ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2019 йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йилги харажатларига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида айрим соҳалар бўйича харажатлар кўпайди, шу муносабат билан қўшимча маблағлар йўналтирилди. Бу йўналишлардаги харажатлар 10 фоиздан ортиққа ошиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш учун харажатлар 12,3 фоизга камайиши кутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг белгиланган тартибда Сенат кўриб чиқиши учун киритилган тақдимномасига мувофиқ тегишли йўналишлар бўйича 2019 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети параметрларини 11676,3 миллиард сўмга ошириш ва 95,2 миллиард сўмга камайтириш сўралган. Масала парламент аъзолари томонидан маъқулланди, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин парламент аъзолари Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида, Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманини ташкил этиш ҳамда Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Сўнгра сенаторлар Давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Давлат божхона хизмати органларида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолатини ўрганишда қатор муаммоли масалалар аниқланганлиги, шу туфайли мазкур парламент сўровини юбориш зарурати юзага келганлиги таъкидланди. Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенаторлар арзон уй-жойлар қуриш жараёнидаги, шунингдек, аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш жараёнидаги муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юборилишини маъқулладилар.

Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар.

Ялпи мажлисда парламент юқори палатасининг ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Барча муҳокама этилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида 19 масала, шу жумладан, 10 қонун кўриб чиқилди. Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлиги таъкидланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

1 037
ЎзА