ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий судида учрашув

Ўзбекистон Республикаси Олий судида учрашув

Россия Федерацияси Олий суди ҳузуридаги Суд департаменти бош директори ўринбосари Виктор Агеев бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида учрашув бўлиб ўтди.

Олий суд раиси Козимжон Комилов меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишлар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.

Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, адолатли фуқаролик жамияти барпо этишда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда умумэътироф этилган тамойилларни татбиқ этиш, турли даражадаги делегациялар ташрифларини амалга ошириш орқали халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди делегациясининг 2018 йил июнь ойида Россия Федерацияси Олий судига ташрифи бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ташриф якунида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат суд ҳокимияти олий органлари ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашувнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, суд ишларини юритиш самарадорлигини ошириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш, судьялар тайёрлашнинг долзарб масалалари юзасидан доимий асосда тажриба алмашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда.

Россия делегациясининг бу галги ташрифи суд ҳокимияти мустақиллиги ва шаффофлигини таъминлашда икки мамлакат тажрибасини оммалаштириш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Учрашувда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шароит яратиш, меҳнат шароитини яхшилаш, соҳа ходимлари моддий ва ижтимоий таъминоти юзасидан олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ижроси доирасида тизимга замонавий ахборот технологиялари ва электрон ҳужжатлар алмашинуви тизимини жорий этиш, фуқароларга веб-сайтлар орқали интерактив хизматлар кўрсатиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Одил судлов тизимини таъминлаш фуқароларнинг судларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади, – дейди В.Агеев. – Бугунги кунда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида суд ҳокимиятини ислоҳ қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Амалга оширилаётган ўзгаришлар эса суд ҳокимияти мустақиллиги ва шаффофлигини таъминлашдаги саъй-ҳаракатларда ўз ифодасини топмоқда. Ташриф давомида суд ишларини кўриб чиқиш ва уларни тақсимлаш, электрон ахборот тизими, давлат органлари билан маълумот алмашиш тартиби бўйича тажриба алмашиш имконига эга бўлдик.

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ва Тошкент вилояти Зангиота тумани судларида бўлиб, улар фаолияти билан яқиндан танишди. Суд жараёнини ташкил этиш, суд ишларини кўриб чиқиш ва интерактив хизматлар кўрсатиш тизимини кўздан кечирди.

2 791
Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА