ЎзА Ўзбек

05.07.2018 12:00 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон: Қозоғистон вақт синовидан ўтган ишончли қўшни

1991 йилнинг 16 декабрида Қозоғистон давлатчилиги тарихида янги саҳифа очилди. Ўша куни Қозоғистон халқи суверенитет, озодлик, дунёга очиқликни танлади.

Бугун бу қадриятлар кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланган. Мустақиллик йилларида Қозоғистон ўз қиёфасига, хусусиятларига ва мавқеига эга бўлган, муваффақиятларга эришаётган давлатга айланди. 1997 йилда Қозоғистоннинг 2030 йилгача ривожланиш стратегияси қабул қилинган эди. 2013 йилдан бошлаб мамлакатда “Қозоғистон–2050” стратегияси мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш бошлаб юборилди. Бу стратегиянинг асосий мақсади Қозоғистонни иқтисодиёти тараққий этган дунёнинг 30 та давлатидан бирига айлантиришдан иборатдир.

0a4196752d7ff4665ea7892e802a392f_XL.jpg

Мамлакатда, яна бир муҳим сана кенг нишонланди. Аҳоли ҳар йили 1 декабрда Биринчи президент кунини байрам қилади. Чунки Қозоғистоннинг оёққа туриши ва ривожланиши биринчи президент, элбоши Нурсултон Назарбоев номи билан бевосита боғлиқ.

88_main.jpg

Қозоғистоннинг қўлга киритган ютуқларидан яна бири, шубҳасиз, Остонадир. Мустақиллик даврида мамлакатнинг янги пойтахти – Остона қурилди. Бу шаҳар бугунги кунда қозоқ халқининг рамзи ва фахрига айланди. Дунёга мамлакатнинг имкониятларини кўрсатиш учун пойтахт салоҳиятидан самарали фойдаланилмоқда. Халқаро ҳамжамият айнан шу боис, “EXPO-2017” халқаро кўргазмасини ўтказиш жойи сифатида Қозоғистонни танлади. Мазкур халқаро кўргазма ўтган йили “Келажак энергияси” шиори остида ўтганди.

40356-6-astana_otmechaet_yubil_ru.jpg

Истиқлол йилларида Қозоғистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиши, фуқаролик жамияти барпо этиши учун, барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувликка эришилиши йўлида ҳуқуқий асослар яратилди. Бугунги кунда Қозоғистоннинг барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга. Этник, маданий ва диний хилма-хилликка қарамай, мамлакатда тинчлик ва сиёсий барқарорлик сақлаб қолинди. Қозоғистон 140 элат ва 17 конфессия вакилларининг уйига айланди.

promo.jpg

Ўзбекистонда Қозоғистонга вақт синовидан ўтган ишончли қўшни сифатида қаралади. Қозоғистон ҳам мамлакатимизга ана шундай нуқтаи назар билан қарайди. Ўзбек ва қозоқ халқларини кўп асрлик қардошлик ришталари, муштарак тарих ва тақдир, маънавий ва маданий қадриятлар, ўхшаш тил ва менталитет бирлаштириб туради.

Халқларимизнинг умумий тарихий меросини, шунингдек, уларнинг бугуни ва келажагини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Биз ҳар доим ўзаро яқин бўлганмиз ва ҳамиша бир-биримизга суянамиз. Зеро, география бизни қўшни, тарих – қон-қардош, сиёсат – иттифоқдош, иқтисод – ҳамкор қилди. Мана шу жиҳатларнинг ҳаммаси бизларни бир-биримизга яқинлаштириб, бирлаштиради. 

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш нафақат ўзаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболлари, айни вақтда бутун Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва равнақини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий Дўстлик тўғрисида битим имзоланган.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан бири бўлиб, ўзаро савдо изчил ва барқарор ўсиб бормоқда. Мамлакатларимиз маданият ва санъат соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мисол учун, ўзбекистонлик халқ усталари Олмаота шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё ҳунармандлари кўргазма-ярмаркасида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Остона, Олмаота ва бошқа шаҳарлардаги бадиий галереялар ва музейларда машҳур ўзбек рассомларининг кўргазмалари намойиш қилинмоқда. Ўзбекистон мусиқа ва театр жамоаларининг Қозоғистонга гастроллари ташкил этилмоқда. Ўзбекистон кинематографчилари ўз фильмлари билан Қозоғистонда ўтказилаётган кинофестивалларда иштирок этмоқда.

Қозоғистонлик санъаткорлар Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг ҳамда мамлакатимизда ташкил қилинадиган бошқа кўплаб йирик маданий тадбирларнинг доимий ва фаол қатнашчиларидир.

Ўзбекистонда юздан ортиқ қозоқ миллий-фольклор ва эстрада ансамбллари фаолият кўрсатаётир. Жумладан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида “Дўмбира” қозоқ ансамбли, Бўстонлиқ туманида “Дорин” ансамбли мавжуд. Тошкент вилоятида фольклор-ашула, Хоразм вилоятида ашула ва рақс ансамбллари ташкил этилган.

Икки давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари дўстона ва самарали мазмун-моҳиятга эга эканлиги икки томонлама муносабатларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашмоқда. Бу минтақавий барқарорликни янада мустаҳкамлашнинг, Ўзбекистон — Қозоғистон ҳамкорлиги салоҳиятини намоён этиш ҳамда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстона, яхши қўшничилик анъаналарини қўллаб-қувватлашнинг кафолати ҳисобланади.

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
7 279