ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон - пахта теримида мажбурий меҳнатдан холи мамлакат

Ўзбекистон - пахта теримида мажбурий меҳнатдан холи мамлакат

«Оқ олтин – умумхалқ бойлиги!» каби баландпарвоз шиорлар остида кўп йиллар пахта теримига мактаб ўқувчиларидан тортиб илмий даргоҳлар ходимларигача мажбурий жалб қилиниб келинди.


Сўнги йилларда вазият кескин ўзгарди. Солиштирадиган бўлсак, осмон билан ерча фарқ бор! Пахта йиғим-терими пайтида мактаблар ёпилмайди, талабалар ўқиши тўхтамайди. Корхона ва ташкилотлар, давлат идоралари ходимлари – деярли барчаси ўз ўринларида.

«Деярли» деймиз, чунки теримга қўшимча жалб этиладиганлар бор. Уларсиз, тўғриси, иш битмайди – пахта етиштириш технологияси шундай: кузда, 3 ойгача бўлган муддат давомида йил меҳнати натижаси нобуд бўлмаслиги учун 10-15 баравар кўп ишчи кучи – қўл меҳнатини талаб қилади. Теримни механизациялаш мумкин, лекин бу тез ва осон бўладиган иш эмас, бу масала – алоҳида мавзу...

Сўнги йилларда теримга қўшимча жалб қилинадиганлар сафи, биринчидан, имконияти бор ташкилотлар ўз ходимларини улар розилиги билан юбориши ҳисобига, иккинчидан, ишсиз ёки муайян иш билан тўлиқ банд бўлмаган, пахта теришдан моддий манфаатдор юртдошларимиздан ташкил топди. Бу асосий тамойил.

Тан олиш керак, қайд этилган асосий тамойилдан четга чиқишлар ҳам учрайди. Нима қилайлик, минг афсус, мутасаддиларнинг – вазирликлар (улар марказий аппаратидан тортиб маҳаллий тузилмаларигача), маҳаллий ҳокимиятлару, маҳалла қўмиталари раҳбарларининг – бир қисми ҳали ҳануз эскича ишлашдан воз кечишгани йўқ.

Лекин, барибир, пахта теримига эскича усулда жалб этиш фактлари учраб туришига қарамасдан, Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатдан ва вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланилади дейиш – мантиққа ва ҳақиқатга мутлақо зид.

Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қарши мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам беришга қаратилган халқаро конвенцияларга қўшилган. Сўнги йилларда бу борада Президент ва Ҳукуматимизнинг қатор қарорлари қабул қилинган.

Қонун бузилиш ҳолатлари, афсуски, учраб туради, лекин бундай ҳолатлар оммавий тарзда рўй берадиган воқелик эмас, балки айрим фактлар холос. Улар асосида умумий хулоса чиқариш мутлақо нотўғри ва тирноқ ичидан кир қидиришдан бошқа нарса эмас.

Қайсидир демократик давлатда фуқароларнинг бир қатлами муайян ҳодисалардан ўз норозилигини кўчаларда ур-тўполонлар билан намойиш этиб, ўзгалар қонуний мулкини (кафе, магазин, автомашиналарни ва ҳ.к.) синдиради, ёқади, вайрон қилади – бу, аслида, жиноят. Биз бундан ўша мамлакат - жиноятчилар мамлакати деб хулоса чиқармаймизку!

Ёки бошқа мамлакатларда миллионлаб инсонлар ҳеч қаерда ишламасдан, тиламчилик қилиб кун кўради, уй-жойсиз, кўчаларда оч-наҳор яшайди... Бунинг тарихий, иқтисодий ва бошқа сабаблари бор. Биз ўша мамлакатларнинг ўзига тўқ, бой-бадавлат қисмини ноинсофликда айбламаймиз, ушбу мамлакатлар замонавий технологияларни жорий этган ҳолда ривожланиб, қашшоқлик муаммосини изчил равишда ечиб келаётганини биламиз.

