Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2018 14:50 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти минтақадаги вазиятлар ўзгаришига таъсир кўрсатишга қодир жаҳоннинг ўн нафар етакчиси рўйхатида

Ўзбекистон Президенти минтақадаги вазиятлар ўзгаришига таъсир кўрсатишга қодир жаҳоннинг ўн нафар етакчиси рўйхатида
«Derin Ekonomi» журналининг шарҳловчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг биринчи ўн нафар етакчиси рўйхатига киритдилар, дея хабар бермоқда «Жаҳон» АА.

Дунё жамоатчилиги Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётгани баробарида уларга юқори баҳоларни ҳам бермоқда. Мамлакатимизда кечаётган ҳозирги ўзгаришлар, хорижлик экспертларнинг фикр билдиришларича, нафақат миллий, балки умумий халқаро аҳамият ҳам касб этмоқда, дейилади хабарда. 

Мазкур рўйхатдан муҳим аҳамиятга молик қарорлари билан ўз мамлакатлари ва минтақаларидаги мавжуд вазиятни ўзгартириб юборадиган ва бу билан халқаро майдондаги вазиятга фаол таъсир кўрсатадиган ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг «nyusmeykeri», яъни уларнинг диққат-эътибори объекти бўлиб қолаётган етакчилар номлари жой олди. 

Мутахассисларнинг қайд этишларича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган биринчи кунларданоқ мамлакатни ялпи либераллаштириш, «ҳар ерда ҳозиру нозир» бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тартибга солиш, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган чуқур ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этмоқда. 

Таъкидланганидек, янги раҳбарият бошчилигида Ўзбекистонда мамлакатни амалда эркин бозор иқтисодиёти сари ҳаракатлантиришга ҳамда ташқи савдо ва валюта сиёсатини либераллаштиришга йўналтирилган ўта муҳим қарорлар қабул қилингани хорижлик сармоядорлар учун республиканинг жозибадорлигини оширди. 

Бошқа давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни тубдан яхшилаш йўлини тутгани Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти лавозимидаги энг катта эътиборга муносиб қадамларидан бири бўлди. 

Турк нашрларида қайд этилишича, мазкур рейтингдан жой олган ўн мамлакат етакчиларининг исми шарифлари, эҳтимол, шу пайтга қадар жаҳон ҳамжамияти учун таниқли бўлмаган, бироқ 2018 йили улар «ҳар бир кишига ўзларини танитишади».


3 825