Bühler AG”, “Swiss Medical Network”, “Rieter Group”, “Economiesuisse”, “Reyl”, “At a Glance”, “Trüb Trading Internetional AG”, “Switzerland Global Enterprise” каби эскпорт, импорт ва инвестицияларга кўмаклашувчи, электротехника, энергетика машинасозлиги ва ахборот технологиялари, темир йўл транспорти, тўқимачилик, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 20 дан зиёд йирик компанияси вакилларига Ўзбекистонда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш таклиф этилди.

– Ўзбекистон пахта толасини қайта ишлаш бўйича кўп асрлик анъаналарга эга, – деди Швейцариянинг тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқарувчи “Rieter Management AG” компанияси вакили Томас Анвандер. – Бугун жаҳон бозорида табиий толалардан тайёрланган буюмларга талаб юқори. Бизнес форумда ўтказилган тақдимотларда Ўзбекистон нафақат пахта толасини етказиб берувчи, балки тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи сифатида ҳам жаҳон бозорида етакчи позицияларни эгаллаш учун юқори имкониятларга эгалигига амин бўлдик. Айни йўналишларда таклиф этилган ивестиция лойиҳалари бизда катта қизиқиш уйғотди.

Бизнес форумда миллий иқтисодиётимизга бевосита дахлдор бўлган яна бир муҳим масала – мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасидаги тайёргарлиги масаласи ҳам эътиборда бўлди. Томонлар бу йўналишдаги тизимли тадбирларда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бундан ташқари, ҳудудий органлар ўртасида бирга ишлаш ва икки томонлама ҳамкорлик ўрнатиш, Швейцариянинг етакчи компаниялари билан тажриба алмашиш, соғлиқни сақлаш, тўқимачилик ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасининг ошириш учун техник кўмак жалб қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида савдо-сотиқ, соғлиқни сақлаш, енгил саноат, банк-молия каби соҳаларда ўзаро ҳамкорликка оид қатор меморандумлар имзоланди.

Малоҳат Ҳусанова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
6 625