ЎзА Ўзбек

17.01.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо фаолиятининг 2019 йил якунлари

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо фаолиятининг 2019 йил якунлари

2019 йил якунида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмаси 42,2 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 млрд. долларга ўсди (ўсиш суръати – 26,2%).

Хусусан, маҳаллий товарлар ва хизматларнинг хорижий мамлакатларга экспорти 2018 йилга нисбатан 3,9 млрд. долларга ёки 15 фоизга ўсди ва 17,9 млрд. долларни ташкил этди.

Экспортнинг асосий улуши қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо металлардан тайёрланган маҳсулотлар — 5,1 млрд. доллар (умумий экспортдаги улуши 28,5 %), хизматлар — 3,6 млрд. доллар (19,9%), энергия ташувчилар — 2,5 млрд. доллар (14,1%), тўқимачилик маҳсулотлари — 1,6 млрд. доллар (9,1%), озиқ-овқат маҳсулотлари — 1,5 млрд. доллар (8,5%), рангли металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар — 951,3 млн. доллар (5,3%), кимёвий маҳсулотлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар — 876,9 млн. доллар (4,9%), қора металлар ва ундан тайёрланган буюмлар — 349,6 млн. доллар (2%) ҳиссасига тўғри келади.

Таъкидлаш лозимки, 2019 йил давомида 2,700 та янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилиниб, улар ҳисобига 1 млрд. доллардан ортиқ қўшимча экспорт амалга оширилди. Бундан ташқари, 42 та мамлакатлар бозорларига 206 та янги турдаги маҳсулотлар экспорти ўзлаштирилди.

Республика импорт кўрсаткичи ҳисобот даврида 4,8 млрд. долларга ўсиб, 24,3 млрд. долларга етди, бу эса 2018 йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.

Импорт таркибини асосан асбоб-ускуналар — 5,6 млрд. доллар (жами импортдаги улуши 23,1%), транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар — 2,6 млрд. доллар (10,8 %), хизматлар — 2,4. млрд. доллар (10%), қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар — 2,2 млрд. доллар (9,1%), электр жиҳозлари — 1,3 млрд. доллар (5,5%), озиқ-овқат маҳсулотлари — 1,2 млрд. доллар (5,2%), энергия ташувчилар — 928,1 млн. доллар (3,8%), фармацевтика маҳсулотлари — 926,8 млн. доллар (3,8%), ёғоч ва ундан тайёрланган маҳсулотлар — 903,7 млн. доллар (3,7%), кимёвий маҳсулотлар — 843,5 млн. доллар (3,5%), пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар — 811,7 млн. доллар (3,3%) ва бошқалар ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо ҳамкорлари сони ҳисобот даврида 178 тани ташкил этди. Айни пайтда Хитой (7,6 млрд. доллар ёки 18,1%), Россия (6,6 млрд. доллар ёки 15,7%), Қозоғистон (3,3 млрд. доллар ёки 8%), Корея Республикаси (2,7 млрд. доллар ёки 6,5%), Туркия (2,5 млрд. доллар ёки 6%), Германия (980 млн. доллар ёки 2,3%), Қирғизистон (829 млн. доллар ёки 2%), Афғонистон (618 млн. доллар ёки 1,5%) ва АҚШ (596 млн. доллар ёки 1.4%) товар айланмаси бўйича етакчилар ҳисобланадилар.

2019 йил январ-декабр ойларида МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми 12,2 млрд. долларни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпроқдир. Шу нуқтаи назардан Россия (МДҲ мамлакатлари билан умумий савдонинг 54%), Қозоғистон (27%), Қирғизистон (6,7%), Туркманистон (4,4%) асосий савдо шериклар ҳисобланади.

Шунингдек, қўшни давлатлар билан ташқи савдо ҳажми сезиларли даражада ўсиб, 5,8 млрд. долларни ташкил этди (2018 йилга нисбатан 25%га ўсди), бунда экспорт қарийб 3,2 млрд. долларни ва импорт 2,6 млрд. долларни ташкил этди.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатлар орасида 5 та мамлакат — Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон, Эрон ва Франция билан ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилмоқда.

Манба: mift.uz

1 046
ЎзА