Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган ноёб жониворлар Қорақалпоғистонда кўпайтирилиши мумкин
Лойиҳамиз мақсади Оролбўйи ҳудудида туёқлиларнинг ноёб турларини сақлаш ва қайта тиклаш бўйича питомниклар яратишдир.
Қорақалпоғистонлик олимлар Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ёввойи туёқли ҳайвонлар (қулон, жайрон, Пржевальский оти, сайғоқ)ни Оролнинг қуриган майдонида ҳосил бўлган ўрмонзорларда ярим эркин шароитда кўпайтириш ва кейинчалик уларни ёввойи табиатга қайтариб юбориш бўйича лойиҳа таклифларини илгари сурмоқда.
– Лойиҳамиз мақсади Оролбўйи ҳудудида туёқлиларнинг ноёб турларини сақлаш ва қайта тиклаш бўйича питомниклар яратишдир. Унда бошқа ҳудудларда реинтродукция қилиш орқали туёқлиларнинг ноёб турларини тиклашни таклиф қиляпмиз. Унинг учун туёқлиларни ярим эркин шароитда сақлаш ва кўпайтириш технологиясини ишлаб чиқамиз. Шу орқали уларнинг захира сони яратилади, – дейди лойиҳа ташаббускорларидан бири, Қорақалпоқ давлат университети “Экология ва тупроқшунослик“ кафедраси доценти, биология фанлари бўйича фалсафа доктори Арзигул Кидирбаева. – Питомникларда кўпайтирилган туёқлиларни бошқа қўриқхоналарга юбориш мумкин ёки уларни бошқа харидорларга сотиб даромад қилиш ҳам мумкин.
Биз ҳозирда учта ёввойи ҳайвон турини кўпайтиришга мўлжалланган волъер мажмуаси лойиҳасини яратганмиз. Бу ҳайвонларни бошқа қўриқхоналардан олиб келамиз. Албатта, уларни дарҳол табиатга юбориш мумкин эмас, дастлаб шундай питомникларда ҳудудга мослаштирилади.
Биз айнан Оролнинг қуриган тубида ҳосил бўлган ўрмонзорни танлаганимиздан сабаб, бу ерда табиий ўт-ем базаси мўл, табиий сув ҳавзаси – Жалтирбас кўли бор. Ақбеткей массиви айни пайтда қўриқхонага айлантирилмоқда, бу ҳам уларни қўриқлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ҳозирда биз Оролбўйи халқаро инновация маркази билан бирга шу ҳудуддан 5 минг гектар майдонни олишни режалаштирганмиз. Майдонни ўраб, туёқлилар учун озуқа экинларини экамиз.
Бу каби тажрибалар дунё тажрибасида кўп маротаба синалган. Масалан, Беларусь давлати бундан 500 йил аввал йўқ бўлиб кетган тарпан ёввойи отлари бош сонини қайтадан кўпайтиришга муваффақ бўлди. Қозоғистонда Олтин Емел паркида Пржевальский отлари кўпайтирилган ва ҳоказо.
– Биз Устюрт саҳроларида бош сони камайиб кетган сайғоқларни ҳам шу усул билан кўпайтиришни лойиҳамизга киритганмиз, – дейди А.Кидирбаева – Сайғоқларнинг Ўзбекистон томонида камайиб кетишига сабаб, бу Қозоғистон билан чегарада тиканли симларнинг тортилишидир. Мамонтлар давридан улар Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги кенг саҳроларда кўчиб юрган ва бу уларга инстинкт бўлиб қолган. Энди улар ушбу чегара симларидан ўта олмай изга қайтиб кетмоқда. Шу ҳол давом этаверса, уларда табиий инстинкт ҳам йўқолиб кетиши мумкин. Шу сабабли, сайғоқларни ҳам ярим эркин шароитда кўпайтиришни илгари сурмоқдамиз.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда кам учрайдиган ҳайвонларнинг тузоқ камераларга тушиб қолганлиги ҳақида маълумот бергандик. Айни пайтда Оролнинг қуриган тубида ҳосил бўлган ўрмонзорларда ҳар хил ёввойи туёқли ҳайвонларнинг кўпайиши ортидан ноқонуний овчилар сони ҳам кўпайиб бормоқда.