ЎзА Ўзбек

22.03.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири БАЁНОТИ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири БАЁНОТИ
Тинчлик ва соғлик — энг бебаҳо неъмат, уни ҳимоя қилиш ҳар бир юртдошимизнинг инсоний бурчидир

Мамлакатимизда аҳолининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш ва сиҳат-саломатлигини асраш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бугун бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус касаллигининг мамлакатимизда тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 15 мартидан 22 март кунига қадар юртимизда ушбу касаллик 40 нафардан зиёд шахсларда аниқланган бўлса, касалликнинг 16 таси 1 бемор билан контактда бўлганларда учраган. Бундай вазиятда

энг асосийси, ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам “COVID-19” коронавирус турининг республикамиз ҳудудида янада тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ва аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда.

Коронавирус тарқалишига қарши курашни кучайтириш ва карантин режими даврида хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ўзаро ахборот алмашиш ва ишларни мувофиқлаштириш мақсадида, Вазирлик ва ҳудудий ички ишлар органларида тезкор штаблар ташкил этилган.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 27 февралидан 22 мартига қадар мамлакатимизга чегара орқали кириб келган жами 837 000 нафар фуқаролар чегара хизмати ва тиббиёт ходимлари билан биргаликда кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик давомида эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан келган 19 479 нафар шахслар аниқланиб, яшаш манзили бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга юборилган.

Бугунги кунда, 14 кунлик карантинга олинганларнинг 6 748 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосаси асосида тиббий кузатувдан чиқарилган бўлиб, 12 731 нафари тиббий кузатувда қолмоқда.

Тиббий кузатувдаги шахслардан 7 416 нафари шифохоналарда, 5 315 нафари уй шароитида сақланмоқда. Уй шароитида карантин ўтаётган фуқаролар, белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш ва аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш мақсадида, жами 9 564 нафар, яъни ҳар бир уйга бир нафардан профилактика инспектори, шунингдек, маҳалла раиси ва тиббиёт ходимлари бириктирилган.

Уй шароитида “оилавий карантин”да сақланаётган барча фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва Жиноят кодексининг 2571-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан таништирилиб, расмий огоҳлантирилди.

Махсус ажратилган даволаш ва бошқа муассасаларда “умумий карантин”да сақланаётган, тиббий кузатувдаги шахсларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш, бир сўз билан айтганда, санитария чекловларини таъминлаш мақсадида, ушбу масканлар Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамда Ички ишлар ва Миллий Гвардия ходимлари томонидан қўриқловга олинган.

Чет элларда бўлган юртдошларимизни мамлакатимизга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида, бугунги кунга келиб, 8 та авиа ва 11 та темир йўл рейслари орқали хорижий мамлакатларда бўлган 4 173 нафар фуқаролар мамлакатимизга эвакуация қилиниб, 22 та тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.

Юқоридаги ҳаракатларнинг барчаси республикамиз ҳудудида ушбу хавфли инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир юртдошимиз саломатлигини қатъий муҳофаза қилишга қаратилган.

Бироқ, айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этмоқда.

Мисол учун, 2020 йилнинг 16 март куни Жанубий Корея республикасидан Москва шаҳрига ва у ердан поездда Самарқанд шаҳрига келган, 1989 йилда туғилган фуқаро А.Ашуров кузатувга олиниб, Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Ушбу фуқаро 20 март кунидан 21 март кунига ўтар кечаси эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан касалхонадан қочиб кетганлиги аниқланган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида у Сурхондарё вилояти, Денов туманида ушланиб, умумий карантинга жойлаштирилган.

Жорий йилнинг 18 март куни Москва шаҳридан поездда Тошкент шаҳрига келган, 1954 йилда туғилган фуқаро Т.Эшов ҳам кузатувга олиниб, Самарқанд туманидаги “Дўстлик” оромгоҳига карантинга жойлаштирилган. Т.Эшов ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан 20 март кунидан 21 март кунга ўтар кечаси карантин зонасидан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасидан Т.Эшов Тошкент вилояти, Паркент тумани, Заркент маҳалласидаги яшаш хонадонида ушланган.

Москва-Тошкент йўналишидаги поезд орқали 19 март куни Қорақалпоғистон Республикасига кириб келган, 1990 йилда туғилган фуқаро Ш.Равшанов кузатувга олиниб, Нукус шаҳридаги касалхонага карантинга жойлаштирилган. Бироқ, ушбу фуқаро ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузиб, 21 март куни касалхонадан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида у Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Зарчабек маҳалласидаги яшаш уйида ушланиб, карантинга олинди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,2571-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, карантин билан боғлиқ мавжуд тартиблар ва санитария чекловларини бузганлиги учун ҳозирги вақтга қадар 4 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро М.Тахиров маст ҳолда бўлган фуқаронинг ерда ётган ҳолатини уяли телефони орқали видеотасвирга тушириб, ушбу фуқарони коронавирус инфекциясига чалинган, деб аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлувчи маълумотларни интернет тармоғи орқали тарқатиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1 миллион 115 минг сўм миқдоридаги жарима жазоси белгиланди.

Бугунги вазиятда ҳар бир фуқаронинг ахлоқ-одоб мезонларини унутмаслиги, санитария қоидаларига қатъий риоя қилиши, ўзини ва яқинларини касалликдан ҳимоя қилишнинг энг тўғри йўли эканлигини ҳар бир фуқаро ёдда тутиши зарур.

Тиббий-профилактик тадбирлар доирасида жойларда фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан аҳоли ўртасида тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Жорий йилнинг 22 март кунидан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилиши тўғрисидаги қарорни ҳам эпидемияга қарши кураш борасидаги кечиктириб бўлмас чоралардан бири сифатида қабул қилиш лозим.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмалар, шунингдек, асоссиз маълумотларни тарқатаётган аккаунтларни аниқлаш ва уларнинг эгаларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш ишлари ҳам олиб борилаётганлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.

Энг муҳими, бугунги вазиятда ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндошиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт.

Коронавирусга қарши биргаликда кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш ўзимиз ва оила аъзоларимиз ҳамда юртдошларимизнинг саломатлигини асраш борасидаги энг тўғри йўл эканлигини унутмайлик.

Пўлат Бобожонов,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант.

17 730
ЎзА