ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистонга қайтариш тизими такомиллаштирилади

Ўзбекистон фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистонга қайтариш тизими такомиллаштирилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Унга кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 3 ёшдан катта ёшдаги болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш Ички ишлар вазирлиги томонидан, 3 ёшга тўлмаган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамкорлигида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтаришда бошқа давлатлар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилади.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари, таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, ФҲДЁ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистонга қайтаришни амалга оширишда иштирок этувчилар деб ҳисобланади.

Қарор лойиҳасида билан барча вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалари бўйича ваколатли органларининг сўровномаларини ўрганиб чиқиб, тегишли маълумотларни ўз вақтида тақдим этилиши таъминланиши акс этган.

2 438
ЎзА