ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Россия: парламентлараро ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон-Россия: парламентлараро ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева 16 сентябрь куни Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Унда икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда икки мамлакат Президентларининг сиёсий иродаси ва қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар изчил тараққий этмоқда. Бу ҳар икки давлат манфаатларига тўла жавоб бериб, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Россия Давлат думаси делегациясининг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги фаол парламентлараро мулоқотнинг мантиқий давомидир. Жорий йилда юқори даражадаги қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Парламент гуруҳининг алоқалари мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон парламент делегациялари Давлат думаси томонидан ташкил этилаётган халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этмоқда.

Учрашувда халқаро парламентлараро тузилмалар доирасида бундан буён ҳам фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлик билдирилди.

Вячеслав Володин бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов билан ҳам учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида меҳмонга Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қуйи палатанинг қўмита ва фракциялари фаолияти, парламентаризм соҳасидаги янгиликлар тўғрисида сўзлаб берилди.

Россия Федерацияси Давлат думаси билан ҳамкорлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятининг стратегик йўналишларидан биридир. Зеро, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати соҳаларида тажриба алмашиш мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Музокаралар якунида Россия Федерацияси Давлат думаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги делегация аъзолари шу куни пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейини ҳам бориб кўрди. 

13.JPG

14.JPG

16.JPG

24.jpg

27.jpg

30.jpg

4 357
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА