ЎзА Ўзбек

03.08.2018 09:37 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Хитой: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ШҲТ Ёшлар кенгашига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди!

Ўзбекистон-Хитой: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ШҲТ Ёшлар кенгашига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди!
22 июль. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегациясининг Хитой Халқ Реcпубликасига ташрифи якунланди. Табиийки, натижалар кўпчиликни қизиқтиради...

Аввало, Президентимизнинг ШҲТ давлат раҳбарларининг ёшларга йўллаган Қўшма мурожаати ҳақида. Ушбу мурожаат ШҲТ Ёшлар кенгаши лойиҳаси доирасида 13 давлатдан ташриф буюрган делегациялар томонидан алоҳида эътироф этилди. Унга жавобан ШҲТ Ёшлар кенгашининг баёноти қабул қилинди. Мазкур баёнотда иштирокчи-аъзо давлатлар ёшлари томонидан Қўшма мурожаатда назарда тутилган барча масалаларда ягона мулоқот муҳитини йўлга қўйиш, ёшлар сиёсати соҳасида самарали ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва минтақада ёшлар ўртасидаги терроризм, экстремизм, сепаратизм сингари иллатларнинг олдини олиш сингари халқаро лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Ушбу мақсадда Ёшлар кенгашининг 2018-2019 йилга мўлжалланган Иш режаси қабул қилиниб, Ўзбекистон делегацияси томонидан 6 та халқаро аҳамиятга эга лойиҳа ташаббуси илгари сурилди. Ёшлар кенгашининг миллий бўлинмалари томонидан мунтазам равишда (ҳар уч ойда) ташкиллаштириладиган маданий-маърифий тадбирлар доирасида бизнес ва тадбиркорлик, туризм, миллий-маданий қадриятларни оммалаштириш, санъат фестиваллари, ёш кинематографлар фаолиятига оид қўшма лойиҳаларга алоҳида аҳамият қаратилди.

8ab0ccdf-cbc1-4be8-80b3-9738dc730eff.jpg

«Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида Умумхитой ёшлар федерацияси кўмагида самарали фаолият юритаётган 25 нафар бизнес вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёшлар боғлари барпо этиш ҳамда ҳар бир туман-шаҳарларда 3 Д ва 5 Д кинотеатрлар тармоғини йўлга қўйиш бўйича «Фантаwилд Адвентурес» компанияси билан келишувга эришилди. Ёшлар иттифоқи қошидаги ҳар бир Ёшлар марказларининг фаоллар залларида «Ёшлар кинотеатрлари» фаолияти йўлга қўйилиб, филмлар намойишидан аввал ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган 3-7 дақиқалик қисқа метражли ва ҳужжатли филмлар намойиш этилади.

Шунингдек, электрон тижорат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича «Натионал левел Э-cоммерcэ Энтерприсе» компанияси, ёш тадбиркорлар учун бизнес ўқув курсларини ташкил қилиш ҳамда коворкинг марказлари миллий брендини яратиш бўйича Хитой ёшлар марказининг «Дунё ёшлари ривожланиш Форуми» ташкилоти билан ҳам дастлабки келишувларга эришилди.

Мазкур келишувлар доирасида жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойлари давомида Хитойнинг 100 дан ортиқ, Россиянинг 40 нафар бизнес вакилларини Ўзбекистонга ташрифи бўйича йўл харитаси тузилди. Шу тарзда, Ёшлар кенгашининг миллий қисмлари ўзаро ҳамкорликда бизнес-инкубаторлар ва ёш ишбилармонлар учун янги ҳамкорлик алмашинувларини йўлга қўйиб, барқарор даромадли ёш тадбиркорлар қатламини вояга етказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонга стратегик шерик бўлган давлатлар ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида икки томонлама мулоқотлар амалга оширилди.

Жумладан, Умумхитой ёшлар федерацияси раиси Хе Жун Ке билан расмий учрашув ташкил этилди. Ҳамкорликнинг амалий асоси сифатида англашув меморандуми имзолаш масалалари муҳокама қилинди. Беларусь ёшлар иттифоқи билан икки томонлама расмий учрашув ташкил этилиб, ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ҳамкорлик доирасида ўзаро кўнгилли ёшлар фаолиятини йўлга қўйиш, ёшлар туризмини ривожлантириш ҳамда ёш фермерлар учун икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, Афғонистон, Мўғулистон ва Озарбойжон Республикалари вакиллари билан ҳам расмий учрашувлар ташкил этилиб, ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. ШҲТ Ёшлар кенгашининг ИИИ оромгоҳи доирасида 13 давлатдан ташриф буюрган 200 га яқин ёшларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси фаолияти катта қизиқиш уйғотди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонасида ушбу давлатга ўқиётган ва ишлаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашув ташкил этилиб, улар томонидан келажакда юртимизга қайтиб эгаллаган илғор тажрибалари асосида фаолиятларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди.

Хитойдаги ёшларимизга Ўзбекистонда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар хусусида батафсил маълумотлар берилиб, Халқ таълими вазири ўринбосари А.Саъдуллаев томонидан тақдимот ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Хитойдаги вакили ва координатори сайланди. Энг муҳими эса Умумхитой ёшлар федерацияси ташаббуси билан ўтказилган ШҲТ Ёшлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ШҲТ Ёшлар кенгашига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.

Гулчеҳра Ашурова, ЎзА
7 766