ЎзА Ўзбек

12.07.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари

Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари

Мухбиримизнинг “Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари” деб номланган туркум мақолаларини беришда давом этамиз. Бугун диққатингизга “Орол денгизи суви қаерга кетди?”деб номланган мақоланинг 3 қисмини ҳавола этмоқдамиз.

Орол денгизи суви қаерга кетди?

Суғоришда қўлланадиган, ичимлик сув билан боғлиқ бўлган вазиятни жаҳонда ҳам яхши деб бўлмайди. Буюк Британиянинг Лид университети олимларининг ўтказган изланишлари шуни кўрсатдики, Антарктидадаги музликлар қатламининг айрим жойлардаги музлари эриб, уларнинг қалинлиги (қатлами) 122 метргача ингичкалашган. Мутахассис бўлмаганлигимиз сабабли буни шарҳ қилишга ожизмиз. Лекин бу табиат томонидан берилган жуда жиддий огоҳлантириш, бўлса керак деган хаёлга борасан киши. Бунинг эвазига денгиз, океанлар сатҳи 4,6 миллиметрга кўтарилган. Миллиметр экан деб бамайлихотир бўлманг, ер юзининг учдан икки қисми сув билан қопланган. Кейин бу сувлар ичиб ҳам, суғориб ҳам бўлмайдиган денгиз ва уммонларнинг ўта шўр сувларидир. Илгари буғ бўлиб, ёмғир, қор ва муз ҳолидаги бу қимматбаҳо неъмат ҳам инсон фаолияти натижасида таркибида яд-химикатлари бўлган тахир, шўр сувга айланмоқда. Бу глобал ўзгаришлар нафақат бирон бир қитъада балки бутун дунёда суғориладиган ва албатта, ичимлик чучук сув танқислигига олиб келади.

Яқинда БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонасида 2019 йилдаги сув ресурсларининг ҳолати бўйича БМТ Умумжаҳон докладининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда қайд қилинишича, аҳоли ночор аҳволининг, камбағалликнинг асосий сабабларидан бири бу – захиралари чегараланган, ҳар бир томчиси гавҳарга тенг бўлган Марказий Осиё минтақасидаги сув ресурсларидан оқилона ва унумли фойдаланмасликда, деб таъкидланади.

Саноат ривожланиб, экин ва боғ майдонлари кенгайиб, аҳоли кўпайиб бораётган бугунги кунда бунинг фақат битта йўли бор. У ҳам бўлса сувдан тежаб фойдаланишдир.

Суғоришнинг илғор, замонавий усуллари бўлган – томчилатиб суғориш, унинг мембранали усулини кенг қўллаш, ёмғирлатиш тизимларини оммавий суратда жорий этиш ва сувни экилган ҳар бир кўчатнинг илдизига етказиб беришдан иборатдир. Келинг, яна рақам ва мисолларга мурожаат қилайлик. Маълумотларга кўра, ёмғирлатиб суғориш тизими орқали “AGROVER” масъулияти чекланган жамияти 2018 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани билан Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида 350 гектар майдонда картошка етиштириш бўйича яхши натижаларга эришган. Сарфланган сувнинг асосий қисми кўчатнинг ўсишига, унинг ҳосил тўпланишига қаратиб йўналтирилди.

...Миллионлаб янги ерлар ўзлаштирилди. Бир ярим миллиардли Хитой озиқ-овқат мустақиллигига эришди. Чорвачилик маҳсулотларини экспорт қила бошлади. Бекор оқиб ётган сув инсон измига бўйсундирилиб, халққа хизмат қилишга йўналтирилди. Энди баҳорда экин майдонларига хавф туғилаётгани йўқ. Мамлакатда мунтазам суратда барқарор қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Аслида сувдан қийналаётган биргина Ўзбекистон эмас, балки ҳудуди, чўллари Ўрта Осиёда энг кенг, катта бўлган Қозоғистон, Қора қум ватани Туркманистон, қўшниларимиз Афғонистон, Покистон, Хитой ҳам жиддий сув танқислигига дуч келмоқда.

Бизда Ганг, Нил, Миссури, Миссисипи, Дунай ёки Волга каби қирғоқлари тўлиб-тошиб оқадиган буюк дарёлар йўқ. Чор-атрофдаги Ўрта Осиёга яқин бўлган сувлардан фақат Қозоғистон шимолидаги Сибир дарёларининг қуйи оқимида сувлар бор. Сув бўлганда ҳам қандай сувлар денг. Сўнгги пайтларда жаҳон оммавий ахборот воситаларида Сибирдан Хитойга олиб бориладиган сув йўллари ҳақида анча мақолалар чоп этилди. Айтиш лозим, бундай канал қурилиши масаласи янгилик эмас. Бундан бир неча йил муқаддам (2016 йили) Россия қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган Александр Ткачев Пекиндаги музокараларида Хитойнинг қурғоқчил районларига ўтказиладиган сув йўли лойиҳасини муҳокама қилишни таклиф этган эди. У пайтда Олтой ўлкасидан Синьцзян-Уйғур автоном районига 70 миллион куб метр сув ташлаш ҳақида гап борган эди. Россиянинг бу ҳудудида баҳорда қор эриган ва дарёлар тўлиб тошганда ана шунча ортиқча сув ҳосил бўлиб чор-атрофга зарар етказилаётгани таъкидланган эди.

Шу ерда бир гапни айтиш лозимки, Сибир дарёлари оқовасини Марказий Осиё мамлакатларига келтириш юзасидан ўтган асрнинг 70-80 йилларида Россия – Марказий Осиё машина каналининг лойиҳа-қидирув ишлари тугалланиб сунъий каналлар қурилишига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган эди.

photo5278695573823794162.jpg

“... Об дарёси қадимда ҳозиргидан бошқа томонга қараган ўзани бўйича оқар эди. Бу дарё ўз сувларини Орол денгизи ҳавзасига бориб қуярди. Биз лойиҳа вариантларига аралашмаган ҳолда шуни таъкидламоқчи эдикки, Об дарёсини тарихий ўзанига қайтариш учун дарёнинг қуйи қисмига битта катта тўғон қуриш лозим ва оқова янги қурилган улкан сув омборидан тепа канал бўйлаб Ўрта Осиё томонга қараб оқаверади”*.

Эътибор беринг, “Бу дарё (Об дарёси- И.А.) ўз сувларини Орол денгизи ҳавзасига бориб қуярди”. Бу тарихий ҳақиқат. Ўзбекистонга чорак аср бошчилик қилган йирик давлат ва жамоат арбоби, кўп гаплардан хабари бўлган собиқ иттифоқ раҳбарларидан, ёзувчи, журналист, публицист Шароф Рашидов томонидан ўша ҳақиқатни тиклашга қаратиб айтилган ва илмий-назарий асосланган бу жиддий таклиф шу пайтда намойиш этилган (Москвада чоп этилган – И.А.) катта жасорат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимдир. * Шараф Рашидов. Избранные произведения. Том 5. Москва. 1980 год.

Дарёларнинг ўзанини ўзгартириб туриши камёб табиий ҳодисалар сирасига киради. Ўрта Осиёнинг энг буюк дарёларидан Амударё ҳам қадимда Каспий денгизига бориб қуйилган. Ер куррасининг айланиши ва Об дарёси ўзанини ўзгартириши сабабли табиатнинг ўзи бу асов дарёни Каспий денгизига эмас, балки Орол денгизига қуядиган қилган эди.

Ҳа, Сибирь дарёларининг қуйи оқовасидаги сувларнинг бир қисмини сувдан қақраб ётган Ўрта Осиё давлатларига ташлаш муаммоси Шароф Рашидов, Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби, академик Динмуҳаммад Қўнаевлар томонидан ўтган аср ўрталарида кўтарилган эди. Ҳозир Сибир дарёларида ортиқча бўлган, баҳор, ёз ойларида еру кўкни босиб катта талафот келтирадиган бу сувларни Хитойга, Синцзянь автоном районига ташланиши ҳақидаги янги ишлаб чиқилган лойиҳалар муаммонинг ҳамон мавжудлиги, унинг ўткирлигидан далолат беради.

– Матбуотда бу масалада фикр-мулоҳазалару савол-жавоблар, таклиф ва раддиялар ҳам учраб турибди. Бизни авваламбор, сув билан ўзимизнинг аҳолимиз қанчалик таъминлангани масаласи қизиқтиради ва сув соҳасидаги сиёсатимизни ана шунга қараб юритамиз, – дейди Россия Федерацияси табиат ишлари бўйича вазири Сергей Донской.

Собиқ иттифоқ раҳбарлари Ўрта Осиё республикаларига Сибир дарёларининг қуйи оқовасидаги сувларнинг бир қисмини беришга рози бўлмади. Масала эса ҳамон муаммолигича қолмоқда. Боз устига Сибир дарёлари сувига харидорлар ҳам тобора кўпайиб бораяпти. Бозор иқтисодиётига ўтиш билан тинчлик, қардошлик, осойишталик бахш этувчи халқлар дўстлиги сиёсати, ўрнига келган миллий манфаатларни кўзлаш сиёсати ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ўйланиб қоласан киши, биз ўз осойишталигимизни ўйлаб дунё, жаҳон осойишталигини ёддан чиқариб юбормаяпмизмикан? Кейин, дунё осойишталиги бизнинг осойишталигимизнинг таркибий қисми, унинг асоси эмасми, деган фикр ҳам келади ёдингга.

Шарқда не бахтки, асрлар мобайнида ҳукм сурган қўни-қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳашар, бағрикенглик муносабатлари анча сақланиб қолган, деса бўлади. Таъкидлаш жоизки, ўзи сув тақчиллигидан қийналаётган Хитой сув муаммосини ечишда алоҳида бир бағрикенглик қилиб қўшни давлатларга, дунёга ҳам деяверинг, ёрдам қўлини чўзмоқда. Сув хўжалиги соҳасида Хитой Халқ Республикаси билан Ўзбекистон ўртасида катта ўзаро ҳамкорлик дастури тасдиқланган. 2017 йилнинг май ойида ХХР раҳбарияти Ўзбекистонга ирригация ва гидроэнергетика лойиҳалари учун кўпмиллиардли кредит ажратди. 2017 йил қуввати 400 мегаватт бўлган Пскем ГЭСи қурилишига ХХР Эксим-банки томонидан маблағ ажратилди, 2018 йилда эса бу банк Шаҳрихон ГЭСи каскади, Ташкент ГЭСи каскади ва Қуйи-Бўзсув ГЭСлари модернизациясига 63 миллион АҚШ доллари ажратди.

Ўзбекистон билан Хитой халқларининг табиатига оид бир хосиятли хислат, фазилат борки, уни бутун дунё якдиллик билан эътироф этади.

1939 йил Фашистлар Германияси ғарбдаги давлатларни босиб ола бошлади. Иккинчи жаҳон уруши арафаси... Воқеаларнинг ривожи нима билан тугаши ҳали ҳеч кимга маълум эмас. Мабодо уруш бошланиб кетса жангчилар учун катта миқдорда кийим-кечак, пайпоқ ўрнида ишлатиладиган пайтава, ярадорлар учун бинт, пахта керак бўлади. Бундан ташқари, пахта линтидан яхшигина портловчи моддалар тайёрланади. Ўзбекистоннинг шу пайтда етиштираётган пахта ҳосили бундай эҳтиёжларни қоплай олмайди. Нима қилиш керак?

photo5278695573823794163.jpg

Шунда халқимиз пахта ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун чор-атрофдан сув олиб келиб, янги ерларни ўзлаштириш зарур, пахта етиштиришни кескин кўпайтириш лозим, деди. Кейинги содир бўлган воқеалар – ўзбекистонлик қурувчилар, деҳқонлар, халқ намойиш этган тадбиркорлик, мардлик, жасорат дунёни ҳайратга солди. Шунда халқимиз секундига 180 куб метр сув оқадиган, узунлиги 345 километр бўлган Катта Фарғона каналини 45 кунда қуриб битказди. Ва шарқираб суви оқаётган бу йирик сув иншоотини фойдаланишга топширди. Узунлиги ва ҳажми бўйича Ўрта Осиёдаги бу йирик кўм-кўк сув йўлини ўзбекистонлик космонавт Владимир Жонибеков космосдан туриб тасвирга тушириб жаҳонга намойиш этган эди. Катта Фарғона канали қуриб, битказилганлигига мана 75 йилга яқинлашапти-ю, лекин ота-бобларимизнинг бу фидокорона меҳнати, жасорати ҳақида ҳамон қалб титроғисиз эслаб бўлмайди. Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Ўзбекистондан иттифоқ тўқимачилик комбинатларига минг-минг тонналаб, вагон-вагон пахта етказиб берилди. Шу йиллари Марказий Фарғона ерларида етиштирилган пахта ҳосили урушда қатнашган барча совет жангчилари қатори, бир ярим миллиондан ортиқ ўзбек паҳлавонларининг дардига ҳам малҳам бўлди.

Чжуцзян дарёси Жанубий Хитойда тўлиб-тошиб оқадиган энг серсув дарёлардан биридир. Унинг узунлиги 2 минг 200 километр. Хитойда табиий дарёлардан ташқари яна 5 та: Хайхэ, Хуанхэ, Хуайхэ, Янцзы ва Цяньтанцзян сув ҳавзаларини бир бири билан улайдиган узунлиги, кенглиги, сув ўтказиш имконияти бўйича айрим дарёлардан ҳам катта бўлган, кемалар қатнайдиган мамлакатдаги йирик сув артерияси – Буюк Хитой канали мавжуддир. Канал қурилиши, кишини ҳайратга солади, у эрамиздан аввалги VI асрда бошланиб, эрамизнинг ХШ асрига қадар, бу демак, 2 минг йил мобайнида барпо этилган. Орзу, ният, унга бўлган қатъий интилиш билан бир қаторда сувга бўлган катта эҳтиёжни қарангки, 20 аср оша, подшоҳлар, авлодлар, иқтисодий-ижтимоий тузумлар ўтган бўлса ҳам, бир нарсани мақсад қилиб қўйган халқ ва давлат уни охирига етказган, канал қурилиб, мана ҳозир 7-8 асрдан буён халққа хизмат қилмоқда.

Биз 45 кунда қурдик Катта Фарғона каналини, Хитойликлар Буюк Хитой каналини, ақл бовар қилмайдиган 2 минг йилда охирига етказиб фойдаланишга топширди. Тўғри, Катта Фарғона канали билан Буюк Хитой каналларининг самараси, ҳажми, кўламини солиштириш қийин. Бири 345 километрдан сув олиб келиб Фарғона водийсини жаннатга айлантираяпти, иккинчиси ҳам “саҳрои Кабир”дан сув ўтказиб, минтақа иқлимини ўзгартириб, минг-минг йўловчиларни кемаларда ташимоқда, аҳолиси дунёда энг кўп бўлган мамлакатнинг жонига оро кирмоқда. Ҳа, сув бизга бугун қанчалик керак бўлса, кейинги авлод-аждодларимизга ҳам шунчалик зарур бўлади. Ҳаёт сув бор ерда бор, деб бекор айтилмаган. Шунинг учун ҳам коинотни ўрганаётган олимлару фазогирлар ўз тадқиқотларини инсон қадам қўймаган сайёраларда авваламбор сув борми, йўқми деган масалага қаратади.

Бу мисолларда мен ўзбек ва хитой халқларининг табиатида бўлган ажойиб ўхшашликни, муштарак хислатларни кўрдим. Юз, минг йиллаб вақт ўтса ҳам, шоҳу султонлар келиб кетиб, ижтимоий сиёсий тузумлар ўзгарса ҳам асл миллатнинг феъл-атвор, қадриятлари сақланиб қолар экан. Бу икки воқеанинг биттасида, биз халқнинг мақсадга қараб қаттиқ интилишини, 45 кунда уч юз қирқ километрдан узун бўлган (Гиннес китобига кирган) канал қуришини кўрган бўлсак, иккинчисида изчиллик, сабр қаноат, икки минг йил ўтса ҳам халқнинг кўзланган маррасига қараб қаттиқ интилишини ва пировардида албатта мақсадга эришишини кўрдик.

Хитой оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, муҳими, Буюк Хитой канали сув тошқинлари, ер эрозияси, селлар каби табиат офатларининг ҳам олдини олди. Шу сув ҳавзаларида бўлган асов дарёларнинг тўс-тўполон билан оқадиган суви энди инсон измига бўйсиниб бошқарила бошланди. У халқ хизматига йўналтирилди.

Сиз мухбиримизнинг “Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари” деб номланган туркум мақолаларининг учинчи қисми билан танишдингиз. “Объ дарёси қадимда Орол денгизига келиб қуйилар эди?” деб номланган мақоланинг 4 қисми билан эртага танишасиз.

7 140
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА