ЎзА Ўзбек

20.07.2018 15:25 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон меҳмонхоналарида «Ҳалол» стандарти қандай жорий этилади?

Ўзбекистон меҳмонхоналарида «Ҳалол» стандарти қандай жорий этилади? Дунёдаги меҳмонхона бизнеси пешқадамларидан – Rezidor Hotel Group компаниясининг маълумотларига кўра, яқин 10 йилда “Ҳалол” туризм ҳажми йилига 20 фоиздан ошиб боради.

Кейинги вақтда “Ҳалол” туризм, стандартлар ва хизматлар ҳақида жуда кўп фикрлар айтилиб, тадқиқотлар ўтказилмоқда. Шундай экан, мусулмон давлатлари вакиллари учун меҳмонхоналар қандай жиҳозланиши, хизматлар сифатини ошириш учун нималар қилиш кераклиги кўпчилик учун қизиқ.

Бу борада доимий экспертимиз Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги консультанти Жаҳонгир Имомназаровнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Бир қатор туристик портал вакиллари ҳамкорликда ўтказган тадқиқотига асосан, 2030 йилга бориб, 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган дунё ёшларининг учдан бири мусулмонлардан иборат бўлади, – дейди Ж.Имомназаров. – Бунга сабаб бор. Мисол учун, 2016 йилда турли мамлакатларга сайёҳат қилган 121 миллион мусулмоннинг 80 миллиони ёшлар бўлган. Ҳозирда бу ёшдагилар йилига 2-5 марта, ўртача 4-6 кунлик сайёҳатларга чиқмоқда. 2025 йилга келиб ёш мусулмонлар дунё бўйлаб сайёҳатлар учун йилига 100 миллиард долларидан кўпроқ миқдорда пул сарфлаши тахмин қилинмоқда.

Қайд этиш жоизки, “Ҳалол” туризмнинг ривожланиши, ўз навбатида, ушбу сектор билан боғлиқ бошқа соҳаларни ҳам ривожланишига тўртки беради. Масалан, транспорт соҳасида: мусулмон сайёҳлар учун учиш давомида спиртли ичимликлар таклиф қилинмайдиган, фақат “Ҳалол” таомлар бериладиган, намоз вақтлари эълон килиб бориладиган, диний мавзудаги кўрсатувлар намойиш қилинадиган авиарейслар аллақачон йўлга қўйилган.

Юқорида айтиб ўтилганидек, охирги бир йил ичида мамлакатимизда ҳам туризмни ривожлантириш йўлида жиддий қадамлар қўйилди: Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Исроил, ва Япония фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз ташриф тартиби жорий этилди. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси янги давлат стандартини ишлаб чиқди. Унга кўра, ҳар бир меҳмонхона умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони Карим, ибодат қилиш учун жойнамоз, ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши шарт.

Албатта, амалга оширилган ишлар мусулмон сайёҳларнинг эътиборини тортиши аниқ. Лекин, бу борада қилинадиган ишлар анча. Масалан, яшаш ва авиапарвозлар тарифларининг юқорилиги, транспорт тизимининг етарли даражада ривожланмагани, сайёҳлар учун қулай ахборот муҳитининг мавжуд эмаслиги (навигация ва инфомарказлар), малакали кадрларнинг етишмаслиги каби муаммолар тармоқ учун умумий бўлса, таҳоратхона ва намозхоналарнинг, “Ҳалол” сертификатига эга бўлган ошхоналарнинг, шу турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг, меҳмонхоналарнинг йўқлиги фақат зиёрат туризмига алоқадор.

Ҳар қандай меҳмонхона ҳам мусулмонларга тўғри келиши мумкин. Хонада жойнамоз ва қибла тарафни кўрсатувчи кўрсатгич бўлса етарли. Лекин, мусулмон сайёҳларнинг эътиборини тортиш учун булар камлик қилади. Меҳмонхонада ислом динида ҳаром қилинган егулик ва ичимликлар умуман бўлмаслиги, махсус таҳоратхона ва намозхоналар ташкил қилиниши, хоналарда Қуръон, жойнамоз ва тасбеҳлар бўлиши, рамазон ойида рўзадорлар учун саҳарлик ва ифторликлар ташкил қилиниши уларнинг эътиборини тортиши аниқ.

Шу ўринда МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб “Ҳалол” туризм доирасида маҳсус стандарт ишлаб чиққан ва 2007 йил амалда жорий қилган Қозоғистоннинг тажрибаси эътиборга молик. Қозоғистонда “Ҳалол” сертификатига эга ўнга яқин меҳмонхона фаолият юритмоқда. Бу меҳмонхоналарнинг аксарияти 5 юлдузли бўлиб, шулардан бир нечтаси дунёга машҳур меҳмонхоналар тизимига киради.

Умуман олганда, дунёнинг машҳур меҳмонхоналари ўзлари бизнес юритаётган соҳани доимий равишда синчковлик билан кузатиб боришади ва ҳар қандай янги талабни эътиборга олади. InterContinental, Marriott, Ramada, Movenpick, CrownPlaza каби машҳур меҳмонхоналар тизимининг мусулмонлар учун муқаддас бўлган Мадинаи Мунаварра ва Маккаи Мукаррамма шаҳарларида ҳам “ҲАЛОЛ” сертификатига эга бўлган меҳмонхоналари борлиги фикримизнинг
ёрқин далилидир.

Сайёра Шоева ЎзА
4 912