Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 14:49 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Хитой тадқиқот институтлари ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ўзбекистон-Хитой тадқиқот институтлари ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Пойтахтимиздаги "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида "Бир макон, бир йўл: Ўзбекистон ва Хитой тадқиқот институтлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида мулоқот" мавзуcида халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда.

«Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Хитой халқ дипломатияси ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, дипломатик корпус вакиллари, икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Симпозиумнинг очилишида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Акмал Бурҳонов, Хитой халқ дипломатияси ассоциацияси бош котиби Чжао Сиюань ва бошқалар "Бир макон, бир йўл" лойиҳасининг амалий аҳамияти, хусусан, унинг Марказий Осиё учун долзарблиги ҳақида фикр билдирди.

5.JPG

Марказий Осиёда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юқори технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишда ушбу ташаббус муҳим ўрин тутади. Мазкур ҳамкорликнинг янги йўналиши унга жалб этилган давлатларнинг иқтисодий тараққиёти, турли цивилизациялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарор ривожланишга кўмаклашишни кўзда тутади.

Тадбирда халқларимиз манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган тенг шериклик муносабатларини янада такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинмоқда. Бунда Ўзбекистон – Хитой тадқиқот институтлари ва ОАВлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юқори технологиялар соҳаларидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимиз ҳамкорлик доирасида Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда.

4.JPG

Тадбир доирасида халқлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ўртасидаги мулоқотни фаол жорий этиш, турли цивилизациялар ўртасидаги якдил тараққиётни таъминлашга қаратилган маърузалар тингланди. Бу "Бир макон, бир йўл" ташаббусида Ўзбекистоннинг нафақат иқтисодий-сиёсий, балки маданий-гуманитар, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик нуқтаи назардан иштирок этишига яққол мисол.

У.Шоназаров, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА