ЎзА Ўзбек

25.08.2018 14:07 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон мўъжизалари: ёзги ҳарорат 25 даражадан ошмайди

Ўзбекистон мўъжизалари: ёзги ҳарорат 25 даражадан ошмайди
Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғи денгиз сатҳидан 2500-2700 метр баландликда жойлашган бўлиб, тўрт тарафи тоғ билан ўралган.

Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, бир мавсумда бир миллионга яқин сайёҳ келиб, дам олади. Ҳаво юмшоқ ва мусаффо бўлиб, ёзда ҳарорат 20-25 даражадан ошмайди. Ёлғиз оёқ сўқмоқлардан тоғ чўққисига томон йўл оларкансиз, ноёб буталар ва ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишасиз.

Ҳамма тарафи Қирғизистон билан чегарадош бу ҳудудда етти ярим мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Улар деҳқончилик, асаларичилик, чорвачилик ҳамда сайёҳларга сервис хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади. Уй меҳмонхонаси бу қишлоқда яхши ривожланган. Яна экологик тоза сут ва гўштни бу ерда татиб кўрасиз. Турли мевалар ва доривор гиёҳлардан тайёрланган пишириқ ва дамламаларни бошқа жойда учратмайсиз.

Қишлоқ "Шоҳимардон" ва "Ёрдон" маҳалла фуқаролар йиғинидан иборат. Жой номларига эътибор қиладиган бўлсак, Шоҳимардон атамасининг келиб чиқиши мардлар шоҳи, тўртинчи халифа ҳазрати Али билан боғлиқ. Маҳаллий ривоятларга кўра, ҳазрати Алининг қабри тўрт томони тоғ билан ўралган, икки дарё туташган жойда эмиш. Дунёда бундай географик жой ва зиёратгоҳлар кўп. Шоҳимардон шулардан биридир. Лекин бу афсоналар илмий жиҳатдан исботланмаган. Ҳазрати Алининг қабри Ироқнинг Куфа шаҳридадир, у зот ҳеч қачон Фарғона водийсига келмаган. Қишлоқ марказида Ҳазрати Алининг рамзий мақбараси бўлиб, маҳаллий аҳоли ичида унга Шердаргоҳ пирим дея эътиқод қиладиганлар кўп топилади.

shohimardon-550x381.jpg

Ёрдон – халқ ривоятларда қиёси йўқ, тенгсиз жой деган сўзларни бўрттириб ифодалаш мақсадида ҳар қандай ёрдан чиройли, гўзал деган маънода айтилгани келтирилади. Тарихчилар орасида эса Фарғонадаги қадимий туркий қабилларнинг кичик бир қисми ёрдон номи билан аталгани, бу бевосита қишлоқ номи билан боғлиқ деган қарашлар ҳам бор. Ёрдон қишлоғи ўзининг баҳайбат арчалари, шўх сойлари, қизил тошли тоғлари билан машҳур. Сой юзасидан 10, ҳатто 20 метр юқорига ўзи кўтарилиб, оқиб чиқувчи суғориш ариғи мўъжизанинг ўзи. Ҳудуддаги одамларни ва қўй-эчкиларни ёғин ва селдан сақловчи айвон сифат камарлар кишини лол қолдиради.

Ҳудуддан Оқсув ва Кўксув сойлари оқиб ўтади. Бу сойлар Шоҳимардон қишлоғи марказида бирлашиб, Оқсув номи билан Қирғизистон ҳудуди орқали Водил қишлоғига етиб, Марғилонсой номи билан Марғилон шаҳри ва ундан кейинги қишлоқларгача етиб боради.

Ёрдонда Оқсувнинг кенгайган қисмидаги табиат мўъжизасини кузатиб, роҳатланасиз. Юқоридан тушиб, Оқсувга қўшилиб кетадиган шаршаранинг камалак жилосини кўриш, ундан завқланиш ва руҳий таскин топишнинг ўзи мароқли. Шунингдек, дарё водийсида сел оқизиб келган улкан харсангтошлардан она табиат яратган мўъжизали манзарани ҳайрат билан томоша қилиш мумкин.

1-45.jpg

Маҳалла марказида яна бир булоқ бор. Чаккатомар. Халқ тилида бу маҳзун булоқ ҳақида “елкасида тоғ, кўксида тоғ, тош йиғлайди” сатрли қўшиқ азалдан куйлаб келинади. Тошларнинг туб-тубидан сизиб чиққан бу булоқни тошларнинг ўксик кўзёшлари дейишади. Унинг яна бир номи Жаҳон булоғи. Саёҳатчилар негадир бу булоққа ният қилиб, тангалар ва мунчоқлар ташлаб кетишади.

Шоҳимардондан оқиб ўтувчи сойларнинг асосий манбалари қор, ёмғир ва муз сувларидир. Улар яна кўплаб табиий булоқ ва жилғалардан ҳам тўйинади. Шундан бўлсак керак, сой суви жуда совуқ бўлади. Балиқ учрамайди. Сойнинг умумий узунлиги 112 километрни, ҳавзаси 1 минг 300 километр квадратни ташкил этади.

Шоҳимардон фусункор табиати, зилол сувлари, минг дардга даво наботот олами билан етти иқлимга машҳур.

ЎзА
7 900