ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов вафот этди

Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов вафот этди

2020 йилнинг 26 март куни Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Охунжон Ҳакимов 86 ёшида оламдан ўтди. Адибнинг оила-аъзоларига, яқинларига таъзия билдирамиз. Марҳумни Аллоҳ раҳматига олсин!

Охунжон Ҳакимовнинг биринчи шеърий китоби “Илҳом водийси” 1961 йилда нашр этилиб, китобхонлар ва адабий жамоатчилик ўртасида шов-шувларга сабаб бўлган. Машҳур адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қахрамони Озод Шарафиддинов ўша йилдаёқ шоирнинг ушбу китоби ҳақида фикр юритар экан – “Адабиётимизга янги нафас билан истеъдодли шоир кириб келди”, – деб ёзган эди.

Унинг “Достонлар” (1970), “Қўлларим кўксимда” (1976), “Тафаккур боқий” (1982), “Ватан қасидаси” (1984), “Ўшал кун келур” (1990), “Кўзларингни ўзи қаро” (1992), “Қизлар хаёл сурсалар” (1995), “Муҳаббатни кўзлардан изланг” (1996), “Малаклар сурати” (2004), “Дунё, дунё…” (2005), “Олам ғалат, одам ғалат” (2009), “Кўксингизда яшасам дейман” (2010), “Дардингизга малҳам бор” (2010), “Уйингизга совчи боради” (2013), “Бир диёр бор” (2013) шеърий тўпламлари нашр этилган.

Охунжон Ҳакимов қўшиқнавис шоир сифатида ҳам ҳурмат эҳтиромга сазовор бўлди. Унинг юзлаб шеър ва ғазаллари қўшиқларга айланди. Республикадаги энг таниқли ҳофизлар, ёш ижрочилар унинг шеър ва ғазалларига басталанган қўшиқларини ижро этиб шуҳрат топдилар. Унинг бир туркум шеърлари инглиз тилига ўгирилиб машҳур хонандалар ижросида дунёнинг кўпгина мамлакат халқига тортиқ қилинди.

Истиқлол йилларида унинг ўндан зиёд шеърий ва насрий китоблари нашр этилди. Замонавий мавзуларда ўнга яқин пьесалари дунёга келди. “Шарқ” нашриётида адибнинг бир неча сайланмалар ва уч томлик танланган асарлари нашр этилди. Булар адибнинг “Кўксингизда яшасам дейман”, “Бир диёр бор”, “Ғалати дунё” китобларидир.

Охунжон Ҳакимов драматургия жанрида ҳам томошабинлар учун манзур саҳна асарлари яратди. Бу асарлар орасида “Бу чоллар ёмон чоллар”, “Тикон супурги”, “Бақироқ туянинг тушлари”, “Хайдар хўроз” сингари саҳна асарлари кўп сонли томошабинлар ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Унинг қаламига мансуб айрим комедиялар баъзи хорижий мамлакатлар театрлари томонидан хам мувофаққиятли саҳналаштирилди.

Охунжон Ҳакимов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими қошидаги “Олтин қалам” тўгарагида ҳам бир неча йиллар давомида бошловчи шоир ва ёзувчилар билан изчил машғулотлар ўтказиб, янги истеъдодларни кашф этишга муносиб ҳисса қўшди.

Охунжон Ҳакимовнинг адабиётга қўшган ҳиссаси муносиб қадрланиб, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва 2006 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонлари билан мукофотланган.

3 860
ЎзА