ЎзА Ўзбек

10.07.2019 19:20 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари

Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари


Бугундан бошлаб мухбиримизнинг “Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари” деб номланган туркум мақолаларини бериб борамиз.

Мазкур туркумнинг дастлабки“Биргина Дунай дарёси Европадаги 19 мамлакатнинг хожатини чиқармоқда” деб номланган мақоланинг 1 қисмини диққатингизга ҳавола этаяпмиз.

«Қишлоқ хўжалиги бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиздир.

Яна бир муҳим вазифа – сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг қўллашдан иборат. Фермерлар кенгаши Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги, Инновацион ривожланиш вазирликлари билан ҳамкорликни кучайтириши, фермерларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиши лозим».

photo5273925140763224836.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан

2018 йил 28 декабрь.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда 2018 йил 17 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш, сув оқимлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида тўплаш тизимини жорий этиш, ер ости сувларининг мақбул сатҳларини таъминлаш ҳамда сув ресурсларидан барқарор оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор берилган.

Ўзбекистон – Хитой ва жаҳон сув хўжалиги муаммолари

БМТ маълумотига кўра, сўнгги ярим асрда Марказий Осиё аҳолисини сув билан таъминлаш 3,5 баробарга камайган. Голобал сув ташаббуси гуруҳи (Global Water Initiative)нинг таҳлил-прогнозида 2025 йилга бориб Марказий Осиё давлатлари аҳолиси жиддий сув танқислигига дуч келиши қайд этилади. Айрим башоратларга кўра, шу йилга келиб дунёдаги жаъми 52 та мамлакат аҳолиси чучук сув танқислиги муаммосига рўбарў бўлади.

photo5273925140763224837.jpg

2025 йилни қўятурайлигу вазиятни бугунги кунда ҳам яхши, деб бўлмайди. Кеч қолмаяпмизми, деган савол қийнайди. Лекин, нима ҳам қила олар эдик?! Аҳоли ортиб бораяпти, оби-ҳаёт захиралари минг-минг йиллар муқаддам қандай бўлган бўлса шундайлигича қолмоқда. Қиш, баҳор фаслида диёримизда қор, ёмғир кам бўлса бўлаяпти кўпаяётгани йўқ. Белкураклар тўла қор курашни унутиб ҳам юбораяпмиз. Хусусий корхоналар у ёқда турсин, давлат, ҳукумат маблағи иштирокида қурилаётган завод, фабрика, корпорация ва компаниялар йил сайин ортиб бормоқда. Сувни сарфлаш, ундан фойдаланиш эса кўпайиб бораётган аҳоли сони ва эҳтиёжига қараб ўсаяпти.

Республикамиз илмий-тадқиқот марказлари олимлари, ирригаторлари, мутахассислар, миробларнинг вазиятни холисона баҳолаб, масъулиятни сезган ҳолда ишлаб чиққан тавсиялари асосида Ўзбекистон Президентининг масъулият, ғамхўрлик ва ташвиш билан имзо чеккан фармонида қайд этилганидек, сувни тежайдиган илғор технологиялар, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари қўлланилишини тезлаштириш, гидротехника иншоотларини эксплуатация ва реконструкция қилиш бўйича ишларни ташкил этишга кечиктирмай киришимиз лозимлиги яққол кўриниб турибди.

Шунингдек, ҳужжатда халқаро ташкилотлар ва қўшни мамлакатларнинг сув хўжалиги органлари, биринчи навбатда, ҳудудидан Амударё ва Сирдарё оқиб ўтадиган мамлакатлар билан Орол денгизи ҳавзасида трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича самарали ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам Фармонда алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Ҳисоб-китобларни қараб чиқадиган бўлсак, бир тонна пахта хосили олиш учун 10 тонна сув сарфлаш лозим. Хўш, 4-5 миллион тонна пахта учун-чи? Мутахассис эмасман, лекин англаб турибман, жуда катта майдонлардаги экинлар, боғ ва чорбоғлар, бошқа эҳтиёжлар учун катта миқдорда чучук сув керак. Хўш, шу сувларнинг ўзи борми? Амударёда секундига ўртача 2 минг куб метр сув оқади. Унинг суви Орол денгизига ета олмай қуриб қолаётгани жаҳон энциклопедик нашрларда ҳам қайд қилинмоқда. Сув сўнгги салкам бир аср мобайнида ўзлаштирилган экин майдонларини суғоришга, Марказий Осиё халқларининг бугунги ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга тўла сарф бўлмоқда.

Илгари Сирдарё сувлари ҳам Орол денгизига қуйилар эди. Энди сув етмаганидан бутун бир денгиз қуриб бормоқда. Бир пайтлар дунёда мавжуд бўлган 4 та йирик ички денгиздан бири бўлган – Орол ҳозир икки ва ундан ортиқ "оролча"ларга, аниқроғи кўлчаларга бўлинган. Сув бўйича жаҳон мутахассисларининг ҳисоб-китобига кўра, Ўрта Осиёнинг йирик дарёларидан бири бўлган Сирдарё йўл-йўлакай 10 баробарга камайиб манзилга гоҳида бориб, гоҳида бормай қолаяпти. 1960 йили дарё секундига 400 куб метр бўлиб тўлиб-тошиб оққан бўлса, ҳозир у секундига 30 куб метрга тушиб қолган. Ишонган дарёларимизнинг аҳволи ана шундай.

Фармон ва қарорларга биноан Ўзбекистонда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича сарф-харажатлар билан шуғулланадиган республика жамғармаси тузилган. Бу мақсадда Давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 18 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Президентимизнинг мурожаати ва фармонидан келиб чиқадиган хулоса битта, у ҳам бўлса, ортиқча сув захираси йўқ. Шунинг учун Марказий Осиё халқларининг сувга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш лозим. Хосилдорликка зиён етмаган холда илғор технологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги суғориш нормаларини қайта кўриб чиқиш керак. Яхшиям-ки, газ конларимиз каби бебаҳо бойлигимиз етарли. Томчилатиб, ёмғирлатиб суғоришда жуда қўл келадиган полиэтилен қувурларини ишлаб чиқариш имкониятига эгамиз. Бу эса пахта, ғалла, мева-сабзавот экиларни суғоришда сув ресурсларидан тежаб, самарали фойдаланиш имконини беради.

Норма бўйича маиший эҳтиёж учун бир киши бир кунда 3 куб метр – уч минг литр сув сарфлаши белгиланган. Демак, бир кишининг уйдаги бир кундаги эҳтиёжи 200 литр совуқ ва 100 литр иссиқ сувни ташкил қилади. Сувни “счётчик” – ҳисоблагичсиз тақсимлагандаги норма ана шундай. Марказий Осиёда истиқомат қилаётган бир кишига атиги 1,7 куб метр – 1 минг 700 литр сув тўғри келади. Бу шу бугунги маиший нормага қараганда қарийб икки баробарга кам демакдир. Биз энди ҳар бир томчи сувни авайлаб сарфлашимиз лозим.

Маиший нормаларга қайтамиз. Душ қабул қилаётган пайтда биз 100 литр сув ишлатамиз, тиш тозалаётган вақтда 1 литр сув кетади. Ваннага сув тўлдирганимизда 150 литр, таҳорат-покланиш хонасига ҳар кирганда 8-10 литр, кир ювиш машинасидан бир марта фойдаланганда 100 литр сув сарфлаймиз. Оддий водопроводнинг битта жўмрагидан минутига 15 литр сув тушади. Мабодо жўмрак очиқ қолса, унда соатига минг литрга яқин сув оқиб кетади. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бир ярим соатга очиқ қолган жўмрак бир инсоннинг бир суткалик насибасини ўзи билан олиб кетаяпти. Энди, ҳовлига сув сепиш, экинга, дарахтларга сув қуйишчи, ўзбеклар боғбон ва чорвадор халқ, мол-ҳолини суғоришчи. Ҳозир қарийб ҳар хонадонда бир-иккита машина бор, уларни ювиш учун кетадиган сув. Мен минг-миллион гектар пахта, шоли, суғориладиган ерлардаги буғдой, арпа, макка ҳақида гапираётганим йўқ. Қўйингки, улар ҳам инсоннинг биринчи эҳтиёжларини қондириш мақсадида етиштирилади.

Сувнинг сарфланиши турмуш шароитимизнинг кўтарилиши, саноатимизнинг тараққиёти, маданиятимизнинг равнақ топиши билан янада ортиб боради.

Бугун биз юқори ижтимоий-сиёсий тараққиёт, маданият оламида, янги замонавий қадриятлар даврида яшаяпмиз. Халқаро ҳуқуқ талабларисиз, ўзаро битим, келишув, халқаро шартномаларсиз яшаб бўлмайди. Сабаби, чегара ҳудудида қўшни давлат аҳолисига хавф туғдирадиган объектлар қурилиши, атроф-муҳитга зарар келтирадиган ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш, айниқса, чегара кесиб бир неча давлатлар ҳудудидан ўтадиган дарёлар муаммолари музокараю мадора йўли билан амалга оширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Масалаю муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳуқуқ қоидалари, ўзаро келишув шартларига қатъий риоя қилиш керак.

