ЎзА Ўзбек

27.08.2018 18:21 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон мустақиллиги абадий бўлсин!

Ўзбекистон мустақиллиги абадий бўлсин!

Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига саноқли кунлар қолди. Юртимизнинг барча гўшасида байрамни кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. 

Юртдошларимиз юз-кўзидаги хурсандлик, хотиржамлик туйғулари кишини янада мамнун этади. Бу кайфиятни айни дамда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган хорижлик сайёҳлар ҳам эътироф этмоқда.

Абдуллоҳ Ал-ҚАДҲИЙ, тадбиркор (Малайзия):

– Фан-техника жадал тараққий этаётган бугунги кунда Ўзбекистон ҳам дунё мамлакатлари билан тенгма-тенг ривожланмоқда. Сафарим чоғида бунга амин бўлдим. Юртингизга илк бор келган бўлсам-да, менда илиқ таассурот уйғотди. Инсоният тамаддунидаги улкан цивилизация ўчоқларидан бири бўлган гўзал шаҳар – Хивадан бой таассуротлар билан қайтдим. Хоразмнинг меҳмондўст ва ширинсўз одамлари, бир-биридан кўркам тарихий иншоотлари, хивалик пазандалар тайёрлаган ширин таомлар мени мафтун этди. Хиванинг марказий кўчаларидаги гуллар, инсонга ғурур бахш этиб, шамолда ҳилпираб турувчи байроқлардан англаш мумкинки, юртингизнинг чекка ҳудудларида ҳам Мустақиллик байрамига муносиб тайёргарлик кетмоқда.

Динимиз бир, дунёқарашимиз ўхшаш бўлгани учун гўзал Ўзбекистонда ўзимни бегона ҳис қилмаяпман. Ўзбек маданиятини ўрганиш, тарихий қадамжоларини зиёрат қилиш кишига ўзгача кайфият ҳадя этаркан.

Юртингизда боғдорчилик, мева-сабзавотчилик алоҳида маданият даражасига кўтарилган. Бугун дунё аҳолисининг табиий меваларга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда. Ўзбекистонда мевани қайта ишлаш, қуритиш жуда яхши йўлга қўйилган. Шунинг учун таъм борасида бошқа мамлакатларникидан анча фарқ қилади. Айниқса, қуруқ мевалари таъми оғизда қолади. Келажакда ўзимнинг савдо тармоқларим орқали юртингиздан ёнғоқ, майиз, жийда, бодом каби маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишни мақсад қилганман.

Муҳаммад АКБАР, савдо мутахассиси (Афғонистон):

– Ҳар гал юртингизга сафаримни ишларим юришиши ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишдан бошлайман. Кўнгил хотиржамлигига нима етсин! Бу галги ташрифимда Зангиота зиёратгоҳига бордим. У ердаги ўзгаришлар мени лол қолдирди. Сўнгги бор 2013 йили бу мўтабар қадамжога ташриф буюргандим. Ҳозир умуман бошқача, ёз фасли бўлса-да у ерда баҳорий гуллар очилиб турибди. Бугунги Ўзбекистон янгиликлари билан одамни шошириб қўймоқда. Ободлик, байрамона шукуҳдан дилингиз равшан тортади.

Ўзбекистон жуда бой мамлакат. Чунки бу ерда гўзал ва тенгсиз шаҳарлар бор. Юртингизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шу сабабли қадимий манзилгоҳларга боришни ҳар бир меҳмон кўнглига тугади. Интернет орқали Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилаётган ўзгаришларни кузатиб боряпман. Мустақиллик байрамини ушбу шаҳарларда кутиб олмоқчиман.

Чжан ЧАН, ҳунарманд (Хитой):

– Ўзбекистонга илк бор келишим. Ўзим болалар учун махсус ўйинчоқлар ясайман. Маҳсулотларимиз жуда харидоргир. Бир гал Хитойга саёҳатга борган ўзбекистонликнинг боласи қўлида жуда ажойиб қўғирчоқ кўриб қолдим. Шундан сўнг юртингиз маданиятига қизиқишим ортди, Ўзбекистонга келишга қарор қилдим ва бунга эришдим.

Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари менга, айниқса, ёқди. Шаҳар кўчалари бўйлаб кечқурун сайр қилиш бошқача. Халқингиз болажон экан. Буни савдо мажмуалари, истироҳат боғлари ва сўлим сайлгоҳларда кичкинтойлар учун яратилган имкониятлардан ҳам билса бўлади. Кишиларнинг кайфияти, болаларнинг қувноқ ва беғубор кулгиси хотирамда бир умр сақланса керак.

Иосиф АМИНОВ, сайёҳ (Исроил):

– Самарқандда туғилганман. 1979 йили оиламиз билан Исроил давлатига кўчиб кетганмиз. Дўстларим билан бирга Мустақиллик байрами тантаналарида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келдик. Тўғриси, болалигим ўтган, бобо-бувим дафн этилган жойларни яна кўриш ҳаётимдаги энг ҳаяжонли ва қувочли онлар бўлди. Шу давр ичида Ўзбекистон жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлдик. Юртингизнинг янги қиёфаси ривожланган давлатлардан қолишмайди. Айниқса, ўзбек халқининг меҳмондўст, очиқкўнгиллигини кўриб болаликдаги илиқ хотираларим ёдга тушди. Ўзбек халқини мустақилликнинг 27 йиллиги байрами билан табриклайман, юртингиз истиқлоли абадий бўлсин!

Орҳан СИВРИКАЯ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК маслаҳатчиси (Туркия):

– Хизмат юзасидан юртингизнинг турли шаҳарларида бўлганман. Ушбу ташрифим Мустақиллик байрамингиз арафасига тўғри келганидан мамнунман. Истиқлол шарофати билан юртингиз кундан-кун чирой очиб бораётгани, одамларнинг яхши яшаши учун қулай шароитлар яратилаётганига гувоҳман. Сайёҳларга кўрсатилаётган юқори даражадаги хизматлар, халқингизнинг самимий ҳурмати ва бағрикенглиги хорижлик меҳмонларга кўтаринкилик бағишлайди.

Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичда ривожланаётгани, турли соҳалардаги алоқалар фаоллашгани бизни хурсанд қилади. Мамлакатингизда турк ишбилармонлари йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқда, сармоядорлар ва тадбиркорларга қулай имтиёзлар тақдим этилмоқда. Бу ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлайди. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини азиз байрам – Мустақиллик айёми билан табриклайман. Халқингиз бундан-да улкан ютуқларга эришишига тилакдошман.

ЎзА мухбирлари Д.Маматова, З.Мирзабоева ёзиб олди
5 136