Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.07.2018 18:13 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлиги юксалмоқда

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Покистоннинг глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази ўртасида Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича битим имзоланган эди. Ишбилармонлар кенгашининг илк йиғилиши шу йил апрель ойида Исломободда бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида 9 июль куни Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ташкил этилди. Савдо-саноат палатаси ва Покистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг қишлоқ ва сув хўжалиги, савдо, маркетинг, текстиль, фармацевтика, енгил саноат, кўнчилик, машинасозлик, озиқ-овқат каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари, ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Савдо-саноат палатаси раиснинг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар кенгаши раисининг ўринбосари Восиқ Али Хон ва бошқалар Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Покистон – Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири. Мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида самарали ҳамкорлик қилмоқда. 2017 йилда Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси қошида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида доимий иш юритувчи кўргазма фаолияти, Тошкент – Лаҳор ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди.

2017 йилда Ўзбекистон билан Покистон ўртасида ўзаро товар айланмаси қарийб 36,2 миллион АҚШ долларни ташкил қилди. Шу ўринда Покистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан маҳсулот айланмаси ҳажмининг аксарият қисми мамлакатимиз улушига тўғри келишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Покистоннинг «Star Marketing» компанияси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилган Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши кўп томонлама алоқаларни фаоллаштиришга, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларига киритилаётган сармоя ҳажмини янада оширишга имкон беради.

Мулоқот чоғида Покистон бозорларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ошириш, мева-сабзавот, тиббиёт анжомлари ва буюмлари, қишлоқ хўжалиги, маиший техникалар, курилиш, текстиль ҳамда туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Тадбир якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар кенгаши имкониятларидан самарали фойдаланишга келишиб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
6 402