ЎзА Ўзбек

06.08.2018 12:00 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон мева-сабзавотлари дунёдаги энг нуфузли брендга айланмоқда

Ўзбекистон мева-сабзавотлари дунёдаги энг нуфузли брендга айланмоқда

Фарғона вилояти Қува туманидаги экспортёр корхоналар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 35 миллион доллардан ортиқ мева-сабзавот экспорт қилинди.

2618.jpg

Мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар юқори нуфузли брендга – товар белгисига айланмоқда. Хорижий мамлакатларда бу маҳсулотларимиз юксак рақобатбардошлиги билан ажралиб туради.

df135df2017c4f0da38af60d83d4a21c_XL.jpg

Мамлакатимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида мева-сабзавот етиштириш ҳамда уни экспорт қилиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётир.

Фарғона вилоятида ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ўтган давр мобайнида 128 миллион доллардан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Айни кунларда 100 минг гектар майдонда такрорий экинлар экилмоқда.

Қува туманида томорқачиликда ҳам катта тажриба мактаби яратилган. Томорқадаги кўчатлар, қулупнай, гилос ва бошқа маҳсулотлардан кўплаб оилалар яхши даромад кўрмоқда. Айни кунларда туманда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари пахта ва дон етиштириш билан чекланиб қолмасдан, буғдойдан бўшаган майдонларда сабзавот етиштириш, сотиш билан ҳам шуғулланмоқда. Бу ички бозорни сархил ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Жорий йил туманда қарийб 21 минг тоннага яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган эди ва бугунги кунда тўлиқ уддаланди. “Reflection”, “Водий грант мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамиятлари, тадбиркор Фахриддин Ҳамдамов томонидан амалга оширилаётган экспорт ҳажми янада ошмоқда.

– Жамиятимиз томонидан 1 минг 200 тона мева-сабзавот Россияга экспорт қилинди, – дейди “Водий грант мева-сабзавот” МЧЖ директори Жаҳонгир Зокиров. – Айни пайтда маҳсулот экспорт қилиш қизғин бормоқда. Ўтган йили 1 минг 500 тонна сиғимга эга совутгични ишга туширдик. Шунингдек, экспортни амалга ошириш учун замонавий логистика маркази бунёд этилди. Ҳозир экспорт ҳажмини ошириш учун хорижий шериклар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш устида ишламоқдамиз.

Туманда ғалладан бўшаган 4 минг 900 гектар майдонга сабзавот, картошка, кунгабоқар, дуккакли ва полиз экинлари экилди. Фермер ва деҳқонлар билан шартнома имзоланди.

М.Сулаймонов, ЎзА
8 746