Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.01.2018 23:49 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон мўъжизалари: Сумбула булоқ сирини нега бекитди?

Тошкентдан Фарғона водийси томон борадиган катта йўлнинг биқинида шундай Қамчиқ довонидан ўтилганда Наманганнинг энг гўзал ва шинам гўшаларидан бири Чодак қишлоғи бошланади. У кўркам, серсув, мусаффо ҳаво ва озода сув келтирувчи тўлқинли сой ёқасида жойлашган. Атрофи тоғлар билан ўралган, ғоят сўлим ва хушҳаво макон.

Тарихи яқин 4,5 минг йилга борган қишлоқнинг ўртасидан Чодаксой оқиб ўтади. Қишлоқни тор кўчаларига кириб борсангиз сойнинг нарги қирғоғи қалин дарахтзорлардан иборат эканини кўрасиз. Дарахтзор адирларнинг охирига қадар давом этгани элас-элас кўринади. Қизиқ, бу қишлоқ тоғдан қанчалик пастда жойлашган экан.

Ривоятларда кўра, бир неча асрлар олдин ота-боболаримиз жуда баландликда яшаган, ёзда сувсизликдан қийналган бир даврда, уларнинг чорвадорлари сув ва озиқ-овқат қидириб пастга тушиб, бу сўлим масканни кўриб қолган экан. Ана шунда тепадагиларга қараб «жо таг» яъни яхши жой пастда экан деган маънода қичқиришган. Кейинчалик, бу қишлоқ Чодак номини олган.

Қишлоқ кичкина бўлса-да, унинг тарихий, диққатга сазавор жойлари кўп. Мисол учун, Чирчир момо булоғи. Одатда биз булоқларни ер қаъридан қайнаб чиқишига ўрганиб қолганмиз. Бу ерда эса ...

Қоятошдан пастга қараб, сизиб турган сув эътиборни тортади. Қоятош худди бетон қоришмасидан қилинган пойдеворга ўхшайди. Булоқ қаердан бошланганини билиш қийин. Чунки, унинг тепа қисмини сумбула ўти қоплаб олган. Гўё булоқнинг сирини яширмоқчидай, барқ уриб, яшнаб турибди.

Чодак қишлоқ табиати тоғлари, булоқлари билан чиройли. Нега булоқнинг номи Чирчир момо? Бу ҳақда қишлоқда турли-туман тахминлар бор. Уларнинг ҳар бири тарихий ҳақиқатга таянилган маълумотлар бўлиши мумкин.

Ривоятда айтилишича, бу манзилга етти ака-ука оиласи билан жойлашган ва улар ислом динини тарғиб қилишган. Бу жойнинг чиройли табиати, кўркам боғлари ғанимларнинг эътиборини тортган. Ана шунда кўплаб урушлар, жой талашишлар бўлган. Кунларнинг бирида бу оилага навбатдаги ёв ҳужум қилган. Оила аъзоларининг бир қисми тоғ тарафга қочиб борган. Аёлларнинг бири нола қилиб, йиғлаганида тепаликдаги тош ёрилиб, сув чиққан. Бироқ, душманлар аёлларни ўлдирган. Аёлнинг ноласини узоқдан эшитганлар кейинчалик бу булоққа Чирчир момо дея ном беришган. Бу булоқни оналар кўзёши деб ҳам аташади.

Чодакнинг машҳур булоқларидан яна бири - Олашонбулоқ. Олашон бува жангларнинг бирида қаттиқ жароҳат олади. Юришгада ҳоли қолмай, оғриқлардан азоб чекиб, ярага малҳам сўраб нола қилганда ёнида булоқ кўз очади. Илиқ сув қайнаб чиққан бу булоқ ҳозир ҳам одамлар хизматида. Ҳовузда чўмилганлар тери касалига даво топса, ичганлар ошқозон-ичак йўлларини даволамоқда. Булоқ атрофида Олашон буванинг қабри ҳам бўлиб, унинг атрофи ободонлаштирилиб, зиёратгоҳга айлантирилган.

Чодакда кўпайтирилаётган маринка балиғи ва яна бир қатор янгиликлар ҳақида сайтимизда маълумотлар бериб борамиз.

Сайёра Шоева
10 495