Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.08.2018 17:48 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон делегацияси Исроилда ҳамкорликка оид қатор келишувларни имзолади

Ўзбекистон делегацияси Исроилда ҳамкорликка оид қатор келишувларни имзолади
Мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат делегация шу кунларда Исроил давлатида бўлиб турибди. Бу ҳақда "Тараққиёт стратегияси" маркази маълум қилди.

Хабарда айтилишича, ташрифдан кўзланган асосий мақсад – соғлиқни сақлаш тизимидаги энг сўнгги ўзгаришлар, бошқарувнинг самарали усуллари, замонавий тиббиёт ускуналари ва технологиялари билан танишиш, хорижий муассаса ва мутахассислар билан яқин алоқаларни ўрнатиш.

Делегация аъзолари Тель-Авив, Қуддус ва Холон шаҳарларида бўлиб, қатор учрашув ва музокараларда иштирок этмоқда.

Ташриф доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази директори А.Бурхонов Холон технологиялар институти вакиллари билан учрашди. Мулоқот чоғида марказ раҳбари Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча йўналишларини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ҳақида сўзлаб берди.

Учрашув давомида "Тараққиёт стратегияси" маркази фаолияти, унинг вазифа ва мақсадлари тақдимоти ўтказилди.

Музокаралар якунларига кўра, "Тараққиёт стратегияси" маркази билан Холон технологиялар институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат ҳамкорликда юқори технологиялар ва замонавий инновацияларни Ўзбекистонда жорий қилиш, биргаликда илмий тадқиқотлар ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади.

Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси аъзолари Исроилда соғлиқни сақлаш тизими, вазирлик, тез тиббий ёрдам, миллий тиббий суғурта тизими, давлат тиббиёт маркази, хусусий шифохоналар, болалар ва аёллар учун ихтисослашган бўлимлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Юрак-қон томирлари ва онкологик касалликларга ихтисослашган ҳамда халқаро стандартлар асосида юқори сифатли хизматлар кўрсатувчи тиббиёт муассасаларининг иш тажрибасини ўрганишди.

Вакилларимиз Холон шаҳридаги “Вольфсон” шифохонаси қошида ташкил этилган “Save Childs Heart” лойиҳаси иштирокчилари билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Ўтказилган музокаралар натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Исроилнинг “Sheba” давлат тиббиёт маркази, “Schneider” болалар тиббиёт маркази, “Magen David Adon” тез тиббий хизмати ҳамда “LR group” компаниялари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари, шунингдек, икки давлат вазирликларининг телемедицина йўналишидаги келишув ҳужжатлари имзоланди.

ЎзА
3 775