Шу ўринда, ҳозирги Ўзбекистонимиз ҳам пахта теримини ташкил этиш бобида холис баҳога лойиқ.

Масаланинг учта – иқтисодий, ташкилий, маънавий жиҳатига эътибор қаратишни истардик.

Иқтисодий жиҳат. Пахта етиштиришнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни, унинг зарурлиги ва аҳамияти иқтисод фанлари доктори, профессор Анвар Усмоновнинг мақоласида қисқа, лўнда очиб берилган.

Соҳанинг Ўзбекистон учун кераклиги юзасидан шубҳа билдираётган мутахассислар ушбу мақолада келтирилган хулосаларга қарши жўяли далил, ўйлайманки, топа олмайдилар.

Бу йил пахта теримининг биринчи босқичида 1 кг учун 1000 сўм ва иккинчи босқичида 1400 сўм ҳақ тўлаш белгиланган.

Бунда терим ҳақидан даромад солиғи олинмаслигини ҳисобга олсак, аслида, терим нархи, тегишинча, биринчи теримда 1136 сўм, иккинчи теримда 1590 сўмлик солиқ солинадиган даромадга тенгидир. Қийин шароитларда терилаётган пахтанинг ҳар бир килосига қўшимча 200 сўм қўшиб тўланишини ҳисобга олсак, бундай даражадаги иш ҳақи ишсиз ёки доимий ишга эга бўлмаган юртдошларимиз учун жуда зўр, катта бўлмаса ҳам, ҳар қалай, дурустгина имконият.

Асосий ишини вақтинча тўхтатиб теримга ихтиёрий жалб қилинадиган шахсларга асосий иш жойидан маоши сақланиши эса бу тоифадаги теримчилар учун каттагина манфаатли иш!

Ташкилий жиҳат. Аслида Ўзбекистонда пахта теримини ишчи кучи билан таъминлаш катта муаммо эмас! Миллионлаб ишсиз ёки доимий ишга эга бўлмаган аҳолимиз бор. Фақат мутасадди ташкилотларимиз мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ташкил қилишдаги ўзларининг ёзилган-ёзилмаган вазифаларини эскича– компаниявозлик, расмиятчилик, бюрократик тарзда эмас, балки реал ҳолатдан келиб чиқиб, тегишли ҳисоб-китоблар асосида, оқилона, одамларнинг моддий манфаатларини, маиший эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда ташкил қилсалар бас!

Яқинда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пахта теримини ташкил қилиш масалалари юзасидан давра суҳбати ўтказди ва фикримизча вазирлик масалага умуман олганда оқилона ёндашяпти деб ҳисоблаймиз ва бу ҳолат пахта теримини объектив зарур мавсумий ишчи кучи билан таъминлаш муаммоси ҳал қилинишига катта умид бағишлайди.

Хусусан, www.terim.uz сайти ташкил этилиб, у орқали теримда иштирок этишни хоҳловчилар билан боғланиш имконияти, мажбурий меҳнат фактлари юзасидан мурожаат қилиш учун ишонч телефонлари ишлаши, теримчилар билан иш берувчининг мажбуриятлари белгиланган шартнома имзоланиши шундай оқилона ёндашувдан далолатдир.

Савдо-саноат палатаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ёшлар Иттифоқи, Ёшлар ишлари агентлиги каби ташкилотлар ҳам Меҳнат вазирлиги билан биргаликда ҳаракат қилиб, пахта теримини ташкил қилишга ўз ҳиссасини қўшиш бобида катта салоҳиятга эга деб ҳисоблаймиз.

Маънавий жиҳат. Фикримизча, иқтисодиёт ва жамиятимиз учун муҳим ишнинг қисқа муддатда бажарилиши зарурати фавқулодда ҳолатга тенг ҳолат сифатида қаралиши керак.

Кўчада кетаётиб тасодифан йиқилиб тушиб, ёрдамга муҳтож одамни кўриб, кўрмагандай ўтиб кетаверишимиз мумкин – ҳеч бир қонунни бузган ҳисобланмаймиз. Лекин эътибор бериб имкониятимиз даражасида ёрдам қўлини чўзиш – маънавий бурчимиздир.

