ЎзА Ўзбек

15.05.2019 21:54 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди

Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди

“MEDEF International” Франция тадбиркорлари ҳаракати раиси Кристоф Фонтен бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 15 май куни Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан “MEDEF International” Франция тадбиркорлари ҳаракати томонидан, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг савдо, инвестиция, банк-молия, туризм, қурилиш, кимё саноати, энергетика, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, “MEDEF International” Франция тадбиркорлари ҳаракати раиси Кристоф Фонтен ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ҳамкорлик 1992 йилдан буён ривожланиб келаётганини мамнуният билан қайд этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи якуни бўйича эришилган келишув ва имзоланган битимлар ушбу шериклик муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини бергани таъкидланди.

photo5395719607140067907.jpg

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки, “MEDEF International” Франция тадбиркорлари ҳаракати ҳамкорлигида бизнес-форум ҳам ташкил этилганди. Форум якуни бўйича Европанинг илғор тажрибаси, билими ва технологиялари асосида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган, хусусан, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати қарийб 600 миллион евро бўлган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланганди.

– Бугунги ташрифимиз мамлакатларимиз бизнес доира вакиллари иштирокида Францияда ўтган амалий мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилди, – дейди К.Фонтен. – Мазкур бизнес-форумда Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш жараёнида Франциянинг бевосита иштирокини таъминлаш, шунингдек, франциялик ишлаб чиқарувчиларнинг мамлакатингиз ички бозорига инвестиция киритиши билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашдик.

Форум доирасида меҳмонларга Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилаётган имконият ва қулайликлар, мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида сўзлаб берилди. Франция ишбилармонлари мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган Халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф этилди.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги, хусусан, автомобиль саноати, мева-сабзавот ва полиз экинлари, қаттиқ ва маиший чиқиндиларни қайта ишлаш каби йўналишлардаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда Франция фуқаролари учун 90 кунгача визасиз тартиб жорий этилгани сайёҳлик соҳасидаги муносабатларда янги уфқлар очмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида мамлакатимизга келган франциялик сайёҳлар оқими 40 фоизга ортгани ҳам фикримизга мисол бўлади.

– Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим савдо шерикларидан, – дейди мамлакатимизнинг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев. – 2018 йилнинг октябрь ойидан буён ҳамкорликда 20 та тадбир ўтказилди, франциялик ҳамкорларнинг Жиззах ва Наманган вилоятларига, шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимлиги вакилларининг Париж шаҳрига ташрифлари амалга оширилди. Бу ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Анжуманда Инвестициялар ва ташқи савдо, Энергетика вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан мамлакатимизнинг инвестицион салоҳияти, ҳамкорлик йўналишлари, кўзда тутилаётган истиқболли лойиҳаларга доир тақдимотлари намойиш этилди. Франциянинг "ADEO", "Airbus", "Alstom", "Lazard Freres", "Bouygues", "BPI France", "Catering International Services", "EGIS", "IDEMIA" каби 20 дан зиёд компаниялари вакиллари томонидан таклиф этилаётган бизнес режалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатларимизда қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, енгил саноат каби истиқболли соҳалар бўйича ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш учун юқори салоҳият мавжуд. Фармацевтика, кимё саноати, шунингдек, иқтисодиётнинг турли секторларига инновацион дастурий ишланмаларни жорий этиш, инфратузилмани ривожлантиришдаги шериклик ҳамкорликдаги истиқболли йўналишлар ҳисобланади.

Куннинг иккинчи ярмида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “G2B” ва “B2B” шаклидаги музокаралар ташкил этилди. Унинг доирасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА
5 216