ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Шарда университетида бепул ўқиш учун имконият

Ўзбекистон – Шарда университетида бепул ўқиш учун имконият

Ўзбекистон – Шарда университетида “Талабаликка бир қадам” шиори остида аниқ ва табиий фанлар бўйича фан олимпиадалари ўтказилмоқда.

Андижон вилояти ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси ҳамда Шарда университети ҳамкорлигида ўқувчи ёшларнинг билимларини халқаро талаблар доирасида синовдан ўтказиш, Шарда университети фаолиятини тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича ўтказилаётган фан олимпиадасида мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг 9-11 синфларида таҳсил олаётган 2 минг 400 нафар ўқувчиси иштирок этаётир.

8.JPG

Ўтган йили фаолиятини бошлаган Ўзбекистон – Шарда университетида айни кунда ахборот коммуникация технологиялари ҳамда бизнес йўналишларида 16 та ихтисослик бўйича 200 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Бу ерда фаолият юритаётган 20 дан ортиқ ўқитувчи-профессорларнинг қарийб ярми хорижлик мутахассислардир.

– Фан олимпиадаларига қатнашиш истагида ўқувчилар олдиндан онлайн тарзда рўйхатдан ўтказилиб, ҳар бир фан бўйича иштирокчиларнинг рўйхати шакллантирилган, – дейди Ўзбекистон – Шарда университети ректори Анвити Гупта. – Ўқувчилар компьютерда махсус тест саволларига жавоб бериш орқали ўз билимларини синовдан ўтказади. Натижалар эса шу пайтнинг ўзида чиқарилиб, иштирокчиларга маълум қилинади. Бу фан олимпиадасининг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлайди. 

3.JPG

Якуний натижаларга кўра, фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорлари махсус сертификат билан тақдирланади. Тўртта фандан барча синфлар бўйича 1-ўринни қўлга киритган ўқувчилар Ўзбекистон – Шарда университетида бюджет асосида, яъни бепул ўқиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Олимпиадада иккинчи ўринга сазовор бўлган ўқувчилар мазкур университетда ўқишни истаса, шартнома суммасининг 50 фоизи, учинчи ўринни олган ўқувчилар эса шартнома суммасининг 30 фоизи миқдорида имтиёз олиш имконига эга бўлади. 

9.JPG

– Ушбу олимпиада билимларимизни синовдан ўтказиш имконини берди, – дейди Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 1-давлат ихтисослашган мактаб-интернати ўқувчиси Наврўзбек Нуржонов. – Олимпиаданинг тест саволларига тўғри жавоб беришга ҳаракат қилдим. Умумий 76 балл жамғардим. Якуний натижалар эълон қилингач, қандай ўринни эгаллаганим маълум бўлади. Энг муҳими, биз ёшларга мана шундай имкониятлар яратиб берилаётганлигидан хурсандмиз.

Шунингдек, фан олимпиадаси доирасида университетга кириш учун 11-синф ўқувчиларидан кириш имтиҳонлари ҳам олинмоқда. Ўқишга қабул қилишда IELТS сертификатига эга ва ундаги баллар натижаларидан келиб чиқиб, ўқувчилар шартнома тўлов суммасини тўлашда 30 фоиздан 100 фоизгача имтиёзга эга бўлиши белгиланган.

3 095
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА