ЎзА Ўзбек

11.07.2019 15:17 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари

Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари

Мухбиримизнинг “Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари” деб номланган туркум мақолаларини беришда давом этамиз. Бугун диққатингизга “Бу ўспиринга жаннатдан жой беринг!” деб номланган мақоланинг 2 қисмини ҳавола этмоқдамиз.

Бу ўспиринга жаннатдан жой беринг!

Шу ерда бир ривоят ёдимга келди. Унда баён этилишича, Аллоҳ таоло барча халқларга ер улашаётган пайтида доимо меҳнат ва фарзанд ташвиши билан банд бўлган ўзбеклар вакили кеч қолиб келибди. Ер тақсимлаш тугаб бўлгач, Аллоҳ таоло қараса ҳузурида усти боши бироз чангроқ, эндигина меҳнатдан бош кўтарган чоғи, лекин билаклари чайир, бўйдор бир йигит турган экан. Шунда мулозимлар Аллоҳим бўш ер тугади, дейишибди. Аллоҳ таоло йигитга қараб, унинг вужудидан уфуриб турган иймон, эътиқодни кўргач, “Бу ўспиринга Жаннатдан ер ажратиб беринглар!”, дебди. Аммо, – давом этибди Аллоҳ таоло, – фақат бу ер уззу кун меҳнат қилишни талаб қилади. Бардам бўл!”, дебди Яратган. Ривоятда айтилишича, ўзбек халқи ҳақиқатдан жаннат нозу неъматлари битадиган бугунги ер ва сув, иқлимига ана шундай эга бўлган экан. Шу сабабдан ерларимиз ўз неъматларини фақат меҳнат қилганга беради.

Ўзбек замини ҳақиқатдан жаннатмонанд. Фақат у ўзининг дунёда йўқ ширин-шакар неъматларини пешоналаридан мунчоқ-мунчоқ тер тўкиб тиним билмай муттасил меҳнат қилганга беради. Баҳорда экилган тераклар ҳисобидан 4-5 йилдан сўнг кичик бир том қуриш, 5-10 йилдан кейин эса танаси бақувват ёнғоқ, чинорлардан кенг ва росмана уй қуриб, иморат кўтариш мумкин. Жаннатмонанд еримизда битаётган мевали дарахтларни, қовун ва тарвузларга тўла полизини айтмайсизми? Уларнинг таъми, мазаси қанчалик ширин бўлса, жазирама қуёш остида қилинадиган меҳнати ҳам шунчалик оғир ва аччиқдир. Фақат миришкор деҳқонларгина вақтида парвариш қилиб, куз-қиш совуқларига қарамай ҳосилини йиғиштириб олишни билади.

Ўзбекистонда ҳар бир инсон ўзига керакли неъматни ақли, тадбиркорлиги ва меҳнати билан яратади. Халқимизда меҳнатнинг таги роҳат деган гап бежизга айтилмаган.

Меҳрни қондириб, чанқоқни босиб, роҳат қилиб ичиладиган тоза ичимлик суви ҳозир нафақат ҳудудий балки дунёвий муаммога айланиб бормоқда. Бугун Ўзбекистонда 8 миллион гектарга яқин ҳосилдор ерлар сувнинг йўқлиги сабабли экилмай бекор ётибди. Бу ҳозир республика аҳолиси деҳқончилик қилаётган экин майдонларидан икки баробарга кўп демакдир. Агар шундай дейиш жоиз бўлса, ерсевар, сувсевар, меҳнатсевар халқимизга, айниқса, ёшларимизга қанчадан-қанча янги иш жойлари, даромад манбаи бўлар эди.

photo5276392152798177960.jpg

Бундан 35-40 йил муқаддам юқоридан келган топшириқ, палон миллион тонна пахта етиштиришимиз шарт деб, Аму ва Сирдарёларни саёзлатиб, Марказий Осиёдаги ягона бўлган денгизни қуритиб қўйдик. Айрим пайтда ҳақиқатдан чалғитиш мақсадидами, Орол денгизи тўғрисида турли хаёлий фаразлар, афсонаю ҳикоялар пайдо бўлмоқда. Бир фараз бўйича, гўё Орол денгизини Каспий денгизи билан боғлаб турадиган ер ости дарёлари мавжуд экан ва денгизимизнинг суви Каспийга оқиб кетибди, дейишмоқда. Келинг, шу масалага аниқлик киритишга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Кемирганга тоғ ҳам чидамайди, дейди доно халқимиз. Аму ва Сирдарёлар сувлари собиқ совет иттифоқининг 250 миллионлик 15 та қардош ва яна неча юз миллионли 14 та социалистик ҳамдўстлик давлатлари лагеридаги текстиль саноати корхоналарига пахта етказиб беришга, уларнинг аҳолисини иш билан таъминлашга, совет иттифоқнинг валюта тушумларини кўпайтиришга, қолаверса, собиқ империянинг мудофааси мақсадида пахта линтидан ишлаб чиқариладиган портловчи моддалар тайёрлашга кетарди.

Шу ерда бир воқеа ёдимга тушади. Мустақилликнинг дастлабки йиллари эди... Вазирлар Маҳкамаси биносининг олтинчи қаватида Ўзбекистонда биринчи бор ишбилармон ва тадбиркорлар халқаро учрашуви бўлиб ўтмоқда. Дунёнинг кўплаб давлатларидан ишбилармон, тадбиркорлар келишган. Тадбирни турли давлатларнинг ахборот агентликлари, радио, телевидение журналистлари ёритмоқда. Шунда Биринчи Президент Ислом Каримов ўз нутқида “Бюджетимизда биздан пахта сотиб олган бир қатор давлатларнинг миллий валюталари, жумладан, Польшанинг злотихлари йиғилиб қолди. Биз уларга мурожаат қилиб шу пулларингиз ҳисобига бизга керак бўлган маҳсулотларингизни сотинг десак, йўқ, маҳсулотларимиз учун бизга АҚШ долларида ҳақ тўланглар, дейишмоқда”. Бу бедодликка чидай олмаган Ислом Каримов шу катта йиғилишда ўзига хос бўлган кескин суратда польшалик тадбиркорларга қарата: “Ўзингларни пулингларни олмасанглар, мен нима уларни уйимнинг деворларига байроқ қилиб ёпиштираманми”, деган эди.

Шунда залга аввал бироз сукут чўкди, сўнгра жонланиш пайдо бўлди. Залнинг ўртароғидаги курсида Польша элчиси бўлса керак, номуси келганиданми ёнидаги барваста бир кишини ўтирган жойида туртиб, чамамда у учрашувга келган тадбиркор эди, нималардир деди. Президент унга эътибор бермай нутқида давом этди. Бироздан кейин залнинг шу еридан: – “Майли, мен у злотихларни сотиб оламан”, деган овоз эшитилди. Бу Ўзбекистон пахтасини арзон-гаровга сотиб олиб, бошқа хорижий давлатларга сотиб мўмайгина даромад қилаётган социалистик мамлакат тадбиркорлардан бирининг ўз элчисининг тазйиқи остида қилган жавоби эди.

Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам тан олишимиз керак, сувдай бебаҳо неъматдан фойдаланишда ўзимизнинг ҳам бу бебаҳо неъматга хўжасизларча ёндашишимиз, пахта ва бошқа экин майдонларини суғоришда назоратнинг сустлиги туфайли қанчадан-қанча сув исроф бўлди. Ким ҳисоблади буни? Сувдек бебаҳо неъматнинг қолгани ер, тупроқ, қумга сингиб, қуёшда буғланиб учиб кетди. Вазият ҳамон шунақа.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномаси ва фармонида сув хўжалиги секторига замонавий, инновацион ҳамда ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш, сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ахборот-коммуникация технологияларини ва илғор хорижий усулларни кенг қўллаш алоҳида таъкидлаб ўтилади.

Очиқ айтиш керак, деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигини юритиш кўп минг йиллик тажрибасига, маданиятига эга бўлгани ҳолда, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олимларимиз, инженерларимиз, илмий-тадқиқот институтларимиз, қолаверса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик саноати индустрияси ҳанузгача уларга сувни тежаб-тергаб ишлатиб, айни пайтда юқори самара берадиган янги мукаммал техника ва технологияларни яратгани йўқ. Яратса ҳам қишлоқ хўжалиги амалиётига татбиқ этилаётганини кўрмаяпмиз. Ахир мутахассисларимизнинг ҳисоб-китоби бўйича ҳозир Ўрта Осиёда мавжуд бўлган сув ресурслари ҳисобига пахта, сабзавот, боғдорчилик ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан аҳолимиз эҳтиёжини тўла қондира оладиган, боз устига уларни катта ҳажмда экспортга чиқара оладиган ҳосил етиштириш мумкинлиги таъкидланмоқда.

Мамлакатимиз ирригация тизими ҳам инновациялар даврига кўчмоқда. Олиб борилаётган тубдан ўзгаришларнинг бири бу экинларни томчилаб суғорилаётганидир. 2019-2023 йилларда пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиялари жорий этиш белгиланган. Мурожаатнома ва Фармон чоп этилганидан кўп ўтмай Президентимизнинг “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат бўйича томчилатиб суғориш технологияларини жорий этганлик учун субсидиялар берилиши кўзда тутилди. Замонавий суғориш тизимларини жорий қилишга сарфланган маблағларнинг кластерлар ва бошқа пахта хом ашёсини етиштирувчи ташкилотларга 25 фоиз қисми, фермер хўжаликларига 50 фоиз қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидия тариқасида қопланади.

photo5276443774010108953.jpg

Қарорда шунингдек, ғўза етиштиришда илғор технологиялардан фойдаланишнинг устувор йўналишлари белгиланган. Томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун ҳар бир гектар ерга 8 миллион сўм субсидия берилади. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан эса томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, таъмирлаш учун ажратиладиган кредитларнинг 10 фоизи банклар томонидан қопланади. Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашё божхона божини тўлашдан озод этилади. 2019 йил 1 ноябргача томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишдаги рағбатлантиришларни экинларнинг бошқа турларига ҳам татбиқ этиш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Википедия энциклопедиясида қайд қилинишича, ҳозир Амударё суви Орол денгизига ета олмай тугаб қолмоқда. Сувлар пахта, ғалла, маккажўхори ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга, тобора кўпайиб бораётган саноат корхоналари эҳтиёжларига, хонадонларга олинаяпти. Шу сувдан шўр ерларнинг тузлари ювилаяпти, миллион-миллион тонна ҳосил олинаяпти.

– Шуни инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалигида анъанавий суғориш тизимидан механик ирригация йўналишига ўтиш иқтисодий жиҳатдан қулай бўлиб, табиий ресурсларни тежашга ёрдам беради, – дейди “АISCO” ирригация компанияси бош директори Даниел Фернандэс. – Бундан ташқари, ушбу тизимдан кўп йиллар давомида фойдаланиш мумкин бўлади. Боз устига уни бошқариш нисбатан осон. Янги суғориш тизимларидаги барча ишлар компьютерлаштирилган. Муҳими, бугунги ишлаб чиқилган технология 50 гектарлик дала майдонларида сабзавот, пахта, боғдорчилик каби ҳар қандай қишлоқ хўжалиги экинлари учун мўлжалланган.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари олдида улардан катта меҳнат, билим талаб қиладиган пахтани чанқатмай суғориш, парваришлашнинг замонавий усулларини қўллаш масаласи турибди. Бунинг учун электр қуввати, юқори босимда сув ҳайдайдиган насослардан ташқари махсус полиэтилен қувурлари керак бўлади. Не бахтки, бу масалада ҳожатимизни чиқарадиган кўплаб газ конларимиз, уни қайта ишлайдиган газ-кимъё завод ва мажмуаларимиз мавжуд.

Мазкур корхоналаримиз давлатимиз раҳбарининг фармонлари ва ҳукуматимиз қарорлари асосида Республика қишлоқ хўжалик секторига, кимъё саноати корхоналарига бир қатор имтиёзлар яратиб бермоқда.

Ана шундай ҳужжатларнинг бирида биз қуйидаги сўзларни ўқиймиз. “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида томчилатиб суғориш тизимлари бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи корхоналар 2019-2023 йиллар давомида барча (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) солиқлардан озод қилинади;

Ушбу солиқлардан озод бўлган маблағлар корхонанинг моддий техник базасини яхшилашга йўналтирилиши алоҳида назоратга олинади”, дейилади.

Президентимизнинг 2018 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш, сув оқимлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида тўплаш тизимини жорий этиш, ер ости сувларининг мақбул сатҳларини таъминлаш ҳамда сув ресурслари билан барқарор оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Сув хўжалиги секторига замонавий, инновацион ҳамда ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш, сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ахборот-коммуникация технологияларини ва илғор хорижий усулларни кенг қўллаш шу куннинг энг долзарб масалаларидан бири деб қайд этилади.

Мазкур ҳужжатда сув хўжалигини ривожлантириш Республика жамғармаси тузилган ва Республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 18 миллиард сўм ҳажмида маблағ ажратилган. Шу чора-тадбирлар етарлими, деган савол пайдо бўлади. Йўқ, албатта, камида бир авлод умри мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни ечишга анча вақт, маблағ керак бўлади. Экин майдонлари кенгайиб, аҳоли сони тобора ортиб бораётган бир пайтда биз сув ресурсларидан қандай фойдаланаяпмиз. Жаҳон амалиётида сув камчил ҳудудларда тажрибадан муваффақиятли ўтган томчилаб, ёмғирлатиб суғориш усулларининг қўлланилиши қай аҳволда?

2019 йилга режалаштирилган 12 минг 121 гектар экин майдонининг фақат 4 минг гектаридагина янги суғориш тизимининг полиэтилен қувурлари ўрнатилган. У ҳам бўлса Самарқанд билан Сурхондарё вилоятларида. Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларида эса томчилаб суғоришга ўтиш ишлари суст. Тўғри, полиэтилен трубалари орқали босимда сув юритиш электр насослари орқали таъминланади. Бунда ҳам ишларни яхши деб бўлмайди. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида суғориш тизимларидаги насосларни бир меъёрда мунтазам электр токи билан таъминлашда тез-тез узилишлар содир бўлмоқда.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида экин маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ёмғирлатиб суғориш технологиясининг замонавий усуллари устида илмий-амалий ишлар олиб борилаяпти. Таъкидлаш жоизки, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мамлакатимизда камчил, тақчил бўлган сув ресурсларидан тежаб-тергаб унумли фойдаланиш имконини беради, мутахассисларнинг фикри бўйича суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини ҳам яхшилайди, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ҳам ортади. Тўғри, янги суғориш технологияси, айниқса, дастлабки даврда каттагина капитал-маблағ талаб қилади. Лекин на илож, бошқа имкониятимиз йўқ. Ўрта Осиёнинг ичимлик ёки суғориладиган чучук суви ўзида пайдо бўлади, ташқаридан келмайди.

Сиз мухбиримизнинг “Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари” деб номланган туркум мақолаларининг иккинчи қисми билан танишдингиз. “Орол денгизи суви қаерга кетди?” деб номланган мақоланинг 3 қисми билан эртага танишасиз. 

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА
5 529