ЎзА Ўзбек

16.01.2018 18:38 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Омбудсмани: Инсон ҳуқуқларини, айниқса, жазони ижро этиш муассасаларида қонунийликни таъминлашга оид фаолият кучайтирилди

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда Омбудсман институтининг ўрни ва роли беқиёсдир. Бугун Халқаро, Европа омбудсман институтлари ҳамда Осиё омбудсманлар ассоциацияси фаолият юритмоқда.

Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) лавозими ташкил этилган. Ўзбекистон омбудсмани юқоридаги нуфузли ташкилотларнинг аъзосидир.

ЎзА мухбири мазкур институт томонидан амалга оширилаётган ишлар, кенгайтирилаётган ваколатлар қандай имкониятлар яратаётгани хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев билан суҳбатлашди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар халқимиз манфаатларига хизмат қилмоқда, – дейди У.Муҳаммадиев. – Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимида ҳам туб янгиланишлар рўй бераётир. Бу институтларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари тубдан янгиланмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига асосан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди.

Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, Вакилга инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашда янги ваколатлар берилди.

Хусусан, мазкур қонун билан Омбудсманнинг қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтиришга оид ҳуқуқлари кенгайтирилди. Эндиликда Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш; фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ҳамда даъволар билан судларга мурожаат этиш; инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш каби ҳуқуқларга эга бўлди.

2017 йилнинг 9 ойи давомида Омбудсман номига жисмоний ва юридик шахслардан жами 6 минг 329 мурожаат тушган бўлиб, шундан 1 минг 789 таси назорат тартибида ўрганиб чиқилди. Улар юзасидан давлат органларига 2 минг 468 сўров юборилган.

Келиб тушаётган мурожаатларнинг 41,6 фоизи – шахсий, 28,6 фоизи – ижтимоий, 25,8 фоизи – иқтисодий, 3,5 фоизи – сиёсий ҳуқуқларга, қолгани эса бошқа ҳуқуқларга тегишлидир.

– Омбудсманга жазони ижро этиш муассасалари устидан парламент назоратини амалга ошириш ваколати берилган. Бу борада қандай амалий ишлар қилинмоқда?

– Дарҳақиқат, ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, маъмурий қамоққа ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ҳуқуқлари ҳимоясини ташкил этиш ва бу борада парламент назоратини таъминлаш Омбудсманнинг устувор вазифаларидан биридир.

Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Омбудсман мазкур муассасаларга монеликсиз кириши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилган ҳолатларда ўз ташаббуси ёки шахслар мурожаатлари бўйича текширувлар ўтказишга ҳақли. Ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ёзма шаклдаги мурожаатларни (хатлар ва телеграммаларни) уларнинг сони чекланмаган ҳолда Вакилнинг номига юбориш ҳуқуқига эга. Вакил номига юбориладиган мурожаатлар цензура қилинмайди.

Омбудсманга мурожаатлар юбориш муддатлари ҳам белгиланган. Яъни, хатлар Вакилга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, телеграммалар эса дарҳол юборилади.

Омбудсман 2017 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Навоий вилоятларидаги олтита жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича комплекс назорат олиб борди.

800 дан ортиқ маҳкумлар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг шарт-шароитлари, тиббий хизматдан қандай фойдаланаётгани, муассасаларда меҳнатни ташкил қилиш, умумий таълим, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ўрганилди.

Учрашув жараёнларида маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тушунтирилиши билан бирга жазони ижро этиш муассасаларининг ўзида индивидуал мурожаатлар қабул қилинмоқда. Ушбу учрашувларда жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Маҳкумлар ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахслардан тушаётган мурожаатлар сони ошиб бораётгани Омбудсманнинг мазкур йўналишдаги фаолияти муҳимлигидан далолат беради. Мисол учун, 2015 йилда бундай мурожаатлар сони 147 та эди, 2016 йилда 211 тани ташкил этди. 2017 йилда бу кўрсаткич 2,5 баробар кўпайиб, 557 та мурожаат келиб тушди.

Таъкидлаш лозимки, ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, маъмурий қамоққа ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар алоҳида назорат тартибида ўрганиб чиқилади.

Барча мурожаатлар мутасадди идоралар билан тезкор кўриб чиқилмоқда. Уларнинг аксариятида маҳкумлар афв ёки оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда ёрдам сўраган. Бундай мурожаатларни ҳал қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Бундай аниқ ҳамда самарали чора-тадбирлар маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлайдиган қўшимча механизмлар яратишни ҳисобга олган ҳолда, жиноят-ижро қонунчилигини янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– 2017 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Қонунчилик палатаси ҳамда Омбудсман томонидан 2018 йилда қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш бўйича назорат-таҳлилий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга оид чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши ушбу соҳада парламент назорати кенг таъминланишига имкон яратади.

Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасалари тизимини танқидий ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш доирасида 2018-2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш режалаштирилмоқда. Албатта, Омбудсман мазкур дастур ижросида фаол иштирок этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусларни рўёбга чиқариш ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан музокаралар натижалари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)га ҳамда давлатимиз раҳбарининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ қонуности ҳужжатлари ҳам такомиллаштирилмоқда. Хусусан, Миллий превентив механизмлар тўғрисидаги ҳамда Омбудсманнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган, ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган шахслар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши устидан парламент назоратини амалга ошириш тўғрисидаги низомлари шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган айбланувчи ва маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларга яратилган шароитларнинг аҳволини ўрганиш билан боғлиқ ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича мониторинглар давом эттирилиб, уларнинг якунлари бўйича тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилди.

Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти, тергов органлари ходимлари масъулияти ҳамда малакасини ошириш ҳам долзарб вазифалардан биридир. Хусусан, 2018 йил давомида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий бўлими ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тизимларида фаолият юритувчи ходимларнинг малакасини оширишга қаратилган туркум семинарлар ташкил қилиниши режалаштирилган.

Малумки, 2018 йилга мўлжалланган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини мониторинг қилиш борасидаги ваколатларини кенгайтириш назарда тутилган.

Бу йўналишда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган. Шунга кўра, Омбудсманнинг қамоқда сақланаётган ва жазони ўташ жойларида бўлган шахсларнинг яшаш шароитларини мониторинг қилиш бўйича ваколатлари янада кенгайтирилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
20 047