Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.12.2017 14:58 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Грузия миллий қўлёзмалар маркази билан меморандум имзолади

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Корнелий Кекелидзе номидаги Грузия Миллий қўлёзмалар маркази ўртасида меморандум имзоланди.

Шу муносабат билан Миллий кутубхонада бўлиб ўтган тадбирда соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик ва Грузиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Кутубхона директори А.Абдуазизов, Грузиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси К.Жгенти ва бошқалар Ўзбекистон ва Грузия ўртасида маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори давлатлараро илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, кутубхоналар фондини замон талаби даражасида сақлаш, илмий ва бадиий меросни келажак авлодга етказиш борасидаги ишларга кенг йўл очиб берди.

Корнелий Кекелидзе номидаги Грузия Миллий қўлёзмалар маркази 1958 йилда ташкил этилган. Ушбу масканда сақланаётган манбалар орасида халқимизнинг бебаҳо маънавий меросига оид ўзбек, турк ва араб тилларида битилган қўлёзмалар ва бошқа ҳужжатлар бор.

– Бундан икки йил аввал мен Самарқандда халқаро конференцияда иштирок этган эдим, – дейди Грузия Миллий қўлёзмалар маркази директори Заал Абашидзе. – Ўшанда Ўзбекистон тарихи, мамлакатда маданий ва маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотганди. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланаётгани кутубхона ва фонд ишини ҳам янада такомиллаштириш, тажриба алмашиш, илмий ютуқлар, миллий меросни ўрганишга хизмат қилади. Биз ўзбек олимларини ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришга таклиф этамиз. Ўзбекистон Миллий кутубхонасига улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг марказимизда сақланаётган қўлёзмаларидан фотонусхалар тақдим этдик.

Мазкур меморандумда халқаро илмий конференцияларда қатнашиш, биргаликда семинар-тренинг, маҳорат дарслари, маърузалар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

– Кутубхона томонидан ўтказилиши режалаштирилаётган «Central Asia-2018» халқаро конференцияси, "INFOLIB" миллий ахборот-кутубхона ҳафталигига ушбу марказнинг мутахассисларини таклиф этамиз, – дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари Умида Тешабоева. – Бундан ташқари, ходимларнинг иш ўрганиши, қўлёзмалар, нодир нашрларни сақлаш ва қайта тиклаш, миллий мерос намуналарининг нусхаларини алмашиш, замонавий технологияларни ўрганиш ва татбиқ этиш бўйича ҳамкорлигимиз ижобий натижа беради.

Шунингдек, тадбир доирасида Корнелий Кекелидзе номидаги Грузия Миллий қўлёзмалар маркази билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Самарқанд давлат университети ахборот-ресурс маркази ҳамда Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази ўртасида ҳам меморандумлар имзоланди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 391