Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 18:30 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фархан Низомий билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори А.Маннонов ва бошқалар меҳмонга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, турли дин ва миллат вакилларининг аҳил ҳаёти ва фаолияти, бу борада мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистонда 16 диний конфессияга мансуб 2 минг 300 дан зиёд диний ташкилот эмин-эркин фаолият кўрсатаётгани ҳам мамлакатимизда ҳукм сураётган ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқимизнинг миллий-диний қадриятларини эъзозлаш, маърифий ислом динини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буюк алломаларимиз қадамжолари обод этилиб, уларнинг илмий меросини ўрганиш ва дунё жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш юзасидан янги-янги ташаббуслар рўёбга чиқарилмоқда.

Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, аждодларимизнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ўрганиш, ислом маданиятининг асл қадриятларини халқимиз ва ёшларимизга тўла етказишга кенг йўл очади.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида тинчликпарвар ислом динининг асл моҳиятини очиб, “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини билдиргани Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик соҳасидаги ташаббусларининг яққол ифодаси сифатида дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.

Юртимиздаги турли динлар ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда кўплаб давлатлар томонидан ўрганилаётир ва дунёга намуна қилиб кўрсатса арзийдиган натижалар сифатида эътироф этилаётир. Буни жорий йил ислом оламида жуда катта нуфузга эга бўлган халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистондаги дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳот ва ўзгаришлар, бу борадаги ижобий тажриба ўрганилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус эксперти Аҳмад Шаҳид мамлакатимиздаги диний вазият, бағрикенглик муҳити, миллатлараро ва динлараро муносабатларни юксак баҳолади.

Буюк Британиянинг 1985 йил ташкил этилган Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази ислом оламига оид илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ислом дунёсини тадқиқ этувчи олимлар ва институтлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни рағбатлантириш, бугунги кунда исломнинг ривожланишини турли босма нашрлар орқали тарғиб қилиш билан шуғулланади.

Марказ билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги алоқалар мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида ўрнатилган. 1993 йил Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик баённомаси, Имом Бухорий мажмуаси лойиҳаси бўйича ҳамкорлик келишуви, 1994 йил Тошкент давлат шарқшунослик институти билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

Марказ асосчиси ва раҳбари Фархан Низомийнинг мамлакатимизга бу галги ташрифидан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистондаги ислом оламига оид тадқиқотлар билан шуғулланувчи идора ва муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар соҳада қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборат.

– Ўзбекистон менинг маънавий ватаним, Тошкент заминига оёқ қўярканман, ўзимни худди яна уйимга қайтгандек ҳис қилдим, – деди Фархан Низомий. – Юртингизнинг цивилизациялар чорраҳасида жойлашгани буюк аждодларингиз томонидан кўплаб соҳаларда оламшумул кашфиётлар қилинишига йўл очган бўлса, бугунги Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ва умумбашарий тараққиётга қўшаётган ҳиссаси инсоният учун янада муҳим. Ташрифим давомида таълим муассасаларида амалга оширилаётган лойиҳалар, уларнинг фаолият йўналишлари билан танишганим мен учун ноёб бўлди. Марказимизнинг Ўзбекистон билан барча йўналишдаги ҳамкорлиги кутилаётганидан ҳам юқори ва самарали бўлишига ишонаман.

Учрашувда мамлакатимиз илмий-тадқиқот муассасалари ва Оксфорд ислом тадқиқот маркази ўртасида профессор-ўқитувчилар алмашиш, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари хусусида сўз юритилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент ислом университети билан Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фархан Низомий Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашди.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, турли миллат ва элат, дин ва конфессия вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Фархан Низомий Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида ҳам музокаралар ўтказди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
1 829






Все о погоде - Pogoda.uz