ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Ҳиндистон: фармацевтика соҳасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон-Ҳиндистон: фармацевтика соҳасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

Жорий йилнинг 28-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Ҳиндистонда ишчи ташриф билан бўлиб, мамлакатнинг етакчи фармацевтика компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, музокаралар ва давра суҳбатлари ўтказди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев бошчилигидаги делегация Ҳиндистонда бир қатор етакчи компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Хусусан, Ҳиндистоннинг AvantikaMedex Pvt.Ltd ва Realcade Lifescience Pvt.Ltd ҳамда, биологик фаол қўшимчаларига асосланган дори-дармонларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган Zoetic Pvt.Ltd компаниялари раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда томонлар фармацевтика соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилишди. Мезбон томон вакиллари ҳам Ўзбекистонда қўшма лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдиришди. Ушбу компаниялар раҳбарияти Ўзбекистон Республикасида мавжуд қулай инвестиция муҳити тўғрисида батафсил маълумот олганидан сўнг, инвестиция соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиришди.Учрашув якунида Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш линиясини ташкил этиш бўйича Меморандум имзоланди.

Ташрифнинг кейинги куни Гужарат фармацевтика ишлаб чиқарувчилари давлат ассоциацияси раиси доктор Виранчи Шох бошчилигидаги уюшма аъзолари билан давра суҳбати уюштирилди. Делегациямиз мезбон томон билан Ҳиндистон ва Ўзбекистон фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Aгентлик вакиллари Ўзбекистон Республикаси фармацевтика саноатининг инвестицион салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказишди. Ҳиндистонлик мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Учрашув якунида фармацевтика соҳасида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди ва Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш линиясини ташкил этиш бўйича Меморандум имзоланди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ахборот хизмати

2 254
ЎзА