ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон инвесторлар учун қулайми?

Ўзбекистон инвесторлар учун қулайми?


Жорий йилнинг 5-6 март кунлари Ўзбекистонда биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур тадбир доирасида хорижий ва миллий компаниялар раҳбарлари, инвесторлар, экспортёрлар, журналистлар иштирок этади.

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров билан суҳбати форум мақсади, аҳамияти, тайёргарлик жараёнининг бориши ҳақида бўлди.

– Форумда Давлат солиқ қўмитаси сармоядорлар учун қандай таклифлар билдиради?

– Албатта, ҳар бир тадбиркор учун энг муҳим масалалардан бири солиқ қонунчилиги ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, биз мамлакатимиздаги адолатли солиқ маъмуриятчилигини таклиф қиламиз.

Бу бевосита янги Солиқ кодекси нормалари билан боғлиқ. 2020 йилдан солиқ қонунчилигида ҳам бир қатор янгиликлар амалиётга жорий этилди. Масалан, солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш бўйича енгиллаштирилган механизмлар киритилди. Фойда солиғини ҳисоблашда янги технологик ускуналар харид қилиш, янги объектларни қуриш ва модернизация қилиш харажатлари бўйича чегирмалар кенгайтирилди.

Яна бир мисол, тадбиркор томонидан тўланган ортиқча солиқ ўз муддатида қайтарилмаса, унга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича бюджетдан фоиз тўланадиган бўлди.

Бундан ташқари, биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилмоқда. Ҳозиргача бу тартиб фақат маҳсулот экспорт қилинганда қўлланилар эди.

Буларнинг аҳамиятини ҳар бир бизнесмен жуда яхши тушунади.

– Хорижлик инвестор солиқдаги қайси қулайликлар учун Ўзбекистонни танлаши керак?

– Ўзбекистонда солиқ солишда ягона қонуний ҳужжат – Солиқ кодекси амал қилади. Мазкур кодексда солиқ қонунчилиги принциплари белгиланган бўлиб, унга кўра, солиқ тизимимиз аниқлик, адолатлилик, ягоналик, ошкоралик, солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик ва албатта, солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси амал қилиши тамойилларига асосланади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик принципи илгари бўлмаган, бу тамойил янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан амалга киритилди. Оддий қилиб айтганда, солиқ идоралари фақат назорат қилувчи орган эмас, балки солиқ тўловчига яқиндан ёрдам берувчи идора сифатида хизмат кўрсатади.

Бу борада Президентимиз қарорларига мувофиқ, солиқ органларининг ҳар бир поғонасида “Солиқ солиш бўйича маслаҳат” тузилмалари ташкил этилиб, улар айнан юқорида айтиб ўтилган вазифаларни амалга ошириш билан шуғулланади.

Яна шуни айтиб ўтишимиз керакки, солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишда IT технологияларини татбиқ этиш ҳисобига солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўламини оширишга, тадбиркорларга енгилликлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун, солиқ тўловчилар билан инсон омилисиз мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида 45 электрон давлат хизмати кўрсатилади. Айни пайтда ҳудудлараро тармоқ тезлигини ошириш, солиқ тўловчилар учун қулай бўлган хизматларни мобиль версияга ўтказиш, замонавий бизнес-таҳлил – Business Intellegence тизимидан фойдаланишни йўлга қўйиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

– Ўзбекистонда алоҳида тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари ва преференциялар бор эди. Бу инвесторларга ҳам қўлланилганми?

– Инвестор у хорижий ёки маҳаллий бўлсин, тегишлилиги бўйича амалдаги барча солиқ имтиёзлари ва преференциялардан фойдаланиши мумкин. Агар барча учун бир хил солиқ солиш тизими амал қилса, солиқ юки юқори бўлмаса, инвестор учун алоҳида имтиёзга талаб бўлмайди.

Алоҳида тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари берилиши инвестиция жалб қилинишига ҳар доим ҳам ижобий таъсир кўрсатавермайди. Охирги уч йилда барча соҳалардаги каби солиқ тизими, умуман, солиқ маъмуриятчилигида ҳам жуда катта ўзгаришлар бўлди. Президентимиз фармонлари билан тасдиқланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси асосида босқичма-босқич ислоҳотлар олиб борилди ва бу давом этмоқда.

Маълумки, 2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ тизимида янги босқич бошланди. Яъни, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. Бу концепцияда асосий йўналишлар, яъни солиқ юки даражасини камайтириш, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, янада қулай инвестиция муҳитини яратиш, солиқлар ва тўловларни оптималлаштириш каби вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу йўналишлардан келиб чиқиб, дастлаб такрорланувчи хусусиятларга эга бўлган айрим мажбурий тўловлар ёки ажратмалар бекор қилиниши ва солиқ ставкалари пасайтирилиши орқали солиқ юки кескин камайтирилди. Масалан, мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизга, айланма солиғи 5 фоиздан 4 фоизга, ижтимоий солиқ 15 фоиздан 12 фоизга, даромад солиғи 22,5 фоиздан 12 фоизга туширилди, товар айланмасидан 3,2 фоиз миқдорида олинадиган мажбурий ажратмалар бекор қилинди.

Шу билан бирга, барча учун бир бўлган, адолатли шароит яратиш учун иқтисодиётнинг айрим тармоқларига берилган ёки индивидуал характерга эга бўлган кўплаб имтиёзлар бекор қилинди. ҚҚС солиқ тўловчилар доираси кенгайтирилган ҳолда солиқ ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.

– Тадбиркор учун имконият яратилаяпти, лекин сармоядор фойда қилиши керак. У шуни кўзлайди. Бошқа давлатларга нисбатан Ўзбекистонда тадбиркорлар учун қандай қулайликлар бор?

– Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш – 2020” (Doing Business – 2020) йиллик рейтингида Ўзбекистон 2019 йил якунлари бўйича 100 балдан 69,9 балл тўплаб, 190 мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади. Ўтган йилги рейтингга нисбатан мамлакат 76-ўриндан 7 ўринга кўтарилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон 2019 йилда бизнес муҳитини яхшилашда энг юқори ривожланишга эришган давлатларнинг 20 талигига киритилди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу борада энг яхши 50 мамлакат қаторига кириш бўйича барча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар қабул қилинганлиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Буюк Британиянинг "The Economist" журнали бўйича Ўзбекистон Республикаси энг яхши ислоҳотчи давлатлар рўйхатига киритилди. Шунингдек, Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз бешинчи давлат, деб топилган ва бориш тавсия этиладиган мамлакатлар рўйхатига киритилди.

Инвесторлар учун республикадаги имкониятларга тўхталадиган бўлсак, биринчидан, мамлакатимиз сиёсий барқарор, иккинчидан, табиий ресурсларга бой давлатмиз, учинчидан, олиб борилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари ҳам тадбиркорликни амалга ошириш учун қўшимча имконият, тўртинчидан, йирик корхоналарда давлат улушини камайтириш орқали уларни потенциал инвесторларга бериш жараёнлари қулай омиллардан бири ҳисобланади.

Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, инвесторлар учун уларнинг даромадларини репатриация қилиши, яъни солиқлар тўлагандан сўнг, инвестор ўз фойдасини бемалол дивиденд сифатида олиб, эркин тасарруф қилиши (олиб чиқиб кетиши) мумкинлиги қонун билан белгилаб қўйилди.

– Маълумотларга кўра, солиқ тизими соддалаштирилди. Шундан сўнг қанча хорижлик инвестор қизиқиш билдирди?

– Мамлакатимизда бизнес ташкил қилиш учун қизиқиш билдираётган хорижлик инвестор жуда кўп. Буни хорижий инвестициялар иштирокида корхоналар сонидан ҳам кўрсак бўлади.

Масалан, 2017 йил бошида хорижий сармоядорлар иштирокидаги корхоналар 5 ярим мингта бўлган, 2019 йил якуни билан бу кўрсаткич 10 мингдан ошиб кетди (10382 та). Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ўсиш суръатлари бўйича бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.

2019 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Шубҳасиз, сўнгги йилларда мамлакат инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, бюрократик тўсиқларни бекор қилиш, валютани эркинлаштириш борасидаги амалий ишлар инвестицияларни, айниқса, хорижий инвестициялар жалб қилишни кескин оширишда муҳим ўрин эгаллади.

– Сармоядор ишончли, хавфсиз, имтиёзли жойга пул тикишни истайди бу оддий қоида...

– Ишонч билан айтаманки, мамлакатимиз инвесторлар учун сиёсий барқарор ҳисобланади. Бундан ташқари, республикамиздаги қонун устуворлиги, жумладан, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунининг амал қилиши инвесторларнинг манфаатига хизмат қилади. Яна қувонарлиси, солиқ тизими бўйича Марказий Осиё давлатлари ўртасида республикамиз энг рақобатбардош ҳисобланади.

Инвесторларимиз учун имтиёзлар етарли даражада тақдим этилмоқда. Хусусан, инвесторлар учун ресурс солиқларидан озод қилиш тарзидаги имтиёзлар амал қилади. Яъни, хорижий сармоялар ҳисобига ташкил этилган корхоналарда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмига қараб ресурс солиқлари бўйича имтиёзлар берилади.

Мисол учун, инвестиция ҳажми 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача – 3 йил муддатга, 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ 10 миллион АҚШ долларигача – 5 йил муддатга, 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 7 йил муддатга солиқ имтиёзлари берилади ва улардан ер, мол-мулк, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар олинмайди.

– Солиқ тизими инвесторлар, тадбиркорлар учун “тозами”?

– Бу борада кўп иш олиб борилмоқда. Қачон коррупция бўлмайди? Қачонки давлат органларининг фаолияти шаффоф, адолатли бўлса.

Ҳозирда солиқ тизимида инсон омилини чеклаш мақсадида 46 электрон давлат хизмати, шу жумладан, 20 интерактив ва 26 ахборот хизматлари электрон солиқ хизматлари my.soliq.uz порталига жойлаштирилган. Бундан ташқари, 28 турдаги очиқ маълумотлардан ҳам фойдаланиш имконияти яратилган.

Янги порталда солиқларни мустақил равишда ҳисоблаб чиқариш, ҳисобот ва солиқ декларацияларини юбориш, расмий тушунтиришлар ва 14 хил турдаги маълумотнома олиш мумкин. Шунингдек, солиқларни онлайн режимида тўлаш, корхонага юборилган огоҳлантириш хабарномалари тўғрисида тезкор хабардор бўлиш каби ўндан ортиқ янги имкониятлар яратилган.

Замонавий смартфон ва планшетлар учун фойдаланишга мўлжалланган “Солиқ” мобиль иловаси ёрдамида Давлат солиқ қўмитасининг 15 турдаги интерактив хизмат турларидан тез, осон ва қулай шаклда фойдаланиш мумкин.


Барно МЕЛИҚУЛОВА
суҳбатлашди


2 317
ЎзА