Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 17:57 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг II конференцияси

Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг II конференцияси Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг II конференцияси бўлиб ўтди. Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари масъуллари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда ер ўзининг ҳақиқий эгасини топиб, фермерлик ҳаракати юртимиз тараққиётида ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётгани, далада ишлайдиган ҳар бир одамда ўз меҳнатидан манфаатдорлик ҳиссиёти кучайиб, келажакка ишончи янада мустаҳкамланиб бораётгани, наинки қишлоқ хўжалиги, балки бутун ҳаётимизни тубдан ўзгартирмоқда.

Бошқа соҳалар сингари аграр тармоқнинг ҳам бугунги шиддатли замон билан ҳамнафаслигини таъминлаш, деҳқону миришкорларимиз, фермерларимиз томонидан етиштирилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллашига эришишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган пахта ва бошоқли дон экиладиган майдонларни қисқартириш, бўшаган ерларга картошка, сабзавот, озуқа ва ёғ олинадиган экинларни экиш, шунингдек, янги интенсив боғ ва узумзорларни жойлаштириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотиш, агрокимё, молиявий ва бошқа замонавий бозор хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини янада кенгайтириш каби вазифалар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилмоқда. Шу билан бирга, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик каби йўналишлар ҳам жадал ривожланмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида дунёнинг энг илғор технологиялари асосида сифатли ва харидоргир озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони тобора ортмоқда.

15.JPG

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 июндаги «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўзбек деҳқони ўз даласида етиштирган маҳсулотини ички ва ташқи бозорларда эмин-эркин сотиши учун ҳуқуқий асос яратди. Қарор билан 2017 йил 1 июлдан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига ҳўл мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари тўловини олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

«Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади» тамойилидан келиб чиқиб, аҳолининг томорқа хўжаликларидан фойдаланишини рағбатлантиришга қаратилган эътибор ердан янада унумли фойдаланишда янги имкониятлар яратмоқда. Шу мақсадда мамлакатимиздаги тижорат банклари томонидан аҳолига имтиёзли кредитлар, бизнес-режалар тақдим этилаётгани, замонавий агротехнологияларни пухта ўзлаштирган, ер билан тиллашиб яшайдиган, турли зараркунанда ва касалликларнинг олдини олишда маҳорат кўрсатаётган уста деҳқон ва фермерлар, агроном ва мутахассисларнинг одамлар билан мулоқот қилаётгани аҳоли томорқаларини том маънодаги хазиналар конига айлантиришга хизмат қилмоқда.

Анжуманда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш, илғор технологиялар ва илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланилган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳажмларини ошириш, қишлоқда деҳқончилик ва ердан фойдаланиш маданиятини юксалтириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Фермерлари кенгашини Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қайта ташкил этилган кенгаш нафақат фермерлар, балки деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини ифода этувчи ташкилотга айланди.

– Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилиши юртимиздаги қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганларга, у хоҳ фермер, хоҳ деҳқон, хоҳ соҳа мутахассиси бўлсин, бирдек имконият яратиш, улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Тошкент вилояти Паркент тумани «Бахт» фермер хўжалиги раҳбари, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Мавлонхўжа Ҳожиев. – Эндиликда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳам фермерлар сингари минерал ўғитлар, ёқилғи таъминоти, ўз маҳсулотларини экспортга чиқариш ва бошқа масалаларда кенгашнинг кўмагидан фойдаланиши мумкин.

Конференцияда Баҳодир Юсупов Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси этиб сайланди. Янги ташкил этилган Кенгашнинг раҳбар органлари шакллантирилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов иштирок этди.

Беҳзод Бозоров, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
4 393






Все о погоде - Pogoda.uz