Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 19:02 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон МДҲ давлатлари ўртасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этади

Ўзбекистон МДҲ давлатлари ўртасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этади
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йил якуни бўйича мамлакатимизда хизматлар экспорти 3,5 миллиард, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 2,4 миллиард долларни ташкил этди. 2017 йилда 978,2 минг доллар, 2018 йилнинг олти ойида 2,4 миллиард доллар миқдорида хизматлар импорт қилинган.

Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотининг тахминан 25 фоизи хизматлар соҳасига тўғри келади. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда хизматлар соҳасига алоҳида эътибор қаратиш иқтисодий ўсиш омилларидан биридир.

Ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, мамлакатимиз МДҲ давлатлари ўртасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини яратиш ишчи гуруҳи фаолиятида қатнашади.

Шу муносабат билан Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигида идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Молия, Иқтисодиёт, Адлия, Ташқи ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълими вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Марказий банк, Автомобиль транспорти агентлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси мазкур ишчи гуруҳ таркибида бўлиб, эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини миллий қонунчилигимиз асосида ўрганиб чиқади.

Мазкур битим лойиҳасига кўра, МДҲ давлатларининг ташкилот, компания ва идоралари белгиланган тартибда ўзаро хизматлар бозорига эркин кириш имкониятига эга бўлади. Ҳужжат молия, банк, транспорт, таълим, суғурта ва бошқа хизматларни ўз ичига олади. Битим лойиҳасида юридик шахсларнинг бошқа давлатларда ташкил этилиши, улар томонидан филиаллар, ваколатхоналар очилиши ва уларнинг инвестицион фаолияти тартиби белгилаб ўтилади.

– МДҲ мамлакатлари ўртасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими нафақат меҳнат ресурсларининг эркин алмашинуви, балки бир давлатдан бошқа давлатга инвестиция киритиш учун шарт-шароитлар яратиш ва инвестициялар ҳимоясини таъминлаб бериш учун замин яратади, – дейди Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Шу маънода Ўзбекистон МДҲ доирасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Ишлаб чиқилаётган ҳужжат МДҲ мамлакатлари учун товар ва хизматлар бўйича савдо ҳудудлари ташкил этиш ҳамда эркин савдо қилишга хизмат қилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА