ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида X-XI асрлар давлат бошқарувига оид китоб сақланмоқда

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида X-XI асрлар давлат бошқарувига оид китоб сақланмоқда

Жаҳоннинг турли ўлкаларида яратилган ёзма манбаларда шарқона давлат бошқаруви ҳақидаги қимматли тажриба ўз аксини топган. Давлат ва ҳуқуқ тарихи ҳамда назариясига оид “Ал-аҳком ас-султонийя вал-валаят ад-динийя” (“Султонлик ҳукмлари ва диний бошқарув қоидалари”) асари ана шундай муҳим манбалар қаторига киради.

Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Мовардий (973-1058) қаламига мансуб ушбу нодир асар қўлёзмаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақлаб келинмоқда.

Асарда баён этилган X-XI асрлардаги мусулмон давлати бошқарув тизими, ундаги мансаблар поғонаси, ер-сув масалаларини тартибга солиш, ўрмон ва тоғ-кон хўжаликларини ташкил этиш, турли даражадаги мансабдорларнинг сиёсий-ҳуқуқий мақомига оид қимматли маълумотлар ўз аҳамиятини йўқотмагани туфайли ушбу манбани ўрганиш ҳанузгача давом этмоқда.

Тарихчи олим Зиёвуддин Жўраевнинг фикрича, салжуқийлар ва ғазнавийлар сулоласи билан бир қаторда, асардан темурий ва бобурий ҳукмдорлар, Бухоро, Қўқон ва Хива хонлари ҳам фойдалангани ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганиш учун унинг чуқурлаштирилган тадқиқотини амалга оширишни талаб этади.

Илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшган мутафаккир ва давлат арбоби, “Байтул ҳикма”нинг раиси бўлган мутакаллим ва фақиҳ Абулҳасан Мовардийнинг “Ал-аҳком ас-султонийя” асари Аббосий ҳукмдорлар Қодир Биллоҳ ва Қоим Биамриллоҳ илтимосига кўра, салтанат тузиш қонун-қоидаларини аниқ бир тартибга келтириш мақсадида ёзилган.

“Султонлик ҳукмлари” китобининг манбашунослик тадқиқотини амалга ошириш, мамлакатимиз ва чет эл кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалари, тарихий ва замонавий нашрлари, ғарб ва шарқ тилларига қилинган таржималари ҳамда унга бағишланган жиддий тадқиқотларни илмий муомалага киритиш манбашуносликнинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

3 950
ЎзА