Техноген ёки табиий офатлар содир бўлганда мамлакатлару айрим инсонлар (ҳатто оддий шароитда ўзаро ёмон муносабатда бўлганлар ҳам) бир бирига ёрдам беради.

Яқинда ўзимизда содир бўлган Сардоба фалокати оқибатларини бартараф этишда давлат ташкилотлари, ҳарбийлардан ташқари кўп фуқароларимиз ҳам ўз ҳайрияси билан иштирок этдилар.

Бозор иқтисодиётида ҳамма нарса пул билан ўлчанишини тан олган ҳолда ҳашар деб номланувчи маънавий қадриятларимизни унутмаслигимиз керак.

Бели бақувват, жисмоний ёки моддий имконияти бор фуқароларимизнинг зарур пайтда пахта теримида ихтиёрий иштирок этишга тайёр бўлиши – ушбу ишни ўз вақтида бажариш учун резерв куч. Ўйлайманки, мутасадди идораларимизнинг оқилона ҳаракатлари туфайли бу резерв кучни ишга солишга зарурат бўлмайди.

Меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг қайд этишича пахта терими даврида болалар меҳнати ҳам ҳисобга олиняпти. Болалар мактабдан қайтганидан кейин ота-онасига ёрдамга боришига йўл қўйилмайди. Ота-оналарга болаларни далаларга олиб келишни ман қиляпмиз. 18 ёшгача бўлган болалар пахта даласига киритилмайди.

Вазир ўринбосарининг бу фикрига қўшилмаймиз. Бундай ёндашув «қош қўяман деб...», «саллани оламан деб...» кабилидаги ҳаракатдир.

Мактабларда ўқиш тўҳтамадику, дарсдан кейин юқори синф ўқувчиларининг заруратга қараб оилавий келишиб ота-оналарига ёрдам беришнинг нимаси ёмон?

Ахир, дарс тугаб, уй вазифалари ҳам бажарилган бўлса, ёшлар нима қилсин?... Ота-онаси далада пайтида улар телефон ўйнаб, зарарли нарсаларни кўриб, ёмон одатларга берилиб кетмасликларига ким кафолат беради?

Кўр-кўрона тақиқлаш ўрнига Меҳнат, Соғлиқни сақлаш, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари биргаликда юқори синф ўқувчилари пахта теримида ихтиёрий қатнашганда соғлиғига ва жисмоний ривожига зарар етказмаслик учун нималарга эътибор бериш кераклиги юзасидан тегишли йўриқнома ишлаб чиқсалар ва тушунтириш ишларини олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Фикримизча, юқори синф ўқувчиларининг пахта теримида ихтиёрий қатнашишини меҳнат тарбияси сифатида баҳолаш л

Меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг сўзларига кўра, пахта теримига биринчи навбатда «темир дафтар»дагилар, оғир шароитда яшаётган фуқаролар,...
озим.

Камина 8 ёшимдан -2-синфдан бошлаб 17 йил пахта теримида бошидан охиригача қатнашган:

6 та мавсумда мактаб ўқувчиси,

3 та мавсумда (8-10-синфларда) колхозчи;

3 та мавсумда талаба;

1 та мавсумда университет ўқитувчиси;

3 та мавсумда аспирант;

2 та мавсумда илмий-тадқиқот институти ходими сифатида.


Бундан ҳеч афсусланмайман

Ҳуллас, пахта – умумхалқ бойлиги. Уни мажбурий меҳнатсиз териб олишга етарли ишчи кучига эгамиз, мақбул иқтисодий механизм ҳам яратилган, Меҳнат вазирлиги бошчилигида ташкилий ишлар амалга оширилмоқда - бошқа идора ва ташкилотлар бу ишларга фаол қўшилишлари даркор, азалий маънавий қадриятларимиз куч-қувват бағишлайди.



Ф.Қурбонбоев,

Иқтисод фанлари номзоди


1 879
ЎзА