Аму ва Сирдарёлар Марказий Осиёнинг икки республикаси: Тожикистон билан Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларидан бошланиб ўз ерларидан ташқари яна учта республика: Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон давлатларининг экин майдонларини суғоради. Дунёда бундай дарёлардан шартномалар асосида келишилган ҳолда фойдаланиш тажрибалари қарор топган.

Қисқа экскурс. Ер юзидаги энг узун Нил дарёси шимолий-шарқий Африка бўйлаб оқиб ўтади ва Ўрта Ер денгизига келиб қуйилади. Дарё ресурсларидан оқилона фойдаланиш устида "Нил ҳавзаси" ташкилоти иш олиб бормоқда.

Миссисипи Американинг энг катта дарёси. У АҚШнинг Миннесота штатидан бошланади ва 4 минг километрга оқиб бориб Мексика кўрфазига келиб қуйилади.

Европадаги Дунай дунёдаги энг "кўп миллатли" дарё, деб ном чиқарган. У Ғарбий Германиядан бошланиб Австрия, Венгрия, Хорватия, Сербия, Руминия ва Украина каби 19 мамлакат худудини кесиб ўтади. Шу давлатларга бирдек хизмат қилади. Барча давлатлар дарёнинг тозалиги учун масъул ҳисобланади.

Меконг дарёси Хитойдан бошланиб Бирма, Лаос, Таиланд, Камбоджа ва Вьетнам худуди орқали ўтиб шу давлатлар аҳолисига ҳаёт бағишлайди.

Сайёрамизнинг қарийб барча нуқталарида дарёларни қўриқлаш, сувидан шартномага мувофиқ тасдиқланган ҳажмда олиш, бир марта ишлатилиб, тозаланмаган ифлос (таркибида минерал ўғитлар бўлган, ҳашарот-зараркунандаларга қарши далага сепиладиган яд-химикатлари, тузлари бўлган) сувларни тозалаб дарёга қайта тушириш каби ишлар билан шуғулланувчи махсус халқаро ташкилотлар фаолият кўрсатиб турибди. Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё дарёларида ҳам сув сифатини давлатлараро назорат ва ҳимоя қилиш ташкилоти бўлгани маъқул. Бу шундоқ ҳам миқдори чегараланган сувдан фойдаланиш самарасини оширган бўлар эди.

Шундай мамлакатлар борки, Марказий Осиёдагига ўхшаб сувсиз қақраб ётган ерлари йўқ, кўчма қумларию дашту саҳролари учрамайди, боз устига ўрмонлари, йирик-йирик дарёлари, хосилдор ерлари мўл. Милтиқ олиб ўрмонга кирсанг каклик, қуён, кийикка дуч келасан. Сават кўтариб ўрмонига чиқсанг, шундоққина пишиб ётган малина, қўзиқорин, дала қулупнойи каби меваларни териб оласан. У қирғоғидан бу қироғига сузиб ўтиб бўлмайдиган дарёларида биллурдек тиниқ сув оқади. Балиқларини айтмайсизми? Сом, лаққа, сазан, қизил балиқлари-чи?

Шундай давлатлар ҳам борки, заминини пармаласанг қаъридан нефть, газ шаклида “долларлар” деяверинг, отилиб чиқади. Бундай диёрларни бир жаннатга ўхшатсанг, бошқа бир пайтда, негадир, бу меҳнатни яхши кўрмайдиган, ишёқмас, ёлқовлар макони, деган ҳаёлга ҳам борасан киши. Ахир ҳеч нарса қилиш керак эмас. Егулик, ичгулик, гўшт, сут-қаймоқ мўл. Табиатнинг ўзи ёмғир, ўт-ўлан бўлиб камчиликларни тўлдириб туради. Фақат нон учун ерга уруғлик ташласанг бас.

Сиз мухбиримизнинг “Ўзбекистон – Хитой ва жаҳонда сув танқислиги муаммолари” деб номланган туркум мақолаларининг биринчи қисми билан танишдингиз. “Бу ўспиринга жаннатдан жой беринг!” деб номланган мақоланинг 2-қисми билан эртага танишасиз.


Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА
6 446