Ўзбекистон – Қирғизистон алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон тарихи давлат музейида Қирғизистон Республикасининг “Сулаймон-Тоо” тарихий-археологик музейи стенди очилди.
Ўзбекистон тарихи давлат музейида Қирғизистон Республикасининг “Сулаймон-Тоо” тарихий-археологик музейи стенди очилди.
Унда Қирғизистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ибрагим Жунусов, музей ходимлари, ўқувчилар иштирок этди.
Қирғизистон элчиси икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ҳамкорликка интилиш мақсадининг муштараклиги туфайли барча соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкамланганини эътироф этди. Мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, банк-молия, фан-техника, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Қирғизистоннинг энг йирик музейларидан бири – Ўшнинг этагида жойлашган “Сулаймон-Тоо” бу шаҳарнинг сайёҳлик маркази ва машҳур зиёратгоҳидир.
Қирғизистоннинг Ўш шаҳри Буюк ипак йўлидаги марказий шаҳарлардан саналади. Ўшда 3 минг йилик тарихга эга Сулаймон тоғи бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Сулаймон тоғ ҳақидаги хотираларини ўзининг “Бобурнома” асарида ёзиб қолдирган.
– Ўзбек ва қирғиз халқи тарихи, маданияти жуда ўхшаш, дини бир, – деди “Сулаймон-Тоо” тарихий-археологик музейи директори Султонбек Абдураҳмонов. – Биз дастлаб водий вилоятларида ушбу стенд билан қатнашдик. Юртдошларингиз музей фаолияти, Сулаймон тоғи ҳақида маълумотга эга эканлиги бизни қувонтирди. Ўзбекистон тарихи давлат музейи билан икки томонлама шартнома имзолаб, бу ерда ҳам Сулаймон тоғ макетини, музейимиз стендини жойлаштирдик. Ўзбекистон тарихи давлат музейига ташриф буюрувчиларни бизнинг экнспонатлар ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.