ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон делегацияси Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг навбатдаги йиғилишда иштирок этди

Ўзбекистон делегацияси Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг навбатдаги йиғилишда иштирок этди

Австралиянинг Брисбен шаҳрида Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг 78-ялпи йиғилиши ўз ишини бошлади.

Дунёнинг 30 дан зиёд давлатларидан вакиллар ташриф буюрган мазкур нуфузли анжуманда “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Искандар Искандаров, “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти директори, Пахтани қайта ишлаш ва тадқиқ қилиш бўйича Осиё тармоғи раҳбари Тоҳир Кулиев иштирок этмоқда.

“Глобал етакчилик: пахта чегараларини кенгайтириш” мавзусида ташкил этилган бу галги мулоқот қатнашчилари Австралия фермерлари, пахта тозалаш заводлари мутасаддилари, юк жўнатувчилари, соҳанинг таниқли маркетологлари, таҳлилчилар, тўқимачилик тармоғи ишлаб чиқарувчилари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб берувчилари, инвестицион банклар мутахассислари билан учрашадилар.

Шунингдек, тадбир доирасида иштирокчилар энг илғор ғоялар ва инновациялар юзасидан фикр алмашиб, пахтачилик соҳасини жадал ривожлантиришнинг самарали усулларини ислоҳ қилиш масалаларини муҳокама қиладилар.

photo5417888308471638966.jpg

Ўзбекистон делегацияси аъзолари йиғилишнинг биринчи кунида қатор икки томонлама музокаралар ўтказдилар.

Муҳокамалар давомида асосий эътибор жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлган мамлакатимиз пахтасининг харид қийматини янада ошириш, салоҳиятли харидорлар ва ишончли ҳамкорларга ҳар томонлама сифатли пишиқ-пухта толамиз бўйича тўлиқ маълумот бериш, давлат-хусусий шерикчилик тизими орқали инвестиция жалб қилишга қаратилди.

Халқаро маслаҳат қўмитаси тадбирлари 6 декабргача давом этади.

“Ўзпахтасаноат” АЖ матбуот хизмати

760
ЎзА