ЎзА Ўзбек

04.04.2018 12:41 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон делегацияси Хитойга ташриф буюрди

Ўзбекистон делегацияси Хитойга ташриф буюрди
Шу кунларда “Тараққиёт стратегияси” маркази ва «Huawei» компаниясининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича офиси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги вакилларининг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи бўлиб ўтмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ташкил этиш бўйича “Ақлли шаҳар”, “Ақлли маҳалла”, “Ақлли тиббиёт” ҳамда “Ақлли ҳокимият” тизимларини жорий этиш назарда тутилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор инновацион технологиялардан унумли фойдаланиш каби вазифалар белгиланган.

photo_2018-04-03_10-33-38.jpg

Шу муносабат билан Ўзбекистон делегацияси Шанхай ва Шеньчжэнь шаҳарларида бўлиб, у ерда муваффақиятли жорий этилган инновацион технологиялар билан танишди. Ташриф доирасида хавфсизлик, шаҳарсозлик ва ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича амалий учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Шеньчжэнь шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси асосида йўлга қўйилган полиция кўмондонлик марказларининг иш фаолиятини яқиндан ўрганди. Бундан ташқари, «Huawei» компанияси лабораторияларида ҳам бўлиб, “Ақлли шаҳар” концепцияси асосида шаҳарсозлик ва ободонлаштириш, уй-жой хўжалиги соҳаларида татбиқ этилган инновацион ечимлар ва технологиялар билан танишди.

photo_2018-04-03_10-53-02.jpg

Ташриф якунига кўра, Шеньчжэнь шаҳрида «Huawei» компаниясининг юқори мартабали раҳбарияти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамкорлик меморандуми имзоланади.

Эслатиб ўтамиз, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва «Huawei» компанияси ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида 2018 йилда турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида шу каби қатор амалий ташрифлар уюштирилади. 

ЎзА
9 287