Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 20:23 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – дунёдаги нуфузли ва жадал ривожланиб бораётган мамлакат

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари Малайзияда замонавий давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, туризм каби соҳалар бўйича малака оширмоқда.

Академия ва “Истеъдод” жамғармаси томонидан ташкил этилган ўқув машғулотларида Малайзия миллий университети профессорлари Ўзбекистон ва Малайзия давлатлари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий омиллари ҳақида маърузалар ўқишди. ЎзА мухбири улардан айримларининг Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

photo5426852820046424559.jpgҲамзаҳ ЖУСОҲ, Малайзия миллий университети қошидаги ижтимоий тараққиёт ва экологик тадқиқотлар мактаби профессори:

– Ўзбекистон дунёдаги нуфузли ва жадал ривожланиб бораётган мамлакатлардан бири. Айниқса, мени давлатларимиз ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани қувонтирмоқда. Негаки, Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги имкониятлари жуда катта. Табиати, тарихий-меъморий обидалари, дунё таниган ва тан олган олиму уламолари, қадимий қадамжолари, умуман, ҳар қандай киши томоша қилиб ҳузурланадиган масканлари кўп. Бу муқаддас юртдан Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Ибн Сино сингари қомусий олимлар етишиб чиққан.

Ўзбекистон билан келгусидаги ҳамкорлигимизда асосий эътиборни туризмни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш усулларини амалиётга жорий этишга қаратамиз. Чунки Малайзияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам сайёҳликни ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Бу соҳани барқарор ривожлантириш мамлакатларимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда Малайзияда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзига хос ёндашув бугун туризмни мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутувчи ва энг кўп даромад келтирувчи тармоққа айлантирди. Айниқса, сайёҳларнинг эътиборини экотуризм, тиббиёт туризми, зиёрат туризми, архитектура туризми каби йўналишлар тортмоқда.

Биз туристик алоқаларни янада ривожлантириш тарафдоримиз. Бунда янги лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилиши, ўйлайманки, ҳар икки мамлакат учун фойдалидир.

photo5427307253356145016.jpgЗарина ОТМАН, Малайзия миллий университети сиёсий ва хавфсиз тадқиқотлар маркази профессори:

– Мен ўзбекистонлик тингловчиларга Малайзиянинг иқтисодий, ижтимоий ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш борасида маърузалар ўқиётганимдан ғоятда фахрланаман.

Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари, унинг бетакрор табиати, тарихий обидалари ҳақида тингловчилардан эшитдим. Юртингизда соҳанинг янги йўналишларини ривожлантиришга эътибор кучли. Шундай бўлса-да, ушбу соҳада янгича ёндашув талаб қилинади. Туризм ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларидан фойдаланиш, йиллар давомида синовдан ўтган усулларни амалиётга татбиқ этиш мазкур соҳани изчиллик билан ривожлантиришга имкон яратади.

Машғулотларда кўпроқ Малайзия тажрибаси ҳақида тингловчиларга маълумот бераяпмиз. Бу эса келгусида Ўзбекистоннинг сайёҳлик борасидаги имкониятларидан тўлақонли фойдаланишга кўмаклашади. Ўз навбатида Ўзбекистондан ҳам ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Ушбу соҳадаги ҳамкорлигимиз юқори самара беришига ишонаман.